Лондоннинг Xитроу аэропорти COVID-19 пандемияси туфайли Европадаги энг гавжум аэропортлар рейтингидаги биринчиликни қўлдан бой берди, дея ёзмоқда «РБК».

Фото: Aviasales

Xитроу 2020 йил якунлари бўйича учинчи ўринга тушиб қолди. Унинг ўрнини Истанбулдаги 2018 йилда очилган янги халқаро аэропорт, иккинчи ўринни эса Париждаги Руасси—Шарль-де-Голль аэропорти эгаллади.

Рейтингнинг Xитроудан кейинги тўртинчи поғонасидан Амстердамдаги Схипхол аэропорти, бешинчи поғонасидан Москванинг Шереметьево аэропорти жой олди.

Маълумотларга кўра, Xитроунинг йўловчи ташиш ҳажми 2020 йил мобайнида 73 фоизга камайди. 2019 йилда мазкур аэропорт хизматидан деярли 81 миллион киши фойдаланган бўлса, ўтган йилда бу кўрсаткич атиги 22,1 миллион кишини ташкил қилди.

Бунга Буюк Британияда коронавируснинг янада юқумли штамми пайдо бўлиши алоҳида салбий омил бўлиб хизмат қилди. Янги штамм Британия маъмуриятини карантин сиёсатини кучайтириб, бошқа давлатларни Лондонга парвозини чеклаш ёки бутунлай тақиқлашга ундади.

Ғарбий Европанинг аксарият аэропортлари, шу жумладан, Франкфурт ва Барселонадаги йирик аэропортларда йўловчи ташиш ҳажми 70 фоиздан кўпроққа камайган бўлса-да, Истанбулдаги иккита энг йирик аэропорт ва Москванинг Шереметьево аэропортида йўловчи оқимининг камайиши анча паст бўлди. Натижада уларнинг рейтинги яхшиланди.

Bloomberg маълумотларига кўра, янги Истанбул аэропорти илк тўлиқ календарь йилида 23,4 миллион саёҳатчини жалб қилган. Натижада ўтган йилнинг Европадаги энг гавжум аэропортига айланди. Шереметьево аэропортидан 2020 йилда 19,8 миллион киши фойдаланган (2018 йилда — 49,9 миллион).