Сирдарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати Сардоба сув омборидаги техноген вазият оқибатларини бартараф этиш чораларининг тезкор назорати хусусида маълумот тақдим этди, дея хабар қилмоқда «Kun.uz».

Фото: «Gazeta.uz» / Никита Макаренко

Май ойида Сардоба сув омборидаги техноген офат оқибатида Сирдарё вилоятининг Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманларидаги 11 та маҳаллада (28 та аҳоли пункти) яшовчи 89 минг 450 нафар аҳоли хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинганди.

Маълум қилинишича, бугунги кунга қадар 80 минг 64 нафар (89,5 фоиз) аҳоли яшаш манзилларига қайтарилган, қолган 9386 нафари эвакуация қилинган жойларида яшамоқда.

Шундан Сирдарё вилоятининг туман-шаҳарларида – 7308 нафар (919 нафари 10 та муассасаларда ва 6389 нафари хонадонларда), Жиззах вилоятининг туман-шаҳарларида – 2078 нафар аҳоли хонадонларда яшамоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 1 май куни тонгида Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборида тўғон ўпирилиши содир бўлганди. Сув тошқини оқибатида Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидаги аҳоли пунктлари ва экинларга зарар етган, бинолар, йўллар, коммуникациялар вайрон бўлган. Учта тумандан жами 90 мингга яқин киши эвакуация қилинган.

Бу иш бўйича 17 нафар шахс ҳибсда экани маълум қилинган.

Аввалроқ Сардоба фожиасининг чайлаларда яшаётган жабрланувчилари ҳақида хабар қилинганди.