Аргентина президенти Альберто Фернандес афсонавий футболчи Диего Марадонанинг ўлими муносабати билан мамлакатда уч кунлик мотам эълон қилди.

Фото: Twitter

«Бу хабарни етказишган вақтда ишлаётгандим. Бунга ишонгим келмасди. Мен қайғудаман. Бу «Аргентинос Хуниорс» мухлиси эшитиши мумкин бўлган энг ёмон хабар. Биз уни севамиз.

Унинг оиласи билан боғланишга ҳаракат қиламиз. Кўрамиз. Бу катта жудолик», — дейди Фернандес.

Эслатиб ўтамиз, Марадона 25 ноябрь куни юрак хуружи оқибатида 60 ёшида вафот этди.

Марадона — 1960 йилнинг 30 октябрида Аргентинанинг Ланус шаҳрида туғилган. Футболчилик фаолияти мобайнида «Аргентинос Хуниорс», «Бока Хуниорс», «Барселона», «Наполи» ва «Севилья» каби номдор клубларда тўп сурган. Аргентина терма жамоаси билан 1986 йилги Жаҳон Чемпионати ғолиблигини қўлга киритган. «Наполи» сафида эса икки бор Италия чемпиони бўлган.

Марадона мураббийлик фаолияти давомида «Расинг», «Ал-Васл», «Ал-Фужайра» ва «Дорадос» каби клубларда, шунингдек, 2008—2010 йиллар мобайнида Аргентина терма жамоасида ишлаган. Унинг сўнгги жамоаси «Химнасия Ла-Плата» клуби эди, мутахассис 2019 йилдан буён ўша ерда фаолият юритаётганди.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!