Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида 8 ёшли ўқувчи қизни ўғирламоқчи бўлган ва қочиб кетган нотаниш шахс Миллий гвардия ходимлари томонидан қўлга олинди.

Фото: Тошкент вилояти ИИБ матбуот хизмати

Миллий гвардия матбуот хизматнинг маълум қилишича, 29 январь куни соат 12:10 ларда, Янгийўл шаҳар 10-сонли умумий ўрта таълим мактаби 1-синф ўқувчиси А.С.ни мактабдан чиққан вақтида номаълум шахс қўлидан ушлаб, «Юр, сени онанг кутиб турибди, мен олдига олиб бораман», деб алдаб, Янгийўл шаҳар вокзали томонга олиб кетган. Вокзал кўчасида жойлашган кабобхона ишчиси фуқаро А.А. ёш қизчанинг йиғлаб қаршилик кўрсатишига қарамасдан, қўлидан етаклаб кетаётган эркак кишига эътибор қаратиб, улар томон югуриб борган. Буни кўрган номаълум шахс қизчани қолдириб, қочиб кетган.

Фото: Тошкент вилояти ИИБ матбуот хизмати

Фуқаро А.А. қизалоқни соғ-саломат таълим олаётган мактабига етказиб, синф раҳбарига топширган.

Тезкор чора-тадбирлар натижасида 4 февраль куни соат 10:00 ларда Миллий гвардия қўриқлаш хизмати ходимлари қидирувдаги шахсни Оққўрғон тумани марказий тиббиёт бирлашмасига қарашли оилавий поликлиника ҳудудида қўлга олиб, Қуйи Чирчиқ тумани ИИБга топширган.

Олиб борилган суриштирув ишлари мобайнида ушбу шахс Тошкент вилояти, Оққўрғон туманида яшовчи, муқаддам Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми, 164-моддаси (босқинчилик) 2-қисми билан судланган, 1983 йилда туғилган фуқаро Х.Т. эканлиги маълум бўлган. Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ишлари давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 3 февраль куни 8 ёшли қизни бегона эркак олиб кетмоқчи бўлгани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабар асосида шаҳар ИИБ ва прокуратура тергов ҳаракатлари бошлаганди. Шу куни Янгийўл шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 137-моддаси 2-қисми «а» банди (одам ўғирлаш) билан жиноят иши қўзғатилганди.