Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Британия музейи Самарқанддаги Шоҳи-Зинда мажмуасига тегишли бўлган ва январь ойида Лондоннинг Хитроу аэропортида контрабанда маҳсулоти сифатида қўлга туширилган олтита кошин партиясини Ўзбекистонга қайтаради. Бу ҳақда The Guardian нашрига таяниб «Gazeta.uz» хабар қилмоқда.

Фото: Британия музейи

Фото: Британия музейи

Қайд этилишича, қўшимча ҳужжатларда кошинлар сотиш учун мўлжалланган нусхалар сифатида келтирилган. Уларни жомадонда олиб келган одам уларни бир кун олдин Шаржада (БАА) сотиб олганини айтган. У ҳатто 315 дирҳамлик (тахминан 70 фунт) квитанцияни ҳам тақдим этган.

Кошинлар Буюк Британия чегара хизмати вакиллари томонидан қўлга олиниб, уларнинг ҳақиқий ёши, келиб чиққан мамлакатига аниқлик киритиш мақсадида Британия музейига мурожаат қилинган.

Карантин ҳолатига қарамай, Британия музейида дунёнинг етти мамлакати олимлари билан маслаҳатлашув кенгаши ташкил қилди. Унда профессор Жеймс Аллан (Оксфорд университети), доктор Анвар Атахожаев (Самарқанд), доктор Бахтиёр Бобожанов (Тошкент), профессор Шейлу Блер (Бостон коллежи), профессор Роберт Хилленбранд (Эдинбург университети), Жолион Лесли ва доктор Ричард Макклари (Йорк университети).), профессор Чарльз Мелвилл (Кембриж университети), доктор Жаброил Ноканде (Миллий музей, Эрон), доктор Бернард О'Кейн (Қоҳира), доктор Андрей Омелченко (Россия давлат Эрмитажи), доктор Баҳар Ўздемир (Анқарадаги Ҳожи Байрам Вели университети)лар иштирок этди.

Ўзаро кенгашдан сўнг кошинлар XIII аср охири — XIV аср ўрталарига оидлиги ҳамда Самарқанддаги Шоҳи-Зинда ёдгорлик мажмуасига тегишли эканлиги аниқланди. Шоҳи-Зинда ёдгорлик мажмуасида бир неча бор, хусусан 1996, 2000 ва 2004 йилларда археологик қазиш ва тиклаш ишлари амалга оширилган.

Фото: Британия музейи

Фото: Британия музейи

Маълум қилинишича, 2004 йилда ишлар давомида илгари мажмуада мавжуд бўлган бинолардан ҳам, сақланиб қолган ёдгорлик иншоотларидан ҳам меъморий безакларнинг кўп сонли қисмлари топилган. Топилган парчалар Ўзбекистон Фанлар академияси Археология институтига, Самарқанд шаҳар тарихий-маданий ва меъморий музей-қўриқхонасига, Самарқанд шаҳри тарихи музейи жамғармаларига ўтказилган.

Ушбу далиллар келтирилгач, кошинларни импорт қилувчи эгалик ҳуқуқини талаб қилмаган. Кошинлар мусодара қилинган ва кейинчалик Ўзбекистонга репатриация қилиш учун Британия музейига топширилган.

Маданият вазирлиги расмий мурожаат олгандан сўнг, Маданий мерос бўлимидаги ўзбекистонлик олимлар билан биргаликда ушбу кошинларнинг келиб чиқишини аниқ жойларда ўрганишни бошлади. Кошинларнинг маълум бир ёдгорликка тегишлилигини аниқлаш учун Самарқандга борадиган ишчи гуруҳ ташкил этилди.

Тадқиқотлар давомида кошинлар Хўжа Аҳмад мақбараси (XIV асрнинг иккинчи ярми), номаълум мақбара (1360/61) меъморий безакларига услубий яқинлиги аниқланди, аммо меъморий ёдгорликлардан безак парчаларининг кошинлар билан тўлиқ мос келиши ҳозирча аниқланмади. Айни пайтда кошинларнинг маълум бир меъморий ёдгорликка тегишли эканлигини аниқлаш бўйича ишлар давом этмоқда.

Маданият вазирлиги ушбу кошинларни 2020 йил декабрь ойида Британия музейида намойиш этишга рози бўлди. Яқинда Британия музейи ҳам Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси билан Ўзбекистондан ўғирланган ёки сотилган экспонатларни аниқлаш ҳамда улар юзасидан маслаҳат бериш бўйича ҳамкорлик қилиш тўғрисида меморандум имзолади.

Фото: Британия музейи

Фото: Британия музейи

Сўнгги ўн йил ичида Британия музейи Ироқ, Афғонистон, Ўзбекистон ва бошқа мамлакатларга 2500 дан ортиқ буюмларни қайтаришга ёрдам берган. Масалан, 2017 йилда Британия музейи Бухородаги Чашмаи-Аюб мақбарасидан ўғирланган кошинларни аниқлаш ва муваффақиятли олиб келишда ёрдам берган эди.

Ўзбекистон тергов органлари томонидан текширув ўтказилганидан сўнг, ушбу ўғирликда иштирок этган шахслар жазоланди. Ҳозирда ушбу кошин Тошкентдаги Давлат санъат музейида сақланмоқда.

«Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Британия музейи ходимларига, шахсан музей директори, доктор Хартвиг Фишерга, Британия музейининг Яқин Шарқ бўлими катта куратори ва археологи доктор Жон Симпсон ва бошқа олимларга амалга оширилган иш учун самимий миннатдорлик билдиради. Биз Британия музейи ва Буюк Британиянинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан артефакт мерос объектларининг ноқонуний савдосига қарши курашиш бўйича ўзаро ҳамкорлигимизни янада кучайтирамиз», — дейилади Ўзбекистон Маданият вазирлиги хабарида.

Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчиси Саид Рустамов ҳам Британия музейи ва Британия чегара хизматига миннатдорлик билдирди. Унинг таъкидлашича, томонлар ёдгорлик буюмларининг ноқонуний савдосига қарши курашишда ҳамкорликни давом эттиради.

Изоҳ
Асосий янгиликлар