Россия ҳарбий-транспорт авиациясининг Ил-76 самолётлари Арманистонга етиб келди, улар мамлакатга 400 дан ортиқ Россия тинчликпарварларини олиб келди, деб ёзади «РБК» Россия мудофаа вазирлигига таяниб.
«Айни пайтда бортида Россия тинчликпарвар кучлари қўмондонлиги офицерлари ва 15-тинчликпарвар бригада бўлинмалари ҳарбий хизматчилари бўлган ҳарбий транспорт авиациясининг 20 та Ил-76 самолёти Арманистон Республикасига қўнган», — дейилади муассаса хабарида.
Россия тинчликпарвар бригадаси ҳарбийлари Тоғли Қорабоғ ҳудудида Боку ва Ереван ўртасида жанговар ҳаракатларни тўхтатиш устидан назорат олиб бориладиган ҳудудга қараб йўл олгани хабар берилди.
«Ҳарбий колонналар 250 километрдан ортиқ йўл юриб, Тоғли Қорабоғдаги чегара чизиғи ва Лочин йўлаги бўйлаб Россия чегара постларини жойлаштирган ҳолда тинчлик контингентини ёйиши керак бўлади», — дейилади Россия Мудофаа вазирлиги хабарида.
Матбуот хизматида аниқлик киритишларича, тинчликпарварлик миссиясини бажариш учун Тоғли Қорабоғ низоси зонасига қарийб 2 минг ҳарбий хизматчи, 90 та бронетранспортёр, шунингдек, 380 та автомобиль ва махсус техника жойлаштирилади. Тинчликпарвар контингент асосини Марказий ҳарбий округнинг 15-алоҳида мотоўқчи бригада бўлинмалари ташкил этади.
Вазирлик маълумотларига кўра, ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги келишувларга риоя қилиниши устидан назорат олиб бориш учун Россия кузатув постлари Тоғли Қорабоғда чегаралар туташган чизиқ бўйлаб ҳамда Арманистон ва Қорабоғни бирлаштирувчи Лочин йўлаги бўйлаб жойлашади. Операция қўмондонлиги Степанакерт ҳудудида бўлади.
Аввалроқ учта ҳарбий-транспорт самолёти низо зонасига 80 дан ортиқ ҳарбий хизматчини олиб келган эди. Бундан олдироқ эса Арманистонга Россия тинчликпарвар контингенти етиб келганди.
Эслатиб ўтамиз, Арманистон, Озарбайжон ва Россия етакчилари 9 ноябрь куни кечқурун Қорабоғда жангларни тўхтатиш ҳақида уч томонлама шартнома имзолади. Сулҳ шартлари Келбажар, Агдам, Лачин туманлари ва Газах туманида Арманистон томони эгаллаб турган ҳудудлар Озарбайжон назорати остига берилишини назарда тутади.
Баҳсли ҳудудга 2 мингга яқин Россия тинчликпарварлари киритилади, улар ўт очишни тўхтатиш режимига риоя қилинишини назорат қилади. Шунингдек, томонлар асирлар, марҳумларнинг жасадларини айирбошлашни бошлайди ва минтақада транспорт қатновини қайта тиклайди.