XIX асрнинг биринчи декадаси Россия ва Эрон тарихида алоҳида саҳифа сифатида қолди. Ушбу икки мамлакат 1804 йилдан бошлаб, тўққиз йил давомида уруш олиб борди, рус-форс урушининг асосий сабаби шарқий Гуржистоннинг Россияга қўшиб олиниши бўлди. Шарқий Гуржистон Россияга 1801 йилдаёқ қўшилган бўлса-да, уруш 1804 йилда бошланди, узоқ давом этган жанг 1813 йилда Россиянинг мутлақ ғалабаси билан якунига етди. Шу йиллар давомида икки давлат кўплаб ерлар учун жанг олиб борди. «Дарё» ушбу жанглар фонида Боку хонлиги билан бўлиб ўтган воқеа ҳақида ҳикоя қилади.
Эрон ва Россия ўртасидаги сарсон Боку
1806 йилнинг 15 октябрида рус қўшини генерал Булгаков бошчилигида Бокуга кириб борди. Бошқа жойлардан фарқли ўлароқ, бу шаҳарнинг эшиклари очиқ бўлган, уни маҳаллий аҳоли ҳеч қандай жангсиз Россияга топширган эди.XVI–XIX асрларда Кавказ Россия, Усмонли ва Сафавий давлатлари ўртасидаги оловли жангларга майдон бўлиб хизмат қилди. Пётр I нинг форс юриши пайтида рус қўшинлари Каспий денгизининг бутун ғарбий қирғоқларини эгаллаб олди. Санкт-Петербургда тузилган шартнома (1723 йил) натижасида Боку ва Дарбанд шаҳарлари, Гилон, Мозандарон ва Астробод вилоятлари Россия империясига қўшилиб кетди. Рус императорининг мақсади бу ҳудудлардан сунний мусулмонларни ҳайдаб чиқариб, ўрнига насронийликни кенг ёйиш эди.
Аммо келишувдан тўққиз йил ўтгач, 1732 йилда Россия империяси Каспий вилоятларини форсларга қайтариб берди, кейинроқ Ганжа сулҳига биноан (1735) Дарбанд ва Боку ҳам ташлаб чиқиб кетилди. Форсларга бой берилган икки шаҳар ва бошқа қалъалар 1796 йили руслар томонидан яна қайтариб олинди. Боку шаҳрига комендант қилиб Павел Дмитриевич Сицианов тайёрланди. Бу воқеадан узоқ вақт ўтмай, Россия империясининг ташқи сиёсий йўналиши ўзгариб, улар ҳозирги Озарбайжон ҳудудини тарк этди.
Аммо ўз йўлини тўлиқ ҳал қилмаган руслар яна Каспиёлди ҳудудларига қайтишга қарор қилди. Генерал майор Завалишин қўшинлари томонидан Бокуни эгаллаб олишга уриниш амалга оширилди, аммо бу муваффақиятсиз якунланди. Кейин Кавказ губернатори Павел Сицианов ушбу операцияни шахсан ўзи бошқаришга қарор қилди.1600–2000 кишилик отряд ва 10 та қурол билан у Боку қалъасига кўтарилиб, 1806 йил 30 январда унга яқинлашди. Боку хони Ҳусайнқулига ёзган хатида у шаҳарнинг таслим бўлишини талаб қилди.
Хон шаҳар таслим бўлишини эълон қилди. Қалъа калитларини топшириш вақтида рус генерали хоннинг яқин шерикларидан бири томонидан отиб ўлдирилди. Шундан сўнг, руслар ортга чекинишга мажбур бўлди.
Форсларга қолган шаҳар кўп вақт уларнинг бошқарувида бўлмади. 1806 йилнинг октябрида қаҳрамон Сергей Алексеевич Булгаков бошчилигидаги рус қўшинлари Бокуга яқинлашди. Боку аҳолиси Павел Сициановни хийла билан ўлдирилгани учун мумкин бўлган жазодан қўрқиб, Булгаковни шаҳардан бир неча чақирим узоқда кутиб олишди ва унга қалъа калитлари топширилди. Шундан сўнг княз Сициановнинг жасади тантали равишда шаҳарнинг арман ибодатхонасига кўчирилди ва унинг қотили Иброҳимбек Сибирга сургун қилинди.
Россия империяси бошқарувидаги Боку
Ҳокимиятга руслар келганида Боку эски шаҳар ва қалъа деворлари ташқарисидаги бир нечта деворлардан иборат эди. Ўша пайтда Бокуда 500 та уй бор эди, аҳолининг сони эса уч минг кишини ташкил қиларди, аммо аҳолининг сони ошиб бориши билан шаҳар қалъа деворларидан ташқарида кенгайиб борди. 1813 йилдаги Гулистон тинчлик шартномасига биноан шимолий Озарбайжон, шу жумладан, Боку ҳам Россия империясига қўшилиши тасдиқланди.Шимолий Озарбайжон Россия томонидан ишғол қилингандан сўнг, чор Россиясининг мустамлакачилик сиёсатини амалга оширишда янги маъмурий-ҳудудий бўлиниш бошланди. 1840 йил 10 апрелдаги суд ва маъмурий ислоҳотлар натижасида Боку, Шуша, Шеки, Лангарон, Шамаҳа вилоятлари округларга айланиб, янги ташкил этилган Каспий минтақаси таркибига кирди ва Куба округи Доғистон округи таркибига кирди. Қирол Николай Ининг 1846 йил 14 декабрдаги фармонига биноан Жанубий Кавказнинг маъмурий-ҳудудий бўлинмасида янги ўзгаришлар амалга оширилди. Ҳудуд Тифлис, Кутаис, Шамахҳ ва Дарбанд вилоятларига бўлинди. Бу вақтга келиб, Бокудаги уйлар сони 1 600 га, аҳоли сони эса 8 120 га етган эди.
Боку вилоят марказига айланиб, жадал ривожлана бошлади. Шаҳар сезиларли иқтисодий тикланишни бошдан кечирди. Абшеронда йиллик нефть қазиб олиш 200-300 минг пудга етди. 1847 йилда Бибиҳайбат қишлоғида биринчи нефть қудуғи механик равишда қазилди. Боку ва атрофдаги шаҳарларнинг жадаллик билан ривожланиши сув ва темир йўл алоқалари ўрнатилишига эҳтиёж туғдирди. 1880 йил 20 январда Бокуни Балахани, Сабунчи ва Сурахани саноат зоналари билан боғлайдиган тор темир йўл фойдаланишга топширилди. 1883 йил 8 майда Боку-Тифлис темир йўли иш бошлади.
XIX асрнинг 40 йилларида Каспийда буғ кемалари ишлашни бошлади. 1859 йилда Бокуда порт қурилиши бошланди. 1860 йилда Каспийда денгиз орқали ташиш билан шуғулланадиган «Кавказ ва Меркурий» жамияти 15 та буғ кемасига эга бўлди.
Бокуда ўша вақтда машинасозлик, металлни қайта ишлаш, кемаларни таъмирлаш заводлари бор эди, уларда 100–500 ишчи ишлаган; буғ идишларини ишлаб чиқариш заводлари ва бошқалар, кемасозлик заводи, икки минг ишчи ишлайдиган тўқимачилик фабрикаси, иккита тамаки фабрикаси, цемент заводи, дистиллаш ва пиво заводи, электростанциялар, буғ тегирмонлари иш юритаётган эди. Шаҳарда машина ва жиҳозларни таъмирлаш, қурилиш материаллари, маиший маҳсулотлар ишлаб чиқариш устахоналари мавжуд эди.
Озарбайжоннинг мустақилликка эришиши
Россия таркибидаги Озарбайжон мухторияти ғояси биринчи бўлиб Бокуда бўлиб ўтган Кавказ мусулмонларининг апрель сездида илгари сурилди ва 1917 йил май ойида Москвада ўтган Россия мусулмонлари сездида қўллаб-қувватланди. 31 октябрда болшевиклар Боку советининг фавқулодда чақириғига эришди. Бу ерда улар бир қатор нефть ишлаб чиқарувчи заводлар қўмиталари ва армия вакиллари иштирокида ҳокимиятни тортиб олиш тўғрисида қарор қабул қилди.1917 йил декабрда Боку кенгашига янги сайловлар бўлиб ўтди. Янги ижроия қўмита таркибига олти болшевик, беш дашнак, тўрт чап эсер, уч ўнг эсер, икки мусаватчи кирди. 1917 йил охири–1918 йил бошларида жанубий Кавказдаги воқеалар натижасида Озарбайжон давлат мустақиллигини тиклади. Боку Озарбайжон Демократик Республикасининг пойтахтига айланди.
Миржалол Қосимов тайёрлади.
Изоҳ (0)