1881 йил 3 декабрь Россия тарихида император Александр II ўлдирилган кун бўлиб муҳрланди. Императорнинг жонига қасд қилиниши Санкт-Петербургдаги «Народная Воля» ташкилоти номи билан бевосита алоқадор. Террорчилар қиролнинг ўлдирилиши инқилобни келтириб чиқаради ва бу бир қатор ижтимоий ўзгаришларга олиб келади, деб умид қилди. «Дарё» ушбу қотилликка алоқадор шахслардан бири, биринчи рус аёл террорчиси София Перовская ва воқеа тафсилотлари ҳақида ҳикоя қилади.
Ҳар қандай жамиятда муаммолар тинч йўл билан барҳам топмаса, орага зўравонлик усуллари аралашиши тарихан маълум. Бу фикрнинг исботи сифатида Россия тарихидан мисол келтирадиган бўлсак, илк рус террорчиси София Перовская ҳам терроризмни ҳукуматга таъсир ўтказишнинг энг самарали усули деб билган эди.
София Перовская ўзи ким эди?
София 1853 йил 13 сентябрида Петербургда туғилган. Унинг отаси Лев Перовский юқори лавозимли амалдор, Украинанинг сўнгги гетмани Кирил Разумовскийнинг набираси, онаси Варвара Степановна эса оддий Псков зодагонлари оиласининг фарзанди эди. Кейинчалик, келиб чиқиш борасидаги фарқ ота-оналар ўртасида бўшлиққа олиб келди.София ёшлигидаёқ унинг оиласи Петербургга кўчиб ўтди ва у ерда қизалоқнинг отаси пойтахт вице-губернатори лавозимини эгаллади. Александр II ҳаётига қасд қилинган ва муваффақиятсизлик билан якун топган биринчи уриниш пайтида София атиги 12 ёшда эди ва у ҳали ушбу хатти-ҳаракатларнинг сиёсий аҳамиятини англай олмасди. Аммо бу воқеа оила ҳаётига жиддий зарба берди – Софиянинг отаси истеъфога чиқишга мажбур бўлди ва оила аста-секин банкрот бўла бошлади. Бўлиб ўтган воқеалар натижасида Варвара Степановна эрини ташлаб, болаларни Қримга олиб кетди.
1869 йилда София Санкт-Петербургга қайтиб келди ва шу йилнинг кузида аёллар учун махсус олий курсга ўқишга кирди. У кимё, физика ва математикага қизиқар, бу фанларда ўзининг ажойиб қобилиятини намоён этганди.
Перовскаянинг сиёсий жараёнларга кириб келиши
Ўша пайтдан бошлаб Перовскаянинг ҳаёти бутунлай ўзгарди. Софиянинг ён-атрофидаги қиз дўстлари ўша вақт учун илгари сурилган қарашлари билан ажралиб турарди. Улар тақиқланган адабиётларни ўқир, сочларини калта қилиб олдирар, чекар ва ҳатто эркаклар кийимларини кийиб юрарди. 17 ёшида София оиласи билан алоқаларни бутунлай узиб, уйни тарк этди.Шу билан бирга, у чайковскийлар доирасига қўшилди ва дарҳол уларнинг ишида фаол иштирок эта бошлади, эрталабдан кечгача ишчилар орасида яширин тарғибот ишларини олиб борди. Шундай қилиб, «Чайковский» дастурига кўра у аввалги инқилобда асосий ҳаракатлантирувчи куч бўлиб хизмат қилинган деҳқонларни оммавий ҳаракатига жалб қилди. 1872 йил баҳорида София Самара вилоятига биринчи марта уларнинг қандай яшашларини ўз кўзлари билан кўриш учун борди.
Ўша пайтда София Украина шаҳридаги кичик уйда яшаган эди. Ҳамма уни ишчининг хотини деб ҳисоблади ва ҳеч ким уни дворян аёл ва собиқ вице-губернаторнинг қизи деб тахмин қилмади. София доим тинтув ва ҳибсга олишларини кутиб, шубҳада яшашга одатланган эди. Ўша даврларда тўсатдан Санкт-Петербургда популист тарғиботчиларни оммавий ҳибсга олишлар бошланиб кетди ва София ҳам панжара ортидан жой олди. Фақат отасининг эски алоқалари туфайли орадан бир неча ой ўтиб у гаров эвазига озод қилинган.
Шундан сўнг Перовская дўстлари В. Фигнер ва В. Засулич билан бирга «Земля и воля» жамиятига қўшилди. Бу даврда София каби ёшлар орасида диссидентларга қарши репрессиялар учун ҳукуматдан қасос олишга интилишлар кучайди. Перовскаянинг назарида жамият инқилобчиларнинг овозига қулоқ солар, улар билан бирдамликда эди. Бироқ юқоридаги каби яна бир қатор ҳибсга олишлардан сўнг у Россияда ҳеч қачон инқилобий ўзгаришлар бўлмаслигини тушуниб етди ва ўзлари илгари амалга оширган эски тарғибот усуллари самарали эмас, деган хулосага келди.
София ва «Народная воля»
Кўплаб инқилобий фикрловчи дўстлар орасида бўлиш, «Народная Воля»нинг асосчилари ва раҳбарларидан бири А. Желябов билан учрашув Софияда сиёсий муаммоларнинг унинг табиатига мос бўлмаган ечимини шакллантирди. Желябов уни ҳарбийлар, талабалар ва ишчилар ташкилотларига раҳбар этиб тайинлади. Крепостнойлар оиласи вакили бўлган, келишган ва жасур бу йигит Софияни ўзининг нотиқлиги, ишончли ва эҳтиросли сўзлари билан забт этди. Айнан у Перовскаяни террорчи гуруҳ фаолиятининг истиқболига ишонтиришга муваффақ бўлди ва Александр II нинг ҳаётига суиқасд қилишга тайёрлади.Желябовга эргашган София императорни ўлдиришни жамиятни қўзғатадиган ва инқилобий бурилиш онларини яқинлаштирадиган ягона воситаси деб билди. Перовская бошқа аёл террорчилардан ўзига ишончи, кучи ва хотиржам хатти-ҳаракатлари билан ажралиб турарди. Дўстларнинг фикрига кўра, «у иш билан боғлиқ бўлган ҳамма нарсада ўта даражада талабчан эди, бурч туйғуси унинг характерига хос энг ажойиб хусусият эди».
Перовская тайёргарлик ҳаракатларининг биринчи уриниши бошиданоқ муваффақиятсизликка учради. Императорлик темир йўлида мина ётқизиш жуда қийин ва хатарли вазифа эди. София ҳеч қачон қўлига қурол олмаган, аммо бу ҳолатда у ичида нитроглицерин бўлган шиша идишни отиб, уйни портлатиши керак эди.
1879 йил 1 декабрда Москва яқинидаги темир йўлда портлаш содир бўлди. Бегуноҳ одамлар вафот этди. Аммо террорчилар бундан заррача ҳаяжонга тушмади, улар мақсадлари йўлида қанча керак бўлса шунча қурбон беришга тайёр эди. Перовскаяга чет элга чиқиб кетишни таклиф қилишди, аммо у Россияда ва севимли инсони ёнида қолишни танлади.
Қишки ҳовлида содир бўлган портлаш пайтида императорни фақат мўъжиза қутқариб қолди. Террористларни қидириш вазифаси юклатилган махфий полиция оёққа турди.
Навбатдаги ҳужумлар
1881 йил бошида Желябов Перовскаяга муҳим вазифалар юкловчи янги террористик ҳужум режасини ишлаб чиқа бошлади. София императорнинг пойтахт бўйлаб доимий маршрутини кузатиш, ўрганиб чиқишда шахсан иштирок этди ва суиқасд қилиш учун энг қулай жойларни ўрнатишга муваффақ бўлди. Инқилобчи Кобзевлар деҳқон оиласи номи билан Садовая кўчасидаги пишлоқ дўконларидан бирини ижарага олди ва у ерни миналар жойлаштиришга мослаб қазий бошлади.Суиқасд амалга оширилишидан бир неча кун олдин Желябов ҳибсга олинди. Бунинг натижасида террористик ҳужумни ташкил қилишнинг бутун оғирлиги унинг рафиқаси ва ёрдамчисининг елкасига тушди. София ҳар қандай шароитда олға ҳаракат қилишга қарор қилди.
1881 йил 1 мартда Александр II Санкт-Петербург полицияси бошлиғи Дворжицкий ва казаклар ҳамроҳлигида Михайловский манежидан қишки саройига томон қайтаётган эди. Император негадир Садовая бўйлаб ҳаракатланиш таклифини рад этди ва Екатеринская канали қирғоғига бурилди. Аммо бу интуиция ҳам уни қутқара олмади.
Перовская тезда янги йўналишга бомбалар жойлаштирди. Унинг ўзи эса воқеа жойини тарк этмади. Софиянинг кўрсатмаси билан императорнинг аравасига биринчи бомба ташланди. Александр II жароҳатланмай қолди. Бироқ иккинчи уриниш императорнинг ҳаётига якун ясади. Террорчи ўзи ва император ўртасида бомба портлатди. Жиддий жароҳат олган Александр II ўз қотили билан бирга ҳалок бўлди.
София ҳибсга олинишидан тўққиз кун олдин Желебовни қамоқдан озод қилишга уринишларни амалга оширди. Ҳибсдаги сўроқлар пайтида Перовская Москва яқинидаги, Одессадаги ва сўнгги шов-шувли суиқасддаги иштирокини тан олди. Суд жараёнида София ўзини хотиржам ва ишончли тутди, у ўзининг инқилобий хатти-ҳаракатларининг одилона эканига сўзсиз ишонар эди. Машҳур рус террорчи аёли ўзи учун ўқилган ўлим ҳукмини ҳеч қандай ҳис-туйғуларсиз тинглади. У бунга узоқ вақтлардан бери тайёр эди.
Қатл
1881 йил 3 апрелда Александр II га суиқасд қилишга тайёргарлик кўриш ва уни ўлдиришда иштирок этганлар Семеновский парад майдонида қатл қилинди. София Перовская ноодатий масалада бўлса-да, эркаклар билан тенгликка эришди.Омма кўз ўнгида намойиш этилган қатл Россиядаги инқилобий, мафкуравий, сиёсий ва диний террорни тўхтата олмади. Террор жамиятни ўзгартириш ва уни ижтимоий касалликлардан халос қилиш учун ўлик восита экани аён бўлса-да, бутун дунёда бўлгани каби у Россияда ҳам ўз мавжудлигини давом эттирди.
Дилбар Исматуллаева тайёрлади.
Изоҳ (0)