ХХ асрдаги урушларни бошлаб берган 1904–1905 йилги рус-япон уруши доирасида бўлиб ўтган муҳим воқеалардан бири, шубҳасиз, Порт-Артур қамалидир. Қамал 1904 йилнинг май ойида бошланиб, 1905 йилнинг 2 январь куни Порт-Артурнинг японлар томонидан эгалланиши билан тугайди. «Дарё» сана муносабати билан мазкур воқеа ҳақида ҳикоя қилади.
Тарихий шароит
Хитойнинг Люшункоу шаҳридаги кичкина балиқчилар порти 1884 йиллардан бошлаб немис муҳандислари томонидан реконструкция қилинди. Ушбу порт 1860 йилда инглиз кемалари қўмондони Виллиам Артур шарафига Порт-Артур номини олди ва инглиз кемаси билан божхона алоқаларини ўрнатди. Европаликлар эса узоқ вақт мобайнида шу номни қўллаб келди ва савдо имтиёзлари учун портда қароргоҳлар қурди.1894 йилда порт ва Лиао Донг яримороли японлар томонидан эгалланди. Аммо ғарб аралашуви ва босимлари остида Хитой яна уни қайтариб олишга муваффақ бўлди. Бу даврда Россия империяси Транссибир темир йўли қурилишининг авж палласида эди. Йўлнинг бир қисми Владисвостокка боришни қулайлаштириш мақсадида жанубга қаратилган эди. Бошқа томондан немислар Циндаони 99 йил муддатга фойдаланишга олган эди. Бундан ташқари, Буюк Британия ҳам 1897 йилда Ҳонг Конгни 99 йилга фойдаланишга олди.
Россия ҳам Хитойда нимадирлик бўлиб қолишдан ортда қолиб кетмаслик ва Тинч океанига чиқишни осонлаштириш мақсадида ташқи ишлар вазири Муравёв маслаҳати билан ўз позициясини кучайтиришга қарор қилди. 1897 йилда Пекинда дипломатлар музокара ўтказаркан, рус кемалари Порт-Артурга кириб келди. Россия шу йили портдан 25 йил муддатга фойдаланиш ҳуқуқини қўлга киритди. Кейин эса бутун яриморолни шундай шартларда қабул қилди.
1900 йилги Хитойдаги Ихетуан қўзғалони натижасида Россия ҳам бошқа супер кучлар каби Хитойдан компенсация олди. Мақсади Манжурия устидан протекторат ўрнатиш эди. Бу эса минтақада ўз мавқейини кучайтиришни ўйлаб юрган ва Германия томонидан қуроллантирилган Японияни безовта қила бошлади. 1894–1905 йилларда ўз ҳарбий бюджетини беш бараварга оширган Япония Манжурияни эгаллашига ишончи комил эди.
Буюк Британия 1902 йилги Япония билан тузилган дўстлик битимига содиқ қолиб, Франция Японияга ҳужум қилгудек бўлса (1892 йилги Россия-Франция дўстлик битими доирасида), Россияга қарши урушга киришга ваъда берган эди. Шу тариқа Буюк Британия ўз портларини ва Сувайш каналини русларга ёпиб қўйди. Бу эса Россиянинг асосан Европада жойлашган флотининг Японияга қарши ҳужумга етиб боришини жуда қийинлаштириб қўйди.
1902 йилги Россия-Хитой шартномаси бўйича ҳудуддаги рус аскарлари эвакуация қилиниши лозим эди. Аммо 1903 йил Николай II буни бекор қилди. Бу эса Японияни ҳаракатга ўтишга ундади. 1904 йил 8 февраль куни Япония Порт-Артурдаги рус флотига ҳужум қилди. Шу тариқа рус-япон уруши бошланди.
Қамал
Порт-Артурда дастлаб, 8–9 февралда натижасиз денгиз жанги бўлиб ўтди. Бу жангда руслар асосан мина операциясини қўллаб, япон флотига қаршилик қилди. Денгиз миналари кўплаб япон кемаларини чўктириб юборди. Орадан бир неча ой ўтиб, японлар 1904 йилнинг 7-авгсут куни шарқий томондан рус истеҳкомларига ҳужум қилди. Натижада, икки кун давом этган жанглар бўлиб ўтди. Мазкур жангларда японлар 1 200 та, руслар 450 та одам йўқотди.Мазкур қамал давомида японлар кейинчалик Иккинчи жаҳон урушида қўлланилган Камикадзе тактикасидан фойдаланди. 19 августга келиб эса японлар русларнинг шарқий фронтини бомбардимон қилишни бошлади. 21 августдан бошлаб, генерал Ноги ғарбий фронтдан ҳужумга ўтишни бошлади. Икки томондан ҳам катта йўқотишлар берилди. Японлар масофа сақлашда давом этди.
Сентябрь ойига келиб эса японлар қўшимча куч олди ва қамални давом эттиришга қарор қилди. Руслар эса бунга улгурмади. Чунки рус кемаларининг Тинч океанига етиб келишига олти ой керак бўлар эди ва бу нарса якун яқин эканини кўрсатар эди. Аммо японлар ҳамон муваффақиятга эриша олмади.
Октябрь ойидан бошлаб эса русларда озиқ-овқат захираси тугай бошлади. Японлар истеҳком қуришда давом этди. Бироқ октябрь ойида ҳам японлар истеҳкомларни эгаллай олмади.
Ноябрь ойининг охирига келиб, генрал Ногига қўшимча кучлар етиб келди ва у шарқий фронтга ҳужум қилди. Ушбу ҳужум натижасида у одамларининг 10 фоизидан ажралди. 5 декабрга келиб, 203 рақамли тепалик японлар томонидан эгалланди. Тўққиз кун давом этган жангда японларнинг йўқотиши 10 минг аскар ва офицерни ташкил қилди. Руслардан эса жами олти мингга яқин аскар ҳалок бўлди.
Эртаси куниёқ японлар тепаликдан туриб портдаги рус кемаларини нишонга ола бошлади. 5 декабрь куни Полтава кемаси, 7 декабрь куни Ретвизан, 9 декабрь куни Победа, Пресвет, Паллада круизи ва Боярин кемалари бой берилди ва чўкиб кетди. 2 январь, яъни портнинг капитуляцияси пайтида Севастопол кемаси адмирал Николас вон Эссен буйруғига кўра чўктириб юборилди. Японлар эса иккита қирувчи ва Такосаго круизларидан айрилди.
Капутуляция ва йўқотишлар
1905 йилнинг 2 январь куни генерал Анатолий Стессел ҳарбий кенгаш хоҳишига қарши ўлароқ, япон бош штабига таслим бўлиш ҳақида музокара ўтказиш истаги борлигини билдирди. Бу эса 5 январь куни япон бош штаби томонидан қабул қилинди.Япония мазкур қамал давомида 60 минг одамини йўқотди. Русларнинг 23 мингдан ортиқ аскари, жумладан, 16 минг яраланганлар ва касаллар асирга олинди ва Нагасаки баъзасига юборилди. Стессел 1906 йилда асирликдан озод бўлди ва трибуналга тортилди. Дастлаб, берилган ўлим жазоси 10 йиллик қамоққа алмаштирилди. 1909 йилда эса Николай II уни афв этди.
Сиёсий натижа
1905 йилнинг сентябрь ойида рус-япон уруши ниҳоясига етди, унда руслар мағлуб бўлди. Бу Европадаги қудратли давлатнинг ғарбий бўлмаган кучга илк енгилиши эди. Манжурияга олиб борувчи Порт-Артур энди Япония қўлига ўтди. Россия, шунингдек, Сахалин оролининг ярмини ва Манжуриянинг бир қисмини Японияга беришга мажбур бўлди. Шу пайтдан бошлаб Япония дунёнинг энг кучли давлатлари қаторидан жой олди ва Узоқ Шарқда империалистик сиёсат юрита бошлади.Жаҳонгир Остонов тайёрлади.
Изоҳ (0)