Аралаш жанг санъатлари (MMA) спорт тури бўйича UFC промоушенининг енгил вазн тоифасидаги чемпиони Ҳабиб Нурмагомедов (29-0-0) фаолияти давомида қанча маблағга эга бўлгани ҳисоблаб чиқилди. Бу ҳақида Forbes маълумотларига таяниб, Eurosport хабар берди.
Ҳабиб MMA’даги фаолиятини 2008 йилда бошлаган. Нурмагомедов 2018 йилда фаолиятининг чўққисига чиққан ва унинг гонорари сезиларли даражада ошган. 2018 йил 1 июнидан 2019 йил 31 майига қадар Ҳабиб 11,5 миллион доллар ишлаб топган. 2019 йил 1 июнидан 2020 йил 31 майига қадар ҳам доғистонлик спортчи 11,5 миллион долларга эга бўлган. Ҳабибнинг MMA’даги бутун фаолияти давомида ишлаб топган пули эса 30 миллион долларга яқин.
Спортчининг энг катта гонорарлари эса қуйидаги спортчиларга қарши жанглар орқали қўлга киритилган: Конор Макгрегор билан жангдан 2 миллион доллар, Дастин Порье билан жангдан 4 миллион доллар, Жастин Гэтжи билан жангдан эса 3 миллион 90 минг доллар. Бунда жангдан олдин кафолатланган гонорар миқдори келтирилган. Трансляция ва ҳомийлик пуллари ҳисобга қўшилмаган.
Эслатиб ўтамиз, Нурмагомедов 24 октябрда Жастин Гэтжи (22-3-0) устидан ғалабасидан сўнг фаолиятини якунлаганини эълон қилганди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)