Финляндия ҳукумати коронавируснинг янги штаммлари тарқалишининг олдини олиш мақсадида саёҳатчилар учун мамлакат ҳудудига кириш тартибини кучайтирди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар қилди.

Фото: EPA

Ўрнатилган чеклов 27 январдан кучга кирди ва бу Европа Иттифоқи ҳамда Шенген ҳудудида яшовчи туристларга тааллуқли. Мазкур чоралар мақсадсиз ташриф буюрганларга нисбатан қўлланган.

Янги чекловлар мамлакатга иш излаб келганларга ҳам амал қилади. Фаолияти ижтимоий аҳамиятга эга бўлган касб эгалари мамлакатга хизмат сафари билан келиши мумкин. Бунинг учун иш берувчи Финляндияга кириш учун ходимининг вазифаси қайси жиҳатлари билан муҳим ва кечиктириб бўлмаслигига асосли сабаблар кўрсатиши лозим.

Финляндия Ташқи ишлар вазирлиги пресс-релизида бундай чекловлар туристлар орқали тарқалаётган вируснинг янги штаммларини тўхтатиш учун жорий қилинганлиги баён этилган.

Аввал Австрия аҳолисига 25 январдан дўкон ва жамоат транспортида одатий мато ниқоб ўрнига юқори ҳимояланган FFP2 респираторини тақиш мажбурияти юклатилгани, Европа комиссияси зарур бўлмаган сафарларни қатъий тавсия этмаган ҳолда ЕИ мамлакатлари ва Европа давлатлари бўйлаб сафарлар бўйича тавсия этилган санитария чораларини кучайтиргани ҳақида хабарлар берилганди.