Италиянинг Комо шаҳрида истиқомат қилувчи эркак хотини билан уришиб қолганидан сўнг сайрга чиқиб кетиб, уйидан 450 километр узоққа бориб қолди, деб хабар беради Wanted in Milan.

Фото: Pikist

Таъкидланишича, эркак кечаси соат 02:00 ларда мақсадсиз тентираб юриб, комендантлик соатини бузгани учун Фано шаҳрида қўлга олинган.

48 ёшли «қочоқ»нинг сўзларига кўра, у босиб ўтилган масофа қанчага етгани ҳақида тасаввурга ҳам эга бўлмаган, егуликларни эса йўлида учраган одамлардан сўраб кетаверган.

Ҳуқуқ-тартибот органи ходимларининг аниқлашича, бир ҳафта олдин эр-хотин ўртасида можаро юзага келган бўлиб, эркак тинчланиш учун кўчага чиқиб кетган ва йўқолиб қолган. Унинг рафиқаси эри йўқолиб қолгани тўғрисида ариза берган.

Фанода ҳорғин эркак меҳмонхонага олиб борилган, эртаси куни эса рафиқаси келиб уни олиб кетган.

Нашрнинг ёзишича, «қочоқ» меҳмонхонада яшагани ва карантин қоидаларини бузгани учун 400 евро жарима тўлаши керак. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари эркакни «италиялик Форест Гамп» деб атамоқда.