Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Нилуфар Саидовани ўрта ёш вакиллари яхши эслайди. Унинг «Ҳайлало», «Турналар» ва «Қарашлар» каби қўшиқлари ўз даврининг энг хит тароналари бўлганди. Сўнгги йилларда хонанда санъатдан узоқлашди. Журналист Наргиза Муродова хонанда билан суҳбатлашиб, унинг ҳозир қандай ишлар билан бандлигига қизиқди.

Фото: Нилуфар Саидованинг шахсий архивидан

«Машҳурликка интилмаганман»

Мен машҳурликка интилмаганман, шунчаки санъат ичида яшашни орзу қилганман, ҳолос. Муҳими, қўшиқларим тарихда қолди ва ўз тингловчисини топди. Яқинда бир санъаткор билан дардлашиб қолдик. Унинг «Битта бўлса ҳам қўшиғим одамларнинг ёдида қолсайди», деган гапи мени ўйлантириб қўйди. Охирги 7-8 йилни таҳлил қиладиган бўлсак, бирорта клип суратга олмадим. Уларнинг кунига ўн марта телевизорда «айлантирмадим». Шундай бўлса-да, одамлар ҳамон мени унитишгани йўқ.

«Санъатни танлаб, оиладан воз кечганлар афсусланади»

Йўқ, санъатга ҳам оддий касб. Ўқитувчига касбингиз учун оилангиздан воз кечасизми, деб савол берилмаганидек, санъат учун ҳам ниманидир қурбон қилиш мантиқдан эмас. Тасаввур қилинг, ўнг оёғингизда қадам ташлаб, чапини кўтариб туриб бўлмайди-ку. Иккисини олдинма-кетин ҳаракатлантириш мумкин. Санъатни танлаб оилани бир четга сурган инсонлар кун келиб қаттиқ афсусланади.

Фото: Нилуфар Саидованинг шахсий архивидан

« ‘Нега турмуш ўртоғингиз билан ажрашгансиз?’, деган саволдан чарчаганман»

«Нега турмуш ўртоғингиз билан ажрашгансиз? Ўғлингизнинг отаси ким?» деган саволларни ҳалигача эшитаман. Ҳар кимга ўз дарди аён, ўзгаларга айтиб бўлмайдиган гаплар ҳам кўп. Шукрки, икки қизим билан ажрашгач, 2008 йилда солиҳ инсон билан оила қурганман. Ҳаёт менга яна бир бор она бўлиш бахтини мушарраф этиб, ўғлим Муҳаммадюсуф туғилди. Кейин охирги пайтларда «Қаерга йўқ бўлиб кетдингиз?» деган саволдан ҳам чарчадим. Яратган йўқ бўлишдан асрасин!

«Охирги йилларда бошимга катта синов тушди»

Халқдан яшириб нима қилдим. Охирги йилларда бошимга катта синов тушди. Бу пайт ичида болаларим улғайиб қолишди. Қизларимнинг иккиси ҳам санъатга меҳр қўйган. Аммо уни танлашни исташмади. Катта қизим Фарина дизайнер-рассомчилик соҳасини танлади. Кичик қизим эса хориж тилларини ўрганаяпти. Улар санъатни танласа қаршилик қилмасдим, худди ота-онам мени қўллаб-қувватлашганидек йўл тутардим. Аммо ўзи истамагач, уларни қийнамадим. Ўғлим Муҳаммадюсуф архитектор бўлишни орзу қилади.

Фото: Нилуфар Саидованинг шахсий архивидан

«Дуч келган одам билан сирлашишни ёқтирмайман»

Йўқ, аслида сирли бўлишга интилмайман. Шунчаки, дардимни достон қилишни, дуч келган одам билан сирлашишни ёқтирмайман. Ҳозирги кунда аёллар орасида дардини ижтимоий тармоқларда ҳам достон қилиш урфга айланган. Мен эса оилада ундай тарбия олмаганман. Онам раҳматли дардингни кенг далага чиқиб айт, у сир сақлашни билади, дердилар.

«Бундай кейин ҳаётим ёрқин рангларга бой бўлади»

Насиб қилса, бундай кейин ҳаётим ёрқин рангларга бой бўлади. Тарихга назар солсам, жуда кўплаб санъаткорлар турли синовларни бошдан кечиришган экан. Ишончим комилки, бу синовлар кўпдан-кўп сийловларнинг дебочаси бўлади.

Нилуфар Саидова ижросидаги «Турналар» қўшиғи:

Эслатиб ўтамиз, хонанда 1977 йили Тошкент вилоятининг Бўстонлик туманида таваллуд топган. 1995 йили Тошкент давлат санъат институтига ўқишга кириб, мустақил ижодини бошлайди. 2000 йил «Ниҳол» номидаги давлат мукофоти, 2001 йили эса Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвонлари билан тақдирланган. 2004 йилда эса «Дўстлик» орденига лойиқ кўрилган.