Президент Шавкат Мирзиёев 16 октябрь куни озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказган эди. Унда гўшт, тухум, ўсимлик ёғи ва шакар нархининг кескин ўсиши аҳолининг норозилигига сабаб бўлаётгани таъкидланган эди.

Фото: «Gazeta.uz»

Вилоят, туман, шаҳар ҳокимлари ва сектор раҳбарларига ўз ҳудудида яратилган озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича тизим, бозордаги шарт-шароитлар ва нарх-наво бўйича халққа ҳисобот бериш бўйича вазифа юклатилган эди.

«Gazeta.uz»нинг ёзишича, 18 октябрь куни йирик супермаркет тармоқлари, дўконлар ва айрим бозорларда юқори нарх таснифига кирувчи гўшт йўқолиб қолгани, мавжуд гўшт маҳсулотларининг нархи эса 60 минг сўмдан ошмаётгани маълум бўлди. Бу ҳақда муштарийлар ҳам маълум қилган, ижтимоий тармоқларда ҳам хабарлар қолдирилган.

«Президент ҳокимларга маҳсулотлар нархи ошишига қарши курашишни буюрди. Ҳокимлар бу муаммони қандай ҳал қилди? Солиқ хизматларига ‘Korzinka.uz’ ва ‘Макрў дўконларида айланиб, 1 килоси 50 минг сўмдан қиммат бўлган гўштларни расталардан олиб ташлашни буюрди... Биз, истеъмолчилар, энди танлов ҳуқуқидан маҳруммиз», — деб ёзган Facebook’даги 255 мингдан ортиқ фойдаланувчини бирлаштирган «Potrebitel.uz» гуруҳи аъзоларидан бири.

«Экобозорга кираверишда 60 минг сўмдан гўшт сотилаётган эди, олмоқчи эдик, сотувчи суяк қўшиб бера бошлади. ‘Бизга алоҳида суяклар керакмас, олаётган гўштимиздаги суяклар етади’, деган гапимизга сотувчи ‘унда сотмайман’, деб жавоб берди. Расмий менежер Каримов Б.га мурожаат қилсак, у ҳам сотувчининг гапларини тасдиқлади», — деб ёзган бошқа бир фойдаланувчи ҳамда хабарига сурат ва видеоёзувларни илова қилган.

«Бугун Юнусобод-14, Аҳмад Донишдаги дўконга кирдим. Растада дўкон кам эди. 60 минг сўмдан фақат ёғ ва суяклар бор эди. Сотувчи: ‘Президент фармони — қиммат гўшт сотилмайди. Нархлар пасаймагунича, бу фармонгача сотилган яхши гўшт бўлмайди’, деди», — деб ёзган яна бир интернет-фойдаланувчиси комментларда.

Тошкентдаги Паркент бозорида гўшт 60 минг сўмдан сотилмоқда, бироқ жуда кўп суяк ва ёғ қўшиб бериляпти. Исмини ошкор этишни истамаган сотувчининг «Gazeta.uz»га маълум қилишича, «президент фармони» билан гўшт нархига 60 минг сўмлик чеклов қўйилган, шу боис у ёғ ва суяк қўшиб беришга мажбур бўляпти. Ўтган ҳафта худди шу гўшт 70 минг сўм бўлган. Сотувчининг фикрича, нархни назорат қилиш бефойда, вазият янада ёмонлашади, бундан аввал ҳам шу каби ўхшамаган уринишлар кўп бўлган.

Бошқа бир сотувчи ҳам гўштни паст нархда сотиб, кўп ёғ-суяк қўшишга мажбурлигини тан олган. Унинг сўзларига кўра, ҳозир бозорда 7 миллион сўмдан камига 100 килоли буқани тополмайсан. Бундан ташқари, чорва учун ем нархи ошганини ҳам ҳисобга олиш керак (масалан, йирик шохли қорамол учун сентябр ойи бошида биржада 5,8 миллион сўм бўлган махсус ем нархи 6,9 миллион сўмгача кўтарилган).

Олой бозоридаги гўшт расталарида ҳам нарх 60 минг сўмдан паст. Айни вақтда қиммат гўшт ҳам бор. «Gazeta.uz» мухбири 83 минг сўмга бифштекс гўшт сотиб олган. Бонфиле эса аввалгидек нархда – бир килоси тахминан 120 минг сўмдан.

Йирик супермаркет тармоқларида ҳам гўшт нархи 60 минг сўмдан ошмаяпти. Тармоқлар ҳозирча ушбу ҳолат юзасидан бирор изоҳ бермаган. Қайд этиш жоиз, «Korzinka.uz» 17 октябрь куни Telegram’да гўшт нархлари ва суратларини эълон қилган: кўкрак ва қовурға — 52 990 сўмдан, тўш — 58 890 сўмдан, бўйин — 59 990 сўмдан.

Фото: Telegram / @korzinka_uzbek

Аввалроқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари нархларни барқарорлаштириш учун шакар, картошка, ўсимлик ёғи, гўшт, қорамол ва паррандани тирик ҳолда ва уларни сўйишдан олинган маҳсулотларни олиб кириш, шунингдек уларни реализация қилиш айланмаларини қўшилган қиймат солиғидан вақтинча озод қилиш таклифи билан чиққани маълум бўлган эди.

Гўшт ишлаб чиқаришга ихтисослашган Promeat компанияси директори, фермер Иззат Муталов «Gazeta.uz»га берган интервьюсида гўштни ҚҚСдан озод қилиш нотўғри ва самарасиз эканини айтиб ўтган эди. Расмий статистикага кўра, Ўзбекистонда чорванинг 91 фоизи (2019 йил якунларига кўра 94 фоизи) аҳолининг қўлида, фермерларнинг эмас.

Иззат Муталовнинг сўзларига кўра, аҳоли чорвани нақд пулга сотади ва бу «соядаги операциялар» ҳисобланади ва «ҳеч қанақасига ҚҚС тизими билан кесишмайди», шу боис таклиф қилинаётган чоралар кутилган самарани бермайди. ҚҚСнинг бекор қилиниши ресурслар ва хом ашё, хусусан, чорвадорлар ишлатаётган ёнилғи, уруғлик, ускуналар нархи ошишига олиб келади.