1520 йил 8–10 ноябрь кунлари Стокгольмда Дания қироли Кристиан II буйруғига биноан оммавий қатл амалга оширилди ва бу тарихга «Стокгольм қатлиоми» номи билан кирди. Ушбу воқеа Швеция тарихидаги энг фожиали саҳифалардан бири ҳисобланади. Ўшанда сохта айбловлар билан бидъатчиликда гумон қилинган Стокгольмнинг юзга яқин энг нуфузли ва таниқли фуқаролари черков судининг қарорига кўра қатл этилганди. «Дарё» Стокгольм қатлиомининг қонли тарихи ҳақида ҳикоя қилади.
Дин ва ҳокимият ўртасидаги манфаатлар тўқнашуви
Барчаси нуфузли архиепископ Густав Тролле ва швед регенти Кичик Стен Стуре манфаатлари тўқнашувидан бошланди. Регент архиепископни Стекет шаҳридаги мулклари ва қалъасидан маҳрум қилмоқчи эди. Ҳақиқий ички уруш бошланди, Стуре Тролленинг отасини ҳибсга олди ва архиепископнинг ўзи Стекетга яширинганида қалъа қўшинлар томонидан қамал қилинди. Архиепископ уни қамал қилувчиларни дуойибад қилиб, черковдан четлаштирди, Дания қироли эса ўз қўшинларини унга ёрдамга жўнатди. Бироқ Стен Стуре Дания қўшинларини Стокгольмдан улоқтириб юборди.Буюк Скандинавия иттифоқида ким кучли?
Бу уруш Швециядаги Дания тарафдорлари ва унинг мухолифлари ўртасидаги уруш эди. Шуни таъкидлаш керакки, 1389 йилда Калмар қалъасида Дания, Швеция ва Норвегия ўртасида иттифоқ тузиш тўғрисида битим имзоланганидан бери икки қироллик ўртасида маълум бир адоват мавжуд эди. Ушбу шартномага кўра, учта подшоҳлик битта монархга эга бўлиши, ҳокимият тўғридан-тўғри эркак авлодларга ўтиши, мабодо қирол бефарзанд бўлса, учала давлат вакиллари янги монархни сайлашлари керак эди.Қиролликлар ҳарбий иттифоқ тузди ва уруш ёки қўзғолонларда бир-бирларига ёрдам беришга ваъда берди. Черковнинг имтиёзлари ҳам муҳокама қилинди. Шу билан бирга, қиролликларнинг ички автономияси ва уларнинг ички қонунлари сақланиб қолди. Иттифоқнинг ичида эса Дания ва Швеция ўртасида устунлик учун кураш олиб борилди (Норвегия иқтисодий жиҳатдан Данияга қарам эди). Черков эса бу баҳсда Дания тожининг тарафини олди ва Стуре черковни ўз назорати остига олишга интилди, шунинг учун у диний феодаллар кучининг асоси бўлмиш ер эгалигига қарши зарба берди.
Уруш давом этади
Данияликлар мағлуб бўлганидан сўнг Стокгольмда риксдаг йиғилиши бўлиб ўтди. Ушбу йиғилишда архиепископ Тролле ҳам иштирок этди. Аслида, бу учрашув Тролле устидан суд жараёни эди. Риксдаг қарорига биноан Густав Тролле Швецияда архиепископ унвонидан маҳрум қилинди, Стекетни эса «буюк ёвузлик» сифатида ватан хоинлари ва данияликларга мустаҳкам қалъа бўлмаслиги учун бутунлай йўқ қилиш таклиф қилинди.Қалъа қуршови давом этди. Стекет охир-оқибат забт этилди ва йўқ қилинди. Архиепископ калтакланиб, қамоққа ташланди. Уни қўллаб-қувватловчи кўплаб инсонларнинг бошлари кесилди. Черков мулки бекор қилинди. Дания қироли Кристиан II 1518 йилда иккинчи марта иттифоқни тиклашга уринди, аммо яна мағлубиятга учради. Данияликлар ва шведлар ўртасида сулҳ тўғрисидаги музокаралар бошланди. Бироқ Дания қироли уларни бузди – олтита швед зодагон музокарачисини гаровга олди ва Данияга олиб кетди. Уруш ҳам худди шу шафқатсизлик билан давом эттирилди.
Масалага Рим Папаси аралашди
Қирол Кристиан II Швецияга қарши юриш учун яна-янги қўшин тўплади. Уни шахсан Рим Папаси қўллаб-қувватлади ва архиепископ Густав Троллега қарши қилган ишлари учун Швецияни черковдан чиқариб юбориш тўғрисидаги фармонни эълон қилди. Дания монархига папа фармонини бажариш ишониб топширилди. Бундан ташқари, данияликларнинг ҳаракатларини Фуггерларнинг қудратли савдо уйи ҳам қўллаб-қувватлади: улар Европада мис ишлаб чиқариш ва сотишнинг деярли барча тармоқларини эгаллаб олди ва Швецияда ҳам мис қазиб оладиган конлари мавжуд эди. Ўз мулкларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ушбу корчалонлар шундай йўл тутишни жоиз деб топди.Реванш
Германия, Франция ва Шотландиядан ёлланма аскарлар томонидан мустаҳкамланган данияликларнинг катта қўшини 1520 йилда Халланди вилоятининг жануби-ғарбий чегарасини кесиб ўтиб, Вестергётландга бостириб кирди. Осунд кўлида босқинчиларни қирол аскарлари, зодагонлар ва кўнгилли деҳқонлардан иборат Стен Стуре армияси кутиб олди. Кўлдаги муз узра даҳшатли жанг бўлиб ўтди. Ушбу жангда швед армияси мағлуб бўлди ва шимолга чекинди. Жангнинг бошидаёқ Стен Стуре артиллерия тўпидан қаттиқ жароҳат олганди. Тивед ўрмонларида швед қўшинлари яна бир бор мағлубиятга учради ва босқинчилар марказий Швеция ҳудудида йўл очди. Стен Стуре эса Тивед ўрмонидаги жангдан икки кун ўтиб, Стокгольмга кетаётиб вафот этди.Швеция учун вазият ниҳоятда қалтис эди. Деҳқонлар ўз етакчисини йўқотди. Ҳеч ким дарҳол Стен Стуре ўрнини боса олмасди. Дворянлар ва черков данияликлар билан муросага келиш йўлини қидирди. Дания қўмондонлиги озод қилинган Густав Тролле билан музокараларга киришди. Швеция ва Дания ўртасида сулҳ битими тузилди. Швеция давлат кенгаши Кристианни Швеция қироли деб тан олди. Дания қиролининг вакиллари мағлубиятга учраганларга раҳм-шафқат ва Швеция автономиясини сақлаб қоладиган конституциявий ҳокимият ваъда қилди.
Эрининг ишини давом эттирган аёл қўзғолони
Бу вақтда мамлакатда қўзғолон бўлиб ўтди. Стен Стуренинг беваси Кристина Юлленшерна ўз тарафдорлари билан қаршилик ҳаракатини уюштирди, ёрдам учун Польша ва Дансигга мурожаат қилди. Бироқ қўзғолон бостирилди. Стокгольм қуруқлик ва денгиз кучлари билан ўраб олинди ва сентябрь ойига келиб таслим бўлди. 4 ноябрь куни Густав Тролле Стокгольм соборида қирол Кристианга тож кийдирди. Шу билан бирга, умумий афв этиш тўғрисидаги ваъдалар яна такрорлаб ўтилди.Тролленинг қасоси
Архиепископ ва унинг тарафдорлари қасос ўтида ёнарди. Улар «Стуре» партиясига қарши репрессияларни хоҳларди. Дания қиролини эса юридик меъёрлар бузилмаслигини ваъда қилиб, ўз томонига оғдириб олишга муваффақ бўлди. Архиепископ ва унинг тарафдорларига қарши қаратилган ҳаракатлар бидъат деб эълон қилинди, уларнинг рақиблари бидъатчилар деб номланди ва уларга қиролнинг афв ҳақидаги ваъдалари амал қилмаслиги айтилди.7 ноябрь куни Стокгольм қалъасида қирол, давлат кенгаши аъзолари ва бошқа юқори мансабдор шахслар ҳузурида архиепископнинг шикояти ўқилди, унда Стен Стуренинг ҳаракатлари бидъат деб топилиб, бидъатчиларга нисбатан адолат қарор топиши таклиф қилинди. Эртаси куни архиепископ Густав Тролле бошчилигидаги черков судида сўроқ ўтказилди. Суд ҳукми чиқарилди, унга кўра, судланувчилар ўзларининг черковдан четлатилганини тан олишдан бош тортгани ва архиепископнинг энди ҳеч қандай буйруқларини бажармасликка қасамёд қилгани аниқланди. Судланувчилар бидъатчи деб эълон қилинди. 82 киши қатл этилди. Стуренинг беваси Кристианни Дания қироли «тирик мурда» деб эълон қилди ва у қамоққа олинди.
«Стен Стуре» партиясига мансуб барча дунёвий ва руҳоний қатламлар қатл этилди. Уларнинг мол-мулклари қирол фойдасига мусодара қилинди. Ҳалок бўлганларнинг жасадлари ёқиб юборилди. Улар ҳатто марҳум Стен Стуренинг ҳам жасадини қазиб олиб, ёқиб юборишни буюрди.
Халқнинг умиди Густав Эрикссондан
«Стокгольм қатлиоми» ва ундан кейинги Стен Стуре тарафдорларига қарши тазйиқлар Дания қиролига буюк Скандинавия империясини яратиш мақсадини амалга оширишга ёрдам бермади. Бу шведларнинг босқинчиларга нисбатан умумий нафратига ва Кристинанинг қариндоши Густав Эриксон бошчилигидаги кенг кўламли қўзғолонга олиб келди.Эриксон 1518 йилда Данияга асир сифатида олиб кетилди, 1519 йилда Любекка қочди ва у ердан бошпана топди. Стокгольмдаги қирғин пайтида унинг отаси ва куёви ўлдирилди, онаси ва синглиси Данияга олиб кетилди. Густав жуда кучли, яхши нотиқлик санъатига ва кўркам ташқи кўринишга эга эди. У даниялик босқинчиларидан нафратланарди ва бу раҳбарга муҳтож бўлган кўплаб одамларни ўзига жалб қиларди.
Густав Эриксонни швед зодагонлари, деҳқонлар ва Любек шаҳри аҳолиси қўллаб-қувватлади. Данияликларнинг аҳолига нисбатан ваҳший муносабати, ўта катта солиқлари ва швед деҳқонларини қул қилишлари дворянлар, деҳқонлар ва кончиларни Дания ҳукмронлиги ва католик черковига қарши бирлашишга олиб келди. Улар Густав Эриксон бошчилигида Швецияни озод қилишга йўл олди... Аммо бу энди умуман бошқа ҳикоя...
Нурбек Алимов тайёрлади.
Изоҳ (0)