Флоридада Чак Кук исмли 90 ёшли нафақахўр ўзининг юбилейи муносабати билан қизил Chevrolet Corvette Stingray сотиб олди. АҚШ Ҳарбий ҳаво кучларининг собиқ ҳарбий хизматчиси сўзларига кўра, унинг коллекциясида ҳозирда бир нечта Америка суперкарлари мавжуд, деб хабар беради Motor.

Фото: Facebook / Cecil Clark Chevrolet

Янги Chevrolet Corvette C8 АҚШ Ҳарбий ҳаво кучлари фахрийсининг коллекциясидан ўрин олган тўртинчи спорткарга айланди. Чак Кук ўзининг биринчи Corvette’сини 1981 йилда сотиб олган. Ўшандан буён эркак фақатгина GM концерни автомобилларидан фойдаланиб келмоқда. Унинг сўзларига кўра, эркак кундалик юмушларида Chevrolet Equinox кроссоверидан фойдаланади.

Янги Corvette’ни етказиб беришдан ташқари, дилерлик маркази вакиллари 90 ёшли харидор шарафига ҳақиқий байрам уюштириб берган. Нафақахўр учун спорт купеси билан бирга Corvette C8 сурати туширилган торт тайёрланган. Машинанинг янги эгасининг таъкидлашича, у ўзининг янги Corvette’сини синаб кўриш учун COVID-19 пандемияси тугашини интизорлик билан кутмоқда.

Фото: Facebook / Cecil Clark Chevrolet

Chevrolet Corvette C8 Stingray моделига 520 от кучига эга (537 Нм) 6,2 литрли В8 мотори ўрнатилган. Агрегат саккиз поғонали «робот» узатмалар қутиси ёрдамида бошқарилади. Ўрта моторли купе соатига 100 километр тезликка уч сонияда эришади. Максимал тезлиги — 300 км/соат.

Аввалроқ Норвегияда Генри Ҳаррфелдт исмли эркак 78 ёшга тўлиши муносабати билан 2018 йилги McLaren 720S Spider родстерини харид қилгани тўғрисида хабар берилганди.