Қуёш билан боғлиқ ғайриоддий мўъжиза 1917 йил 13 октябрда Португалиядаги Сантарен округидаги  Фотима номли шаҳар яқинида содир бўлди. 70 мингга яқин одамлар Биби Марям ваъда қилган мўъжизани кўриш учун сайхонликка тўпланади. Йиғилган одамлар гувоҳлик беришича, улар осмонда айланиб юрган  қуёшни кўради. Қуёш аввал кўк, кейин сарғайган рангга киради ва  ҳажми катталашиб, ерга яқинлашиб узоқлашгандек бўлади. Тахминан 10 дақиқа давом этган мазкур тушунарсиз воқеа тарихга Фотима ҳодисаси деб кирган.

Фото: Google Photos

Фотима ҳодисаси замирида диний характердаги воқелик бор ва шу туфайли насроний диндорлари Биби Марям ваъда қилган мўъжизани унинг содиқ одамлари буни ўзларининг эътиқодларини тасдиқлаш деб билди. Фан ва илм кишилари эса бу сирли  ҳодисани оммавий галлюцинация ёки хаёлпарастлик деб рад этди. Хўш, аслида, воқеа қандай бўлган ва нимадан бошланган эди?

Асрлар давомида Португалия насронийлик эътиқодини ёйиш учун кўп ҳаракат қилгани билан ажралиб турарди. Аммо ҳукуматга ўн саккизинчи асрда динга қарши ғоялар таъсир кўрсатди ва ўша пайтдан бошлаб масонлик мамлакатни христианлаштиришга киришди. Йигирманчи асрнинг бошларида Португалияда ахлоқий ва диний вазият мураккаб эди. 1911 йилда черков ва давлатнинг ажралиши расмий тус олди.

1910 йилдан 1913 йилгача дин учун даҳшатли йиллар бўлди: руҳонийлар ва епископлар қамоққа ташланди ёки сургун қилинди; диний буйруқлар бостирилди; деярли барча семинариялар ёпилди ва мусодара қилинди; миссионерлар сустлашди. Масонлик назорат остида эди. 1910 йилдан 1926 йилгача Португалия ўн олтита инқилобни бошдан кечирди, ҳукумат амалдорлари қирқ марта алмашди.

Уч чўпон болакайга кўринган Биби Марям

1917 йил 13 майда Португалиядаги Фатима қишлоғи яқинида учта кичкина болакай қишлоқ четидаги кенг ўтлоқда чорва боқиб юрганида илк бор ўзидан нур таратиб порлаб турган чиройли хонимни кўрди. Чўпон болалар – Жакинто етти ёшда, Франциско унинг укаси тўққиз ёшда, уларнинг амакиваччаси - Лусинта ўн ёшда эдилар. Ажойиб хоним уларга илоҳий хабарни қисқача мазмуни бўлган тасбеҳга ибодат қилишни ва тавба қилишни таклиф қилди. Португал қишлоғи одамлари ўта динга эътиқоди баланд ва Биби Марям Худо Исонинг онаси сифатида эъзозлашгани туфайли ибодатхоналарида унинг рамзи сифатида ҳайкаллар, расмлар бор эди.

Порлаб турган хоним ўзини Биби Марям эканини эътироф этмаган бўлса-да, болалар уни дарров илоҳий Хоним эканини таниди. Биби Марям кейин  улардан кейинги бешинчи ойнинг ўн учинчи санасида ҳар куни шу ерга қайтиб келишни илтимос қилди. Мазкур учрашувни сир қолишини илтимос қилса-да, ёш  Лусинта бу ҳақида онасига айтиб қўяди. Онаси, табиийки, бу гапларга ишонмайди ва қатъий рад этади. Аммо кўп ўтмай бу воқеа овоза бўлиб жуда катта шов-шувларга сабаб бўлади. Болалар айтишига қараганда, Биби Марям учта сирли хабар етказиб, уларни ҳеч кимга айтмасликка чақирган эди.

Фото: Google Photos

Болалар Биби Марям сўраганидек ҳар ой ўша учрашув жойига келишга содиқ қолди. Фақат 1917 йилнинг 13 августдан ташқари, чунки ўша пайтда шаҳар мери, масонлар вакили уларни қамоққа ташлади. У болаларни хоним уларга билдирган сирни ошкор қилмасангиз, уларни қайнаб турган қозонга ташлайман, деб қўрқитган эди.

Ҳар бир учрашувда Биби Марям болаларга Худонинг қудратини ва кароматини кўпроқ очиб берди. У келажакдаги бахтсизликларни ҳозирча сир тутиши кераклигини ва яқинда ягона тирик қолган Лусия томонидан очиб берилишини башорат қилди. Булар ҳозирги 1914–1918 йиллардаги урушдан ҳам даҳшатли уруш билан боғлиқ эди.  У инсонлардан дунёни Марямнинг беғубор юрагига бағишлашни илтимос қилди, чунки фақат у орқали дунёга Худонинг ёрдами келиши мумкинлигини башорат қилган эди.

Болалар билан суҳбат қурган хилма хил соҳа вакиллари улар айтаётган ҳар бир гап сафсата эканини уқтирар ва Биби Марямдан уларга ҳам кўриниши ёки бирор мўъжиза кўрсатишини талаб қила бошлади.

Болалар 13 сентябрдаги Биби Марям билан бўлган учрашувда унга одамлар мўъжиза талаб қилишаётганини етказади, сўнг охирги учрашув, яъни 1917 йилнинг 13 октябрда, у ҳамма кўриши мумкин бўлган буюк мўъжизани ваъда қилди.

Ҳар бир учрашувга кичкина болакайларга қизиқувчи ҳамроҳлар кўпайиб бора бошлайди.  Масалан 13 сентябрь куни 25 мингдан 30 минггача томошабинлар келган бўлса,  13 октябрда тахминан 70 минг оломон йиғилди.

Ваъда қилинган мўъжизанинг содир бўлиши

Бутун оломон 1917 йилда уч болакай билан бирга учрашув жой сайхонликда тўпланди. Улар агар мўъжиза содир бўлмаса, болаларни қаттиқ тазйиққа олинишини  ва черковга нисбатан беҳурматликда айбланишини айтиб огоҳлантиришди.  Биби Марям ваъда қилган буюк мўъжиза содир бўладиган ўша куни эрталаб ёмғир ёғди. Оломон бетоқат бўлиб, уст бошлари шалоббо бўлса ҳам негадир ҳеч ким майдонни тарк этмайди.

Фото: Google Photos

Куннинг  пешин вақтида осмондан булутлар кетиб тозаланди. Кейин ўша ердаги учта чўпонга Биби Марям кўринди ва ўзини Розарио хоним деб таништирди. У ўзини мавжудлигини, одамлар буни қабул қилиб ибодат қилишларини илтимос қилди. Кейин 70 минг томошабин олдида булутлар орасидан  пайдо бўлган қуёш уч марта айлана бошлади. Бутун оломон қий-чув кўтариб «Мўъжиза! Мўъжиза!» деб ҳайқира бошлайди.  Ҳар бир айланиш уч-тўрт дақиқа давом этиб, дарахтларни, оломонни, ерни камалакнинг барча ранглари билан ёритиб турарди.

Қуёш аввал кўк, кейин сарғайган рангга киради ва  ҳажми катталашиб, ерга яқинлашиб, узоқлашгандек бўлди. Кейин у осмонда спиралсимон айланди ва оломон ичига тушгандай бўлди. Одамлар раҳм-шафқат сўраб ерга йиқилди. Кейин қуёш ўз жойига қайтди. Томошабинлар кийимларининг қуриб қолганини пайқади.

70 минг киши гувоҳ бўлган ушбу мўъжиза ҳақидаги янгиликлар, шу қаторда динга қарши бўлганлар қатори бутун Португалияда яшин каби тарқалди ва улкан таассурот қолдирди. Фотима ҳодисасидан сўнг, 1918 йилда епископлар сургундан чақирилиб, Лиссабонда йиғилиш ўтказишга муваффақ бўлди. Ҳарбий руҳонийлик тикланди ва Муқаддас Тахт билан алоқалар жонланди. Ўша пайтда масон ложаларида Португалия Республикаси президенти ўлдирилган эди. Улар антиклериклар устидан назоратни тиклашга интилди, аммо уларнинг ҳаракатлари муваффақиятсиз тугади.

Уч сир нимадан иборат эди?

Биринчи сир бу жаҳаннам ҳақидаги тасаввур бўлиб, болаларга 1917 йил 13 июлда ошкор қилинган эди. Болаларга Биби Марям ерости каби кўринадиган буюк олов денгизини кўрсатди. Ушбу оловга ғарқ бўлган жинлар ва одам қиёфасидаги шаффоф ёниб турган чўғларда қорайган ёки ёқилган таналар кўринди. Жинларни қўрқинчли ва номаълум ҳайвонларга ўхшар эди, деб қайд қилган ягона тирик гувоҳ Лусия.

Иккинчи сир эса Биринчи жаҳон урушидан Ҳам даҳшатлироқ уруш содир бўлиши тўғрисидаги башорат бўлиб, бу урушда рус халқини Биби Марям юрагига бағишлаши кераклигини айтган эди. Учинчи башорат орадан 83 йил ўтгач 2000 йилларда очилди ва унда насронийлар таъқиб қилиниши мумкинлиги мазмунидаги гап бор эди.

Фото: Google Photos

Фаннинг муносабати

Мазкур воқеа ва сирлар жуда кўп мунозараларга сабаб бўлган бўлиб, ҳанузгача тингани йўқ. Фотима далиллари бўйича черков тергови 1917 йил ноябрда очилди. Аммо вазият туфайли ҳукм фақат ўн уч йил ўтиб, 1930 йил 13 октябрда чиқарилди. 1926 йилда Лоурдесда текширув кенгаши ташкил этилди. Илмий жиҳатдан тушунтириб бўлмайдиган мингдан ортиқ даъво 1955 йилгача рўйхатга олинди. Осмондаги юз берган ҳодисани олимлар муз кристаллари ва шунга ўхшаш воқелик билан боғлади. Сабаби, шунга ўхшаш воқеалар 1997 йилда Бразилияда, 2009 йилда Колумбияда ва 2010 йилда Босния ва Герцеговинада  суратга олинган эди.

Ушбу ҳодисани Лодз технология университети ходими Артур Вировский 2012 йилдан бери текширмоқда ва метеорологик ҳодиса бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди. Вировскийнинг иши шуни кўрсатадики, агар кристаллар электр зарядини олса, улар тебраниши ва қуёш мўъжизаси каби эффектларни яратиши мумкин. «Бизда электр зарядланган булутдаги динамик ҳаракатларнинг жуда яхши 3D назарий модели мавжуд», дейди у.

Бироқ Вировский бу ҳодисани яхшироқ кузатиш, шунингдек, кристалларнинг қандай зарядга тушиши ва нега қуёш рақслари фақат дунёнинг айрим қисмларида қайд этилгани ҳақидаги саволларга жавоблар зарурлигигини айтди. Шу  туфайли Фотима ҳодисаси ҳозиргача тўлиқ ўрганилмаган сирли ҳодиса сифатида тарих зарварақларидан жой олди.

2020 йилда мазкур ҳодисага бағишланган кино суратга олинди.

Абдулазизхон Акрамов тайёрлади.