1938 йилнинг 1 декабрида машҳур совет кинорежиссёри Сергей Эйзенштейннинг ижтимоий ватанпарварликни омма онгига муваффақиятли сингдира олган фильми – «Александр Невский»нинг премьераси бўлиб ўтган эди. «Дарё» колумнисти Фаррух Адҳамжонов ушбу фильм ҳақида фикр юритади.
Кино ҳақида
«Александр Невский» тарихий фильми машҳур совет кинорежиссёри Сергей Эйзенштейн томонидан суратга олинган бўлиб, ундаги воқеалар 1242 йил Пеипси кўли атрофида бўлиб ўтган урушни тасвирлайди. Фильмнинг суратга олиш ишлари 1938 йил июнь ойида бошланди ва катта экранларга ўша йилнинг декабрь ойидаёқ чиқарилди. «Александр Невский» фильми жами ўн икки эпизоддан ташкил топган бўлиб, давомийлиги 1 соат 52 дақиқани ташкил этади.Фильм иккита бир-бирига боғлиқ воқеалар – Александр Невский рус халқи билан Тевтон ордерига қарши курашиши ва Василий Буслаи билан Гаврила Олексичнинг Ольга Даниловнанинг севгиси учун курашиши билан давом этади. Улар жангда ўзини яхшироқ кўрсатган баҳодир Ольганинг севгисига муносиб дея келишиб олади.
Фильмда бош ролларни Николай Черкасов (Александр Невский), Николай Охлопков (Василий Буслай), Андрей Абрикосов (Гаврило Олексич), Лев Финин (Епископ) каби маҳоратли актёрлар гавдалантирган эди.
Сюжет
1240 йиллар Новгород князлигига швед рицарлари бостириб келади. Нева дарёси эса уруш ўчоғига айланади. Тевтон ордени Псковни қўлга олади ва маҳаллий аҳолини қийноққа солади. Рим Папасининг ёрдамига ишониб қолган рицарлар ҳали босиб олинмаган рус князликларини олдиндан бўлишишни бошлайди. Новгород халқи эса ўз вечесида қўшин тўплашни режалаштиради ва унга княз Невскийни бош қилиб тайинлашади.Қўшинлар музлаган кўл қирғоқларида тўпланишади. Тевтон орденига қарши нафақат аскарлар, балки оддий деҳқонлар ҳам бирга курашади. Жангдан олдин Игнат аскарларга тулки ва қуён ҳақида масал айтади. Тажрибали саркарда бўлган Невский шунга ўхшаш йўл тутади. Жангда немислар енгилади ва уларнинг саркардаси қўлга олинади.
Жангдан сўнг рус аёллари ярадорларга ёрдам беришни бошлайди. Икки баҳодир – Василий ва Гаврила аранг тирик қолади. Улар Псковга қайтишганида Василий ўзидан кўра шериги каттароқ қаҳрамонлик кўрсатганини айтади. Княз Невский эса асирга олинганлар устидан суд ўтказади ва душманларнинг оддий хизматкорларини қўйиб юборади. Невский уларга қарата: «Бориб, барча бегона юртларга айтинглар – рус халқи ҳали тирик! Бизни қўрқмасдан зиёрат қилиб келсинлар, аммо ким бизга қилич кўтариб келса, қилич билан ўладилар! Рус ўлкаси шу устунга қурилган!», дея кинога якун ясайди.
Таҳлил
«Александр Невский» Сергей Эйзенштейн яратган энг зўр кинолардан бири ҳисобланади. Режиссёр олдинроқ Иван Тургенев томонидан ёзилган «Бежин ўтлоғи» учун фалсафий ва психологик фильмни суратга олаётган эди. Лекин ундаги сценарий СССР киночилар уюшмасидан ўта олмагач, цензурага учрайди. 1935 йилга келиб, киночилар уюшмаси режиссёрларга социалистик реализм жанрида кино олишга буюртма берди.Патриотизм мавзусини ўз фильмларида юксак даражага олиб чиқа оладиган Сергей Эйзенштейн эса Тевтон орденидаги немис рицарларининг агрессив ҳужумларига қарши курашган миллат қаҳрамони – княз Александр Невский образини экранлаштиришга киришди. Унинг фикрича, патриотизм – ҳар бир шахсда юқори даражада бўлиши керак эди. Шу сабабли, фильм катта экранларга чиқарилганида у ижтимоий патриотизмни омма онгига муваффақиятли сингдира олди.
1941 йил фашистларнинг СССРга ҳужуми ортидан эса фильмга яна талаб ошди. 1942 йили фильмнинг 700 йиллиги муносабати билан уни барча фронтдаги кинотеатрларда намойиш қилишни бошлайди. Фильм сўнггида янграган «ким бизга қилич кўтариб келса, қилич билан ўладилар! Рус ўлкаси шу устунга қурилган ва шундайлигича қолади» мазмунидаги иқтибос эса деярли ҳар бир аскарга ёд бўлиб кетди. Бу муваффақиятлари учун Эйзенштейн Ленин ордени, Сталин мукофоти ва санъатшунослик доктори унвонларини қўлга киритди. Сталиннинг ўзи эса фильм ҳақида қуйидаги фикрни билдирган эди: «Буюк аждодларнинг мард қиёфаси ҳар бир аскарни илҳомлантира олади».
Фильм аллегориясини тушуниш эса жуда осон эди: Тевтон ордени рицарлари фашистларни, рус халқи эса СССРни кўрсатар эди. Якундаги машҳур иқтибос Сталиннинг 1934 йил Германия ва Япония ҳақида айтган нутқига риторика ҳисобланади.
Камчиликлари:
- сценарийда воқеликдан четга чиқиш, романтиклаштириш, тарихий воқеаларга нисбатан тўғри келмайдиган томонларни кўрсатиш борлиги;
- сиёсий мақсад: омма онгини пропаганда ёрдамида ўзгартиришга уриниш (патриотизм, социализм).
Ютуқлари:
- сюжетнинг қизиқарли давом этиши, унда узилишлар йўқлиги;
- Сергей Прокофев фильм учун яратган ажойиб мусиқалари;
- Александр Невский образини холис яратилиши, унинг иқтибослари кўпчиликка ёд бўлиб кетгани.
Хулоса
Фильм омманинг онгига патриотизм ғояларини янада буюкроқ қилиб кўрсатиб, ўз ерларини ҳар қандай йўллар билан ҳимоя қилишга чақиради. Бу йўлда бирдамлик ғалабага бўлган ягона йўл эканини кўрсатиш – бевосита социализм билан боғлиқ. Сергей Эйзенштейн эса фильм ёрдамида ўзи чуқур ҳурмат қилган туйғуларни ва киночилар уюшмаси томонидан қўйилган талабларни муваффақиятли кўрсатиб берди. Фильм ўз аҳамияти ва машҳурлигини урушдан кейин ҳам сақлаб қола олди.Муаллиф фикр таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.
Изоҳ (0)