Аввалроқ Тошкентда соатига 150 километр тезликда машина ҳайдагани учун жаримага тортилган Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳар ҳокими Усмон Раҳимовнинг ўғли Дилшод Исмоиловнинг бир нечта шериклари билан безорилик қилгани тасвирланган видео тарқалган эди.

Кўп ўтмай, воқеа 2020 йил 28 май куни Тошкент шаҳри, Яккасарой туманида содир бўлгани маълум бўлган. Дилшод Исмоиловнинг жиноий шериклари — 20 ёшли Мирбосит М., 19 ёшли Элмурод Д., 20 ёшли Ҳумоюн А. билан безорилик қилиб, 56 ёшли Шавкат М. ва унинг 30 ёшли ўғли Лазиз М.га тан жароҳатлари етказган.

Мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Тошкент шаҳар ИИББ бу жиноий иш ҳақида 2020 йилнинг 11 июнида хабар берган.

«Xabar.uz» нашрининг Бош прокуратура матбуот хизматига таяниб маълум қилишича, жанжал натижасида ота-боланинг бирига енгил, иккинчисига ўртача оғир тан жароҳати етказилган. Шунингдек, ўша пайтда ота-болаларнинг қўшниси 1977 йилда туғилган Акмал А.га ҳам ўртача оғир тан жароҳати етказилгани эксперт хулосаси билан тасдиқланган.

Бироқ пандемия сабаб жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари вақтинча тўхтатилган.

Мазкур жиноят иши бўйича 2020 йилнинг 29 сентябрь куни дастлабки тергов тикланган. Айни пайтда Яккасарой тумани ИИО ФМБ томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.