Марказий банк бошқарувининг 22 октябрь куни ўтказилган йиғилишида банк раиси Мамаризо Нурмуродов Ўзбекистон бозорларида гўшт ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари нархи давлат томонидан тартибга солиниши ҳолатлари кузатилганига муносабат билдирди.

Кадр: UzReport

«Бу масалада мен шуни қайд этишим керакки, ўзбекчасига айтганда, маҳаллий ҳокимият органларининг бу каби ҳаракатларига нисбатан ‘Салласини олиб келгин деса, калласини олиб келади’, деган бир тушунча бор. Биз бу каби чораларга қаршимиз. Бу масалада Президент биздан, энг аввало, нархларни маъмурий тартибга солиш ҳисобидан эмас, таклиф ва талаб ҳисобига барқарорлаштириш кераклигини талаб қилади», — деган Марказий банк раиси.

Эслатиб ўтамиз, 16 октябрь куни Шавкат Мирзиёев 16 октябрь куни озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказганди. Унда гўшт, тухум, ўсимлик ёғи ва шакар нархининг кескин ўсиши аҳолининг норозилигига сабаб бўлаётгани таъкидланган эди.

Шунингдек, барча озиқ-овқат маҳсулотларининг захираси бўлиши кераклигини, бу давлат сиёсатига айланиши лозимлигини айтганди. Шундан сўнг Тошкент шаҳрида гўшт нархига чеклов ўрнатилгани маълум бўлди.