Маҳаллаларда «Аёллар маслаҳат кенгаши» фаолияти йўлга қўйилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 30 январь куни жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилган тегишли қарори лойиҳасида қайд этилди.
Унда айтилишича, кенгашнинг асосий мақсади — ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этишга кўмаклашиш, оилаларни мустаҳкамлаш ва фарзанд тарбиясидаги ролини ҳамда ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган маслаҳатлар бериш, одобли қиз, иффатли келин ва маърифатли аёл ғояларини кенг тарғиб этиш.
Кенгаш, шунингдек, қуйидаги вазифаларни амалга оширади:
- хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтожлик даражасини манзилли ўрганиш орқали муамммоларни мутасаддиларга тақдим этиш;
- хотин-қизларга ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий, педагогик, психологик ва тиббий маслаҳатлар бериш орқали уларнинг оилаларни мустаҳкамлаш ва фарзанд тарбиясидаги ролини ошириш;
- қизларни умуминсоний ва миллий қадриятлар, одоб-ахлоқ қоидалари асосида тарбиялаш, кийиниш маданиятига риоя қилиш масалаларини кенг тарғиб қилиш;
- хотин-қизларни манзилли (ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий, педагогик, психологик ва тиббий билимларини ошириш бўйича) ўқувларга жалб этиш;
- хотин-қизларнинг билим олиш ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг шахсий ва касбий ўсиши, ижодий ва интеллектуал қобилиятларини намоён қилишига кўмаклашиш;
- хотин-қизларнинг касб-ҳунарга ўқиш хоҳишини ҳисобга олган ҳолда меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича билим ва кўникмалар эгаллашига ҳамда ишга жойлашишига, тадбиркорликни йўлга қўйиши ва ривожлантириши учун кредит олишига кўмаклашиш орқали ижтимоий фаоллигини ошириш;
- хотин-қизларга миллий урф-одат, анъана ва маросимларни ташкил этиш ҳамда ўтказишда йўл-йўриқ кўрсатиш.
Ушбу қарор лойиҳаси муҳокамаси 14 февралгача давом этади.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 29 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири аёлларнинг давлат ва жамоат бошқарувидаги ролини янада ошириш эканини айтиб ўтганди. «Мамлакатда яшовчи 17 миллиондан зиёд аёллар — қизларимиз, оналаримиз ва бувиларимиз учун муносиб турмуш шароитларини яратиш учун қўлимиздан келган барча ишни амалга оширишимиз лозим», — деган эди Президент.
Давлат раҳбари «ҳаётни ва аёллар муаммоларини яхши биладиган, фаол ва ташаббускор аёллардан иборат» Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгашини ташкил этишни ва унга Сенат раиси Танзила Норбоевага раҳбарлик қилишни таклиф қилганди.
Мурожаатномада, шунингдек, аёлларнинг бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда жойларда аниқланган хотин-қизлар муаммоларини ҳал қилиш учун бюджетдан қўшимча равишда 1 триллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилиши айтилган.
Изоҳ (0)