Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Арманистон бош вазири Никол Пашинян Тоғли Қорабоғ мустақиллигини тан олишни таклиф қилди. «РБК» нашри «Ереван ҳақиқатан ҳам бундай қадамга тайёрми ва бу даъватга дунё ҳамжамияти қулоқ соладими?» — деган саволга жавоб излади.

Фото: «ТАСС»

Фото: «ТАСС»

Қорабоғ мустақиллиги қандай қилиб сиёсий кун тартибига кирди?

Сентябрь охирида тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси ва Озарбайжон туташган чизиқда фаол жанговар ҳаракатлар бошланганидан буён Тоғли Қорабоғни тан олиш мавзуси доимий равишда Еревандаги митингларда, арманистонлик сиёсатчилар ва Ғарб парламентарийларининг гапларида янграмоқда.

ТҚР мустақиллигини тан олиш зарурати Арманистон бош вазири Никол Пашинян иштирокидаги кўп сонли интервьюларда асосий мавзулардан бирига айланди. «Тоғли Қорабоғнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи, яъни Тоғли Қорабоғнинг мақоми биз учун стратегик муҳим ролга эга», — деган эди Пашинян 19 октябрь куни «ТАСС» агентлигига берган интервьюсида. «Жанговар ҳаракатларга нуқта қўйишнинг фақат битта усули бор, бу Арцахни (Тоғли Қорабоғнинг арманча номи) «қутқариш учун ажратиш» тамойили бўйича халқаро тан олишдир. Бошқа йўл йўқ», — деб қатъий айтган эди у, 18 октябрда Италиянинг Corriere della Sera нашрига берган интервьюсида. Ой бошида «РБК»га берган интервьюсида Арманистон бош вазири тан олиш масаласи муҳокама қилинаётганини билдирган эди. 2018 йилда ҳукумат тепасига келиб, Пашинян ТҚР мустақиллигини тан олиш Арманистон сиёсий кун тартибида турганлигини кўп бора таъкидлаган эди.

ТҚР мустақиллигини тан олиш зарурияти ҳақидаги бу дискурс ҳозир пайдо бўлгани йўқ, у Қорабоғ ҳаракати бошиданоқ мавжуд, деб эслатади Еревандаги Кавказ институти директори Александр Искандарян.

Нима учун Ереван ҳамон ТҚР мустақиллигини тан олгани йўқ?

Тоғли Қорабоғ Республикаси 1991 йил 2 сентябрь куни Тоғли Қорабоғ вилоят кенгаши ва қўшни Шаумян тумани кенгаши депутатлари тегишли декларацияни қабул қилганидан кейин эълон қилинган эди. Бунгача Қорабоғ мухтор вилоят ҳуқуқи асосида Озарбайжон ССР таркибига кирган. Ушбу ҳужжат, ТҚР президентининг расмий порталида таъкидланишича, собиқ иттифоқ қонунчилиги меъёрларига ҳамда халқаро ҳуқуқ далолатномаларида белгиланган халқнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқига мувофиқ қабул қилинган. 1994 йилда Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги икки йиллик урушдан кейин сулҳ тузилган, ТҚРда эса президент шаклидаги бошқарув ташкил қилинган эди. Ўшандан буён ўтган 26 йил давомида Арманистон Тоғли Қорабоғ Республикасининг бош ҳомийси бўлиб келмоқда, БМТнинг бошқа аъзолари ТҚР мустақиллигини тан олмади.

«1992 йилда Минск муҳокама жараёни бошланди, ЕХҲТнинг Минск гуруҳи тузилди. Муҳокама жараёни давом этаётган вақтда Тоғли Қорабоғнинг мақомини аниқлаш унинг бошланғич нуқтаси бўла олмасди, бу унинг якуний нуқтаси бўлиши керак эди», — дея арманча қараш мантиғини эслатади Искандарян. Боку вакиллари ТҚР вакиллари билан музокаралар олиб боришдан бош тортди, республикага Арманистон вакиллик қилди, мустақилликнинг тан олинмаслиги у томонидан музокаралар жараёни давом этиши учун қилинган ён бериш бўлди.

ЕХҲТнинг Минск гуруҳига Россия, Франция ва АҚШ ҳамраислик қилади, унинг доимий аъзолари эса Арманистон, Озарбайжон, Беларусь, Германия, Италия, Швеция, Финляндия ва Туркиядир. Низони тартибга солиш бўйича 2009 йилда келишилган тамойилларга кўра, Озарбайжонга Тоғли Қорабоғга туташ ҳудудлар қайтарилиши, Тоғли Қорабоғга эса ўтиш мақоми берилиши керак эди. Арманистон ва ТҚР ўртасида транспорт йўлаги таъминланиши, Қорабоғ мақомини аниқлаш эса халқ хоҳиши асосида ўтказилиши керак эди.

Арманистон тан олишга рози бўладими?

2016 йил апрелида жанговар ҳаракатлар кучайганидан кейин Арманистон ҳукумати (у вақтда президент Серж Саргсян эди) парламентга Қорабоғни тан олиш ҳақидаги қонун лойиҳасини йўналтирди. Аммо депутатлар буни бемавридликка йўйиб, лойиҳани кўриб чиқмади. Ҳозир вазият ўзгарди. Пашинян ишонч билдиришича, айнан тан олмаслик Бокуни жанговар ҳаракатларга ундамоқда. «Шу пайтгача ҳеч ким Қорабоғнинг мустақиллигини тан олмаганлигига келсак, айнан шунинг учун Тоғли Қорабоғ халқи ўз тақдирини ўзи белгилаш имкониятига эга бўлиши учун Қорабоғ халқи, Арманистон халқи олиб бораётган кураш ҳамон давом этмоқда», — дея тушунтирди у France 24 телеканали эфирида.

Агар уруш бошлангунча тан олиш ёки тан олмаслик масаласи музокаралар жараёнида босим ўтказиш воситаси бўлган бўлса, ҳозирги Озарбайжон—Туркия тажовузи ҳамда Арцах ва унинг аҳолисига қарши ёлланма жангчиларнинг қўлланилиши Арманистонга ушбу масалани янгича «қутқариш учун тан олиш» формуласи бўйича ечишдан бошқа йўлни қолдирмаяпти», — деди Сиёсий ва ҳуқуқий тадқиқотлар марказидан арманистонлик сиёсатшунос Жонни Меликян. «Агар жанговар ҳаракатлар давом этса ва Қорабоғда ‘апокалипсис бошланса’, Ереван тан олишга рози бўлиши мумкин», — дейди Искандарян. «Арцахни тан олиш — бу ҳам ички сўров, ҳам экзистенсиал зарурият. Аммо бу сценарий амалга ошиши учун етарли даражада самарали дипломатик меҳнат ҳамда халқи ва аскарлари бу зарбани ўзига олиб, Россия манфаатларини ҳам ҳимоя қилган ҳолда ўз иттифоқдошлик бурчини бажараётган Арманистон иттифоқдошларини ҳам жалб этиш зарурияти талаб этилади», — деди Меликян.

«Россия билан келишмасдан туриб, Арманистон бу масалани ҳал қилмаслиги аниқ, Россиянинг ўзида эса, вазиятга қараганда, ҳеч ким бунга рози бўлмайди», — дея ишонч билдирмоқда Россия давлат гуманитар университети доценти Александр Гушчин. Унинг фикрича, Ереван тан олишга умуман рози бўлмайди, чунки бу стратегик жиҳатдан кераксиз қадам: «Ҳа, Арманистон жамоатчилиги орасида бу жиддий масала, аммо сиёсий нуқтаи назардан бундай ечим ҳеч нарса бермайди ва фақат Арманистоннинг халқаро майдондаги позициясини мураккаблаштиради, шунингдек, янги тинчлик жараёнини ташкил қилиш истиқболларига жиддий зарба беради». «Арманистон бундай қадамни қўяди, деб ўйламайман, бироқ ҳатто Ереван бунга рози бўлса ҳам, уни Европада қўллаб-қувватлашлари амри маҳол», — деди Ташқи сиёсат тадқиқотлари институтида «Марказий Осиё» дастури эксперти Максимилиан Хесс. Экспертнинг сўзларига кўра, бундай ташаббусни Косовогина қўллаб-қувватлаши мумкин, аммо ҳатто бу ҳам кафолатланмаган.

Тан олиш қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев қатъий қилиб, «Ҳеч қандай шароитда Озарбайжон Тоғли Қорабоғнинг мустақил бўлишига розилик бермайди», — деди. «Арманистон икки ҳафта мобайнида халқаро ҳамжамиятнинг турли тузилмаларига мурожаат қилмоқда, лекин сўнгги ўн кун ичида Европа Иттифоқи томонидан халқнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи тилга олинган баёнот берилгани йўқ. Эрон, Россия ва бошқа барча мамлакатлар эса бу қарор уларнинг кун тартибига кирмаслигини намойиш қилди», — дейди озарбайжонлик сиёсатшунос Фарҳод Маммадов. «Бундай тан олиш иккита оқибатга олиб келиши мумкин, музокаралар ўз мазмунини йўқотади ва Озарбайжон билан уруш бошланади», — деб давом этади эксперт. «Тан олганидан кейин Арманистон Тоғли Қорабоғ билан ҳарбий иттифоқ ҳам тузиши аниқ, бу де-юре урушга олиб келади. Де-факто Ереван ҳозир ҳам Қорабоғда уруш олиб бормоқда, аммо мустақиллик ҳақида қарор қабул қилиниши уруш эълон қилинишини ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштиради.

Ереван тан олиш бўйича ҳам ўзига иттифоқдошлар топмайди, деб ишонч билдиради экспертлар. «Қорабоғни тан олишда ҳеч қандай занжирли реакция бўлмайди», — деди Гушчин. Хесс таъкидлашича, Озарбайжон аллақачон Тоғли Қорабоғни тан оладиган ҳар қандай мамлакат билан дипломатик алоқаларни узиши ҳақида айтиб ўтган. Айни пайтда Франциянинг Тотал компанияси Озарбайжонда ўз лойиҳаларига эга, шу фактнинг ўзигина ҳам Парижнинг минтақани тан олиш йўлидаги қарорига тўсиқ бўла олади. Италия ҳам Озарбайжон билан тижорий алоқаларга эга, Испания эса Каталония омилини ҳисобга олса, Тоғли Қорабоғни тан олиши амри маҳол. Германияга келсак, Ангела Меркель Европада чегараларни ўзгартиришга нисбатан ўзининг салбий муносабати ҳақида кўп бора айтиб ўтган. «Арманистон ва Озарбайжон Европа эмас, дейиш мумкин бўлса-да, улар Шарқий шериклик мамлакатлари рўйхатига киради», — дея қўшимча қилган эксперт.

Ҳозирча Қорабоғ мустақиллигини тан олиш зарурияти ҳақида Европанинг алоҳида шаҳарлари ва АҚШнинг баъзи штатлари баёнот билан чиққан. 2012—2014 йилларда АҚШдаги еттита штат АҚШ президенти ва конгрессини Қорабоғни тан олишга даъват этувчи резолюцияни қабул қилган эди. 17 октябрь куни Италиянинг Милан шаҳри мажлиси ҳам мамлакат ҳукуматига мустақилликни тан олиш ва Озарбайжонни тажовуз учун қоралашга чақирувчи мурожаатнома юборди. Франция парламенти қуйи палатаси депутати Валери Буайе эса Қорабоғни тан олиш ҳақидаги резолюцияни юқори палатага юборди.

Изоҳ
Asosiy yangiliklar
Маҳаллий
«Ҳудудгазтаъминот» аҳолини газдан оқилона фойдаланишга чақирди
Маҳаллий
«Кимдир жавоб бериши, кимдир қусиши керак» — фаоллар газ ва электр муаммоси сабабчиларига жазо сўрамоқда
Маҳаллий
Тошкент вилоятида эр-хотин ва уларнинг уч ойлик чақалоғи ис газидан вафот этди