Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Тошкентда 21 декабрь куни ўтказилган гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия йиғилишида ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш масаласига тўхталиб ўтилган. Сенат раиси Танзила Норбоева бу бўйича ҳали ҳеч бир иш қилинмаганини танқид қилди, деб хабар беради «Kun.uz».

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»
Ўзининг стандартларига кўра, суицид (ўз жонига қасд қилиш) масаласи билан дунё бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти шуғулланади. Статистикасини ҳам шу ташкилот юритади. Нима учун суицид бўляпти, қандай чоралар кўриш керак, деган таҳлилларни айнан ЖССТ олиб боради.

Қарорларда давлатимиз раҳбари томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига ушбу масала бўйича топшириқ берилган. Лекин шу кунга қадар ССВ ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш бўйича ҳеч қандай иш қилгани ҳам, олиб бораётгани ҳам йўқ. Суицидолог деймизми, руҳий ҳолат билан ишлайдиган невропатолог деймизми, ким бўлса ҳам, бу бўйича ишлаши керак. Стандартлари бўлиши керак. Ҳамма ташкилотларга айтиб, қаттиқ кураш олиб бориш лозим. Лекин бизда шу кураш йўқ. Мутлақо йўқ. Суицид бўйича ишлаш йўқ бизда ҳозир. Фақат оқибати билан ишлаяпмиз.

Кимдир ўз жонига қасд қилганидан кейин ўлмай қолган бўлса, бориб унга нега унақа қилмоқчи эдингиз, нима бўляпти, деймиз? Унга қандайдир бир ёрдам берилади. Агар у ўлиб қолган бўлса-чи? Марҳумнинг ота-онасини ёки яқинларини тинчлантириш билан ишлаяпмиз, холос.

Лекин биздаги асосий иш унинг олдини олиш бўйича бўлиши, сабаблари билан ишлашимиз керак эмасми? Бундай ҳолатнинг сабабларини аниқлайдиган ким деганда ҳеч қайси бир ташкилот жавоб бера олмаяпти.

Соғлиқни сақлаш вазирлигида бу масъулият бор. Энди бу бўйича парламент эшитуви бўлади. Ишни ҳозирдан бошламасак, суицидлар яна давом этаверади. 2021 йилда ҳам, 2022 йилда ҳам гапираверамиз шунақа бўлибди, деб. Қачон нуқта қўямиз?

Бизга оммавий ахборот воситалари катта ёрдам беряпти. Журналистлар билан блогерларимиз бераётган хабарлар бизнинг кўзимизни очиши керак эмасми?! Нима учун биз ўзимиз бир тўхтамга келиб, ким нима иш қилиши керак эканлигини белгилаб олмаймиз?

Танзила Норбоева, Олий Мажлис Сенати раиси

Ўзбекистонда сўнгги вақтларда аёллар ўртасида ўз жонига қасд қилиш ҳолати кўп учрамоқда. Хусусан, 29 сентябрь куни Наманганда МИБ ходимларига норозилик сифатида 35 ёшли ўзини ёқиб юборган бўлса, 30 ноябрь куни Андижон вилояти прокуратурасига шикоят билан борган аёл олган жавобидан қониқмай, идора автотураргоҳида устига бензин қуйиб, ўзига ўт қўйган.Аввалроқ Танзила Норбоева тикувчилик цехларидаги ишчи аёлларнинг маоши камлигини танқид қилганди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар