Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Ереван босиб олинган ҳудудлардан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетиш мажбуриятини зиммасига олса, Боку Тоғли Қорабоғдаги урушни тўхтатишга тайёр эканлигини маълум қилди. Бу ҳақда у Италиянинг La Repubblica газетасига берган интервьюсида таъкидлаб ўтган, деб хабар беради «РБК».

Фото: «Prezident.az»

«Агарда Арманистон бош вазири қолган ҳудудларни ҳам озод этиш мажбуриятини олса, биз бугуноқ тўхташга тайёрмиз. Ҳозирча у бу каби мажбуриятларни зиммасига олмади», — дейди Алиев. Унинг таъкидлашича, уруш қанча тез тугаса, шунча яхши бўлади.

Озарбайжон президенти БТМ Хавфсизлик Кенгаши резолюциясининг асосий тамойилларига кўра, дастлаб бешта туманни, сўнг яна иккитасини озод этиш зарурлигини эслатиб ўтган.

«Биз ҳозирга қадар бир томонлама тартибда тўртта туманни озод этдик. Шу сабабли Арманистон бош вазири Никол Пашинян босиб олинган қолган ҳудудлар — Ағдам, Келбажар, Лочин туманларидан қўшинлар олиб чиқиб кетилишини айтиши керак. Аммо у бу каби баёнотни бермаяпти. Бу эса у урушни тўхтатишни хоҳламаётганидан далолат», — дейди Алиев.

Пашиняннинг сўзларига кўра, Ереван Қорабоғдаги можарони ҳал этиш бўйича музокараларга тайёр, аммо унинг фикрича, Боку ён босмаяпти.

Аввал Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Минск гуруҳи Арманистон ва Озарбайжон ташқи ишлар вазирлари Женевада учрашув ўтказган ҳамда Тоғли Қорабоғдаги фуқаролик объектларига ўт очмасликни келишиб олганди.

Эслатиб ўтамиз, Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатлар тинчликка эришиш учун қилинган иккита уринишга қарамасдан, 27 сентябрдан буён давом этмоқда. Озарбайжон ва Арманистон 10 октябрь куни соат 12:00 дан бошлаб Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш тўғрисида келишиб олганди. Аммо шу куни кейинроқ Арманистон ва Озарбайжон Мудофаа вазирликлари бир-бирини Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш режимини бузишда айблади.

19 октябрда Арманистон бош вазири Никол Пашинян ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Тоғли Қорабоғдаги можаро бўйича музокаралар ўтказишга тайёрлигини маълум қилган. Кейинроқ Пашинян Тоғли Қорабоғда Россия учун бевосита хавф солувчи Сурия террорчилик гуруҳлари жангарилари бўлганлиги учун Москва у ерда аксилтеррорчилик операцияларини ўтказиш учун асосга эга эканлигини айтган.