Учқўрғондаги картодромда картинг пойгаси бўйича Ўзбекистон чемпионатининг очилиш маросими, 6 ноябрь, жума куни бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.
Ёшлар ўртасида спортнинг ушбу турига бўлган юқори қизиқишни ҳисобга олиб, «Ватанпарвар» ташкилоти Учқўрғон туман ўқув-спорт техника клуби томонидан халқаро стандарт талабларига жавоб берадиган янги замонавий картодром қайта барпо этилди. Унинг умумий узунлиги 1000 метрдан ошиқ бўлиб, уч йўналишдан иборат.
Ушбу картодром картинг пойгаси бўйича Ўзбекистон чемпионатига мезбонлик қилмоқда. Мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 150 нафарга яқин спортчилар иштирок этмоқда. Улар ичида энг ёш иштирокчи атиги 8 ёшга тўлган.
— Вилоятимизда спортнинг техник ва амалий турларини ривожлантириш ва оммавийлаштириш учун барча шароитларни яратиб беришга тайёрмиз. Чунки бу спорт турлари ёшларни ватанпарварлик руҳида, соғлом ва шижоатли этиб тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга, — деди очилиш маросимида иштирок этган вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззақов.
Вилоят ҳокими картинг бўйича Ўзбекистон чемпиони, 12 яшар Ясмина Эгамбердиеванинг таклифи билан картинг машинасига ўтириб, давра айланди.
Маълумот учун, картинг пойгаси бўйича Ўзбекистон чемпионати 9 ноябргача давом этади.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)