«Реал» ва «Бока Хуниорс» клублари собиқ ярим ҳимоячиси Фернандо Гаго 34 ёшида фаолиятини якунлади. Бу ҳақда журналист Жанлука ди Марцио хабар қилмоқда.
Гаго фаолияти давомида «Бока Хуниорс», «Реал», «Рома», «Валенсия» каби жамоаларда тўп сурган. Унинг сўнгги жамоаси Аргентинанинг «Велес Сарсфил» клуби бўлди.
Фернандо Гаго фаолияти мобайнида барча мусобақаларда жами 366 та ўйин ўтказган. Уларда таянч ярим ҳимоячиси 10 та гол ва 29 та голли узатмага муаллиф бўлган.
У «Реал» сафида 2006/07 ва 2008/09 йилги мавсум чемпионлигини қўлга киритган, шунингдек, 2008 йилда Испания Кубоги ва Суперкубогида зафар қучган. Яна ўнта совринни Аргентинада қўлга киритган. Халқаро майдонда 2005 йилда ёшлар ўртасидаги Жаҳон Чемпионати ғолиби бўлган, 2008 йилда эса Аргентина билан Олимпиада олтин медалларига эга чиққан.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!