Қудратли давлатнинг бош қўмондони бўлиш учун Жорж Уокер Буш машаққатли йўлни босиб ўтиши ва энг асосийси ўзининг ожизликларини енгиши талаб этиларди. «Дарё» нашри АҚШнинг 43-президенти Жорж Бушнинг президент этиб сайланиши ва унинг сиёсати ҳақида ҳикоя қилади.
Силлиқ кечмаган ҳаёт ёки 40 ёшда кирган ақл
Жорж Уокер Буш 1946 йилнинг 6 июль санасида Коннектикут штатининг Нью-Хевн шаҳрида дунёга келди. Дадаси катта Жорж Буш Иккинчи жаҳон урушида қатнашди. 18 ёшли катта Жорж Буш АҚШ ҳарбий денгиз кучларининг энг ёш учувчиси сифатида урушда кўрсатган жасорати сабабли уч марта жасурлиги учун нишони билан тақдирланди.Урушдан сўнг катта Жорж Бушда давлат хизматида ишлаш иштиёқи пайдо бўлди. Нефть бизнесида муваффақиятли фаолият олиб борган катта Буш 1966 йилдан давлат хизматида ишлай бошлайди. Фаолияти давомида МРБнинг директори ва ҳаттоки 1988 йилдаги сайловларда АҚШнинг президентлигига ҳам сайланади.
Кичик Буш отаси каби дастлаб Массачусетсдаги Филипс академиясида таҳсил олди. Бироқ отасидан фарқли равишда у баскетбол ишқибози ва турли базму жамшидларнинг иштиёқманди эди. Мактабни битиргач, Йель университетига ўқишга кирди. АҚШ Вьетнамда уруш олиб борарди. Кичик Буш ёзги таътил пайтида Техас штатида жойлашган миллий гвардиянинг ёзги мактабига ҳужжат топширди. Миллий гвардия мактабини тамомлагач, нефть компанияларидан бирида стажёрлик қила бошлайди.
1973 йилда Гарварднинг бизнес мактабига ўқишга кирди. Мактабни тамомлагач, бизнес соҳасида ишлай бошлайди, бироқ спиртли ичимликларга бўлган мойиллик кичик Бушга бизнесда омад келтирмайди. Вазият шундай якун топдики, кичик Буш оила бизнеси бўлган нефть компаниясини банкрот қилди.
40 ёшгача бўлган ҳаётини тасвирлар экан, кичик Буш ўз кундаликларида «тўсатдан миясига келган ўзини ўзгартириши зарурлиги ҳақидаги қатъий қарор»ни эсга олди. Бу қарор эса 1986 йилда дўстлари билан 40 ёшни нишонлаётган пайтда келганди. Буш ортга назар солар экан, нишонлашга арзигулик бирор нарсага эришмаганини кўз олдидан ўтказганди. Айнан шу кундан бошлаб кичик Буш спиртли ичимликлардан узоқроқ юришни бошлайди.
Тез орада бўлғуси президент бир гуруҳ сармоядорлар топди ва «Техас рейнжерс» бейсбол жамоасини сотиб олди. Қарз ҳавола қилган 600 минг доллар маблағини бейсбол жамоасига сарфлади ва бир неча йилдан сўнг жамоа унга 15 миллионлик даромад келтирди.
1994 ва 1998 йилларда кичик Жорж Буш қадрдон штати Техаснинг губернаторлигига сайланди. 1999 йилга келиб эса АҚШ президентлигига ўз номзодини кўрсатди. Сайловлардаги рақиби Альберт Гор эди. Сайлов натижалари қайта ҳисоблаб, суд можаролари бўлиб ўтгандан сўнг сайловда кичик Жорж Буш ғалаба қозонгани эътироф этилди.
Буш сайловларда 49/50 нисбатда кам овоз тўплаган бўлса-да, сайловчилар ҳайъати натижаларига кўра, Буш демократ Альберт Горни 271/267 ҳисобда доғда қолдирганди. 2004 йилдаги сайловларда эса Буш Жон Керрини мағлуб қилиб, иккинчи марта АҚШ президентлигига сайланди. Кичик Жорж Уокер Бушнинг 1981 йилда туғилган Женна ва Барбара исмли икки қизи бор.
Ёмон бошланган биринчи йил
Кичик Жорж Бушнинг саккиз йил мобайнида АҚШнинг президенти сифатида фаолияти тарихчилар, жамиятшунослар ва оддий америкаликлар орасида ҳам кўплаб танқидларга сабаб бўлди. 2009 йилнинг 15 январь санасида Буш хайрлашув нутқида «Мен виждоним билан иш кўрдим ва тўғри деб ҳисоблаган ишимни бажардим. Эҳтимол, сизлар мен қабул қилган кескин қарорларга қўшилмассиз, лекин умид қиламанки, сизлар мен кескин қарорлар қабул қилишимни хоҳлаганимга қўшиласиз», деганди.2001 йил 11 сентябрдаги «Ал-Қоида» террорчи гуруҳининг АҚШга ҳужуми Жорж Бушнинг бош қўмондон сифатида масъулиятли ва шу билан бирга, қийин даври сифатида тарихда қолди. Кичик Буш аниқ ва қатъий ҳаракат қилди. «Ал-Қоида» ва Афғонистондаги толибонга қарши ҳарбий амалиёт бошлади. АҚШ тарихида мисли кўрилмаган 90 фоизлик маъқуллов натижасида бутун дунёда террорчиликка қарши уруш эълон қилди.
«Ёвузлик ўқи» сифатида белгилаб олинган Эрон, Ироқ ва Шимолий Кореянинг оммавий қирғин қуролига эга бўлиш борасидаги ҳар қандай интилишларига қарши туриш учун ҳеч нимадан тап тортмаслигини айтди. У ўз чиқишларида террорчиларнинг хоҳ тиригини, хоҳ ўлигини қўлга тушириш ҳақида гапирар экан, унинг рафиқаси Лаура Буш ўз турмуш ўртоғидан кўп марта «Жорж, ибораларни сал юмшоқроқ оҳангда ишлатинг», деган маънодаги танбеҳларни ҳам эшитишига тўғри келди.
Ироқ ва Афғонистонга уруш АҚШ бюджетини қийин аҳволга солиб қўйишидан хавотир олган конгресс аъзолари президентнинг қарорига қарши турди. Лекин Буш ҳам ён бермоқчи эмасди. Буш The Washington Post мухбири Боб Вудвордга берган интервьюсида «АҚШ иттифоқчиларсиз ҳам душманларига қарши ҳаракат қилиши керак», деган жавобни айтди.
Унинг назарида, «Агар президент сиёсати қатъий бўлмаса, бу унинг жамоасини ҳам заифлаштиришини, президент иккиланадиган бўлса, бу бошқа мамлакатларда ҳам АҚШга нисбатан иккиланишни пайдо қилиши» ҳақида ҳам гапирди. Шу сабабдан Буш террорчилик ва душманларига қарши ҳаракат қилишда кескин сиёсатни танлади. Унинг бу қарори ортидан АҚШдаги ҳарбий харажатлар қиймати ортиб кетди, давлатнинг ташқи қарзи кўпайди. АҚШ эса барча мусулмон мамлакатларининг нишонига айланди. Устига-устак Бушнинг қарори америкалик тўрт минг аскарнинг ҳаётини ҳам олиб кетди.
Республикачи президент Буш
Ироққа қарши ҳарбий амалиёт борасидаги Бушнинг қарори АҚШда республикачиларнинг нуфузига ҳам салбий таъсир қилди. Буш ўзининг илк сайловини тинч ташқи сиёсатни ваъда қилиб қўлга киритган бўлса-да, иккинчи бор сайланишдаги ваъдаси – демократлар билан ҳамкорликда ишлаш ваъдасини ҳам бажармаслиги сиёсатчилар орасида «Бушнинг энг қабиҳ сотқинлиги» сифатида баҳоланди. Чунки Буш Ироқ ва Афғонистондаги уруш билан тинч ташқи сиёсат ваъдасини бажармади.11 сентябрь воқеалари АҚШдаги сиёсий манзарани кескин ўзгартириб юборганди. Ультра ўнг республикачилар, неоконсерваторлар ва уларнинг энг атоқли намоёндаси Дик Чейни АҚШ маъмуриятига катта таъсир ўтказди. Совет Иттифоқи парчаланганидан сўнг АҚШнинг олдига тушадиган куч қолмаган, деярли йўқ бўлиб кетиш арафасидаги неоконсерваторлик қайтадан жонланди. 11 сентябрь воқеаларидан сўнг неоконсерватор мудофаа вазири ўринбосари Пол Вулфовиц, мудофаа вазири маслаҳатчиси Ричард Перл Ироқда Саддам Ҳусайн режимини ағдариб ташлаш учун анчадан бери тайёрлаб келаётган режасини Бушга тақдим қилди.
Бироқ уларнинг режаси мукаммал эмаслиги оқибатида неоконсерваторлар бирин-кетин ҳокимиятдан четлаштирилди. Шундай бўлса-да, президент Бушнинг ўзи ҳам неоконсерваторларнинг таъсиридан чиқишни истамасди. Натижада, Буш танлаган сиёсат АҚШ сиёсий ҳаётидаги парчалинишни бошлаб берди. The Pеw Research таҳлиллари натижасига кўра, агар 2005 йил бошида Бушга бўлган республикачиларнинг ишончи 88 фоизни ташкил қилган бўлса, 2008 йилга бориб бу ишончи 58 фоизгача тушиб кетди. Охир оқибатда Бушнинг муросага бормаслик, ўжар сиёсати республикачилар орасида ҳам Бушдан юз ўгириш ҳолатига сабаб бўлди.
Бушнинг иқтисодий сиёсати
Гарвард университетининг бизнес бошқаруви магистрлик даражасига эга бўлишига қарамасдан, Бушнинг иқтисодий сиёсати ҳам ўзини оқламади. Президент бўлгач, у АҚШдаги солиқларни 10 йил давомида 1,3 миллиард долларга қисқартиришни таклиф қилди. Буш назарида, бу Клинтон давридаёқ бошланган иқтисодиётнинг ортга қайтишининг олдини олиши ва иқтисодиётни мувозанатда ушлаб туришига ёрдам бериши керак эди.2000 йилдаги сайловларда ҳам Бушнинг рақиблари бу ҳақда гапирган бўлса-да, уларнинг рақамлари миқдори анчайин кичик эди. Бушнинг айрим маслаҳатчилари таклифни қайта кўриб чиқишни маслаҳат берган бўлса-да, Бушнинг қайсарлиги аён эди. Бушнинг таклифи конгресс томонидан маъқулланди, бироқ бунинг натижасида АҚШ иқтисодиёти катта зарар кўрди. Сабаби, ҳукумат солиқларни камайтириш фонида, харажатларни камайтира олмади. Ироқ ва Афғонистондаги уруш эса бюджетга катта харажатларни рўбарў қилди.
Аксар иқтисодчилар назарида, Буш иқтисод борасида кўп тилга олинадиган Рональд Рейганнинг сиёсатини такрорламоқчи бўлди, деган фикрда. Рейган ўз даврида солиқ юкини камайтириш орқали талабни жиловлашга ва бозор механизмларига ижобий таъсир қилишга муваффақ бўлганди. Жорж Буш эса бозорни эркинроқ қилиш борасидаги сиёсати билан молиявий инқирозни юзага келишига имконият яратиб берди.
Хулоса
Жорж Бушнинг халқаро террорчиликка қарши очган уруши маълум бир маънода Рональд Рейганнинг Совет Иттифоқи билан қарама-қаршилигини ёдга солади. Рейган Совет Иттифоқи билан кечган қарама-қаршиликдан ғолиб сифатида чиққан бўлса, Бушнинг халқаро террорчиликка қарши очган уруши ҳамон давом этмоқда.Жаҳонгир Эргашев тайёрлади.
Изоҳ (0)