«Дарё» анъанавий жаҳон матбуоти шарҳи рукнида ҳафта давомида халқаро ОАВда муҳокама қилинган энг муҳим воқеалар шарҳини тақдим этади.

Жозеф Байденнинг Марказий Осиё ва Кавказдаги сиёсати қандай бўлади? 

Трамп даврида АҚШ ўз қобиғига ўралиб олиш, олдинги маъмурият имзолаган халқаро шартномалардан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажармаслик каби ғалати, АҚШ учун бегона бўлган сиёсат олиб борди. Байденнинг маъмурияти янги ва ўз соҳасидан яхшигина хабардор бўлган мутахассисларни тўплаб, бой берилган имкониятларни ўз назорати остига олишда қай даражада муваффақиятли сиёсат юритади, деб ёзади «Eurasianet.org» нашри.

Фото: Google Photos

20 январь санасида Жо Байден қасамёд қабул қилди ва президентлик ваколатини бажаришга киришди. Жо Байден эса сайлов натижалари эълон қилинган кундан бошлаб собиқ Совет Иттифоқи мамлакатларидаги вазиятдан яхши хабардор бўлган сиёсатчиларни ўз маъмуриятига жалб қилди. Улар орасида 2013 йилда Украинадаги Россияга қарши норозилик намойишларини қўллаган Виктория Нуланд, Россия ва Марказий Осиё бўйича Миллий хавфсизлик кенгаши директори Андреа Кендал Тэйлор, МРБ директори Уильям Бернс, Европа масалалари бўйича Миллий хавфсизлик кенгаши директори Аманда Слоат каби мутахассисларни кўриш мумкин. Байденнинг ўзи эса АҚШнинг Совет Иттифоқи борасидаги ташқи сиёсатида 1970 йиллардан бери анча бой тажриба тўплаган. Президент Барак Обаманинг маъмуриятида ишлаган Жо Байден Марказий Осиё ва Кавказдаги кўплаб сиёсатчилар билан шахсан таниш ҳам.

Байден Грузиянинг азалий тарафдори саналади. 2008 йилда Грузиянинг жанубий осетинлар ва Россия билан тўқнашувида сенатор Байден Грузияга миллиард долларлик ёрдам пакетини ажратишни таклиф қилган ташаббускорлардан бири сифатида ҳам ёдда қолган. Ноябрдаги сайловлар натижаси эълон қилинганда грузиялик сиёсатчилар жаноб Байденнинг 2009 йилда Грузия парламентида чиқиши ва грузиялик шоир Илья Чавчавадзенинг шеъридан парча ўқишини хотирлашди.

Трампнинг 4 йиллик президентлиги даврида дунё ҳам ўзгарди ва мунтаззам ўзгаришда давом этмоқда. Байден Собиқ Иттифоқ маконига бирор сезиларли ўзгариш олиб келиши ноаниқ. Лекин Байден ўз атрофига тўплаган мулозимлар Россияга нисбатан салбий муносабатда.  Байденнинг янги ҳукумати эса Марказий Осиё ва Кавказда фаол бўлишга уриниб кўриши мумкин.

Трамп преиздентлиги даврида расмий Вашингтон ташқи сиёсатда асосан Эрон, Хитой, Шимолий Корея ва Исроилга ўз диққатини қаратдию, дунёнинг бошқа минтақаларидаги вазиятга кўз юмди. 2019 йилда Грузия ва Россия, 2020 йилда Озарбайжон ва Арманистон воқеаларида ҳам АҚШ сукут сақлади. АҚШнинг юқори мартабали шахсларидан бири Жон Болтоннинг 2018 йилда Кавказга ташрифини ҳисобга олмаса, АҚШнинг минтақага қизиқиши сўнса сўндики, ортмади.

Тоғли Қорабоғдаги ихтилоф авжга чиққанда эса АҚШнинг ўзида ҳам сайлов пойгаси қизғин паллага кирганди. Трамп Тоғли Қорабоғдаги масалага деярли тўхталмади ҳам, аммо Байден низони қаттиқ танқид қилди. Москванинг аралашуви билан эса қуролли низо ечим топди. Бу эса расмий Кремлнинг минтақада ким етакчи эканини яна бир бор эслатиб қўйиши учун асос бўлди. Бироқ Озарбайжон ҳам, Арманистон ҳам Кавказда Россиядан кўра АҚШнинг кўпроқ бўлиш тарафдори бўлсада, Озарбайжон Оқ уйга демократларнинг келишидан хавотир ҳам олади. Чунки аксар ҳолатларда америкалик демократлар кўпроқ америкалик арман лоббистлари билан муроса йўлини танлашга мойил.

Марказий осиёликлар учун яна бир ўзгариш бўлиши кутилаётган сиёсий воқеа бу Байден маъмуриятининг Эрон билан 2015 йилда келишилган битим шартларига қайтиши бўлиши мумкин. Трампнинг Эронга нисбатан кескин ташқи сиёсати минтақада, хусусан, Арманистон ва Озарбайжоннинг ҳам Эрон урушига тортилиши хавфи бўлиб келди.

Расмий Вашингтонда сиёсатчилар қайси партияга мансублигидан қатъи назар Хитойни ўзларига хавф деб биладилар. Россия борасида эса америкалик сиёсатчиларнинг фикри ҳам салбий. Улар назарида Россия ҳам халқаро муносабатларда бутун дунё, қолаверса, АҚШнинг ўзига ҳам салбий таъсир қилмоқда. Шундай экан, Байден Хитой ва Россияга қарши қандай сиёсат юритишини, шубҳасиз, олдиндан айтиш мумкин бўлсада, Марказий Осиёдаги масалаларда сезиларли ўзгариш бўлмаслиги ҳақиқатга яқинроқ.

Хитой исканжасига тушган Африка

Қашшоқ Африка қитъаси мамлакатлари тобора Хитойнинг қарздорларига айланиб бормоқда. Танзания президенти Жон Магуфули ҳаттоки Хитойнинг кредитлаш сиёсатини «йиртқичлик» деб номлаган ҳолда АҚШнинг янги президенти Африкадаги вазиятда бош бўлишига умид билдирди, деб ёзади The Project Syndicate нашри.

Фото: Google Photos

Пандемия ҳукм сураётган вазиятда Африка қитъасидаги аксар мамлакатлар катта бир муаммо гирдобида қолиб кетди. Апрель ойида Эфиопиянинг Нобель мукофотига лойиқ топилган президенти Абий Аҳмад «минтақа қарзларни қайтариш ва молиявий заҳираларни аҳолининг жонини сақлашга йўналтириш борасидаги қийин танлов остида қолганидан» шикоят қилади. Агарда мамлакат молиявий маблағларни аҳолини саломатлиги учун йўналтирадиган бўлса, Хитойдек кредитор олдида жавоб бериш масаласи кўтарилиши асосий сиёсий масалага айланиши мумкинлиги ҳақида гапиради. Танлов эса жуда мураккаб.

Пандемия билан курашаётган Эфиопия учун қарздорликни тўлаш борасида мухлат берилиши ўта муҳим. Бундай муҳлат берилган тақдирда Африканинг энг қашшоқ мамлакатларидан бири бўлган Эфиопия ҳукуматига 1,7 миллиард доллар маблағни тежаб қолиш имконини берган бўларди. Эфиопия раҳбарининг маълум қилишича, Эфиопиянинг пандемияга қарши самарали курашиши учун 3 миллиард доллар маблағ талаб этилади.

Қарздорликни тўлаш борасидаги муҳлат Ангола учун ҳозирча иш бераётган бўлсада, қўшни Чад, Конго, Мавритания, Судан каби мамлакатларда ҳам пандемия боис хом ашё нархларига бўлган талабнинг кескин тушиб кетиши ортидан Анголадаги каби жиддий муаммоларга сабаб бўлди. Отган йилнинг сентябрь ойида Ангола ҳукумати Хитойнинг CDB (қарздорлик 14,5 миллиард доллар) ва EximBank ( қарздорлик 5 миллиард доллар) билан қарздорлик юкини 6,2 миллиардга тушириш борасида уч йил мухлат берилишига келишиб олди.

Замбия эса октябрь ойида 42,5 миллионлик қарз фоизларини қайтариш борасида дефолтга тушиб қолишига озгина қолди. Мамлакатнинг ташқи қарзи эса айни пайтда 12 миллиард долларга баҳоланар экан, бу рақам мамлакат ялпи ички маҳсулотининг деярли ярмини ташкил қилади. Хитойлик кредиторлар Замбия ҳукуматига қарзнинг фоизларини ва асосий суммасини қайтариш борасида олти ойга музлатиб қўйиш билан имконият тақдим қилди. EximBank эса Замбиянинг 110 миллион долларлик қарзларини тўлашни тўхтатиб қўйишга рухсат берди. ЭхимБанкнинг бу ташаббуси катта йигирматалик давлатлари тарафидан маъқулланди ва дунёнинг энг қашшоқ мамлакатларига қарзни қайтариш борасида вақтинчалик нафас ростлаб олиш имконини берди. Айни пайтда Африкадаги 31 мамлакат қарзни қайтаришни тўхтатиб туриш учун мурожаат йўллаган. Бу мамлакатлар қарзларининг 70 фоизидан кўпроғи тақрибан 8 миллиард долларни ташкил қилиб, буларнинг барчаси Хитой берган қарзлар ҳисобланади. 2008 йилдаги молиявий инқироздан сўнг Хитой ривожланаётган мамлакатлар учун кредитлаш лойиҳасини ташкил қилади. Натижада қарз олаётган мамлакатларнинг қарз юки 2005 йилда  ялпи ички маҳсулотнинг 1 фоизини ташкил қилган бўлса, 2017 йилга келиб бу сумма ялпи ички маҳсулотнинг 15 фоизини ташкил қилди.

Натижада Африкадаги бир қатор мамлакатлар ўта жиддий инқироз ёқасига келиб қолди. Сабаби хитойлик банкирларнинг ажратаётган қарзлари бошқа халқаро банкларнинг кредитларига таққослаганда ўта оғир шартларда тақдим қилинади. Хитой кредитлари фоиз ставкалари юқорилиги ва муддатларнинг қисқалиги билан ажралиб туради. 2020 йилда Танзания президенти Жон Магуфули аввалги маъмурият Хитой билан имзолаган 10 миллиард долларлик кредитни бекор қилар экан, Хитой тарафи тақдим қилган кредитларни фақат «ичкиликка ружу қўйган одамгина қабул қила олади» дея баҳолаганди.

Бундан ташқари, Хитой тақдим қилаётган кредитлар махсус банклар ёки давлатга қарашли тижорат банклари тарафидан тақдим қилинса-да, бу кредитларга Хитой ҳукумати эгалик қилади. Бу банклар мустақил юридик тизим сифатида кўрилса-да, аслида мустақил кредиторлар ҳисобланмайди. Қолаверса тақдим қилинаётган кредитларнинг 60 фоизи гаровга у ёки бу нарсани қўйиш ҳисобига амалга ошади. Қарз олган тараф қарздорлик юкини юмшатиш билан мурожаат қилганда Хитой банклари гаровга қўйилган нарсани беришни талаб қила бошлайди.

Шунингдек, юридик мақоми ноаниқ бўлган Хитой банклари аксар ҳолатларда ажратилаётган кредирларни икки томонлама тартибда кўришни ва кредит шартларини махфий сақлашни ҳам талаб қилади. Замбия ҳукумати ва Хитойнинг CDB банк ўртасида тузилган кредит шартномаси ҳам айнан шундай тартибда тузилгани эътиборга молик. Албатта, бошқа суверен банклар қашшоқ мамлакатларга ўз вақтида молиявий ёрдам бера олмаётганда Хитой таклиф қилаётган молиявий кредитлар оҳанрабодек тортиши ҳам ҳақиқат.

Африка қитъасидаги демографик ўсиш оқибатида Африка мамлакатларида инфратузилмаларни ривожлантириш учун ҳам молиявий маблағлар танқислиги кузатилади. Устига устак Африка мамлакатлари халқаро капитал бозори ва банкларига чиқиш имкониятидан маҳрум. Қолаверса Хитой кредиторлари Африка мамлакатлари ҳукуматларидан давлат бошқарувини ислоҳ қилиш, коррупцияга қарши курашиш деган талабларни қўймайди. Натижада минтақа мамлакатлари аждарҳо шартлари эвазига кредит линияси очишга маҳкум бўлиб қолади. Бу кредитлаш тизими эса Африка қитъаси учун ҳеч қачон фойда келтирмайди.

Пандемия даврида Африка мамлакатлари қарзни тўлаш борасида вақтинчалик мораторий олган бўлса-да, бу уларнинг қашшоқлик муаммосини ҳал қилишга қодир эмас. Аксинча мораторийнинг тугаши билан қашшоқ мамлакатларда дефолт ҳолати кузатилиши авжига чиқади. Халқаро валюта фонди ва бошқа халқаро ташкилотлар юзага келган жиддий вазиятни ҳал қилиш учун аралишига тўғри келади. Шу сабабдан қарздорлик ортидан келадиган хавфларнинг олдини олиш учун Африка мамлакатларига янги халқаро тизим керак. Янги сайланган АҚШ президенти Жозеф Байден Африка ҳукуматлари ноласига қулоқ тутадими ёки йўқми яқин келажак кўрсатади. Хитой эса ҳозирча Африкада шаффоф бўлмаган кредитлаш сиёсатини йўлга қўйиб олган ва бу сиёсат минтақа мамлакатларини жарликка итармоқда.

Жозеф Байденнинг Хитой борасидаги сиёсати қандай ўзандан кетади?

Фото: Google Photos

АҚШ учун пандемия ва Дональд Трампнинг бир муддатлик президентлик даври чинакам синов даври бўлди. Америкаликлар Франклин Рузвельт каби ҳақиқий раҳбарнинг америкаликларни чуқур инқироздан олиб чиқишга ва мамлакатдаги тушкунлик кайфиятига зарба беришга қодир бўлган раҳбарнинг келишини орзу қила бошладилар. Ниҳоят, узоқ кутилган муддат келди ва АҚШ сиёсатида кенг тажриба тўплаган, Милтон таъбири билан айтганда «дунёга ёруғлик келтирадиган», ёши кекса бўлса-да, шижоатга тўла бўлган сиёсатчи демократ АҚШ президенти бўлди. The Economist нашри Байденнинг Хитой борасидаги сиёсати қандай бўлади, деган саволга жавоб излайди.

Сўнгги тўрт йил мобайнида хитойлик амалдорлар Трампни беодоб президент, ўз худбинлиги билан иш кўрадиган давлат раҳбари сифатида номлаб келди. Хитой раҳбари жаноб Си Цзиньпин бир нутқида Хитой ва АҚШ муносабатларини рингдаги қоидасиз жангга ҳам қиёслади.

20 январь санасида янги президент ўз ваколатларини амалга оширишга киришди. Трампдан қолган тартибсизликни Байден тузатишга киришар экан, Хитой билан муносабатда ўзидан аввалги маъмуриятнинг сиёсатини унчалик ҳам ўзгартирмаслиги аён. Бироқ янги президент маъмурияти Хитой билан муносабатларни тартибга солишга уринсада, Хитой учун мураккаб бўлган сиёсатни дастаклаши аниқ. Бунинг учун эса АҚШлик амалдорлар ақллироқ, кучлироқ ва соғлом бўлган сиёсатчилар жамоаси билан Хитойга қарши туришига ва ҳар бир дипломатик жангда Хитойни мағлуб қилиб, ғалабани ўз ҳисобларига ёзиб қўйишларига тўғри келади.

Хитой тарафи эса эҳтиёткорлик билан орадаги кескинликни юмшатишга ҳаракат қилган ҳолда, АҚШ ва Хитой муносабатларининг илиқлашувидан умид ҳам қилмайди. Байден 2016 йилдаги каби ўз иқтисодиётини Хитой учун очмаслиги аниқроқ, сабаби очиқ иқтисодиёт Хитойдаги сиёсий тартибни ўзгартиришга сабаб бўлмади. Америкалик бизнес тўралар ҳозирда жаноб Байден Хитой товарларига нисбатан эълон қилган божларни бекор қилинмаслигидан ранжишлари ҳали олдинда. Хитойнинг технологик компанияларига нисбатан эълон қилинган Трампнинг сиёсатини Байден давом эттирар экан, Хитойга таъсир қилувчи пишангларга эга бўлишни истайди. Шу сабабдан Байден Хитойга нисбатан АҚШ сиёсатини қанчалик юмшатишни исташига қарамасдан, бу борада анча суст ҳаракат қилиши ҳам аниқроқ.

Байден кўп йиллар давомида Сенатда эркин савдо ҳақидаги битимларнинг тарафдори сифатида танилган бўлсада, глобаллашув жараёнига ишонқирамай қарайдиган президент ҳисобланади. Вице президентлиги даврида жаноб Байден Хитойнинг иқтисодий худбинлик сиёсатига қарши туриш учун Тинч океани мамлакатлари аро ҳамкорлик лойиҳаларини қўллаб келган бўлса, президент сифатида бундай лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ қилиш учун шошмаслиги аниқ.

Жаноб Байден АҚШни фан-техникада Хитойни ортда қолдириш учун амалий фанларга кўпроқ сармоя киритишга шароит яратиб беришга интилсада, Трампдек бир қанча ёшлар платформасига айланган TikTok’дек иловаларни ўз ҳолига ташлаб қўяди. Хитойлик талабаларни АҚШда ўқишга таклиф қилар экан, Хитой тарафи юбораётган жосуслар билан ФҚБ алоҳида шуғулланишига кўрсатмалар ҳам берилади.

Трампни Хитойдаги инсон ҳуқуқлари масаласи безовта қилмагани хитойлик амалдорлар учун ижобий давр сифатида тарихда қолди. Байден маъмурияти эса бу масалани ўта жиддий қабул қилиши ҳам тайин. Конгресс ҳам Байдендан Гонгконг ва Шинжон мухтор вилоятидаги уйғуларнинг ҳуқуқлари камситилаётгани борасида аниқ жазо санкциялари татбиқ қилинишини талаб қилиши ҳам бор гап.

Жозеф Байден, шунингдек, Хитой билан иқлим ўзгариши, коронавирусга қарши вакцина яратиш, Барак Обама даврида Эрон ҳукумати билан имзоланган ядровий келишув шартларига қайтиш борасида бир қатор сиёсий лойиҳаларни биргаликда ҳал қилишга чорловчи таклифларни билдириши ҳам мумкин.

Ниҳоят, АҚШнинг ўз иттифоқчилари билан қайта бирлашуви юз беради. Хитойга қарши рақобат қилишда, иттифоқчилар ўта муҳим. Байден Хитойга қарши туришни мақсад қилган экан, иттифоқчиларининг, шубҳасиз, Вашингтон тарафида бўлишини истайди. АҚШ ва Хитой жанги қоидаларга амал қилинган ҳолда кечадими ёки йўқ, ҳозирча аниқ бўлмасада, дунё жамоатчилигини икки ўртадаги кураш кутайтгани аниқ.

Жаҳонгир Эргашев тайёрлади.