Қирғизистонда 4 октябрь куни еттинчи чақириқ Жўқорғи Кенгес депутатларига сайловлар бўлиб ўтди. Сайловда 16 сиёсий партия парламентдаги ўринлар учун курашди, деб хабар берди «24.kg» ахборот агентлиги.

Фото: «24.kg»

Дастлабки маълумотларга кўра, фақат қуйидаги тўртта сиёсий партия бир палатали парламентга кириш учун 7 фоизлик тўсиқни енгиб ўтишга муваффақ бўлди. Булар:

  • «Биримдик» (24,53 фоиз) – 46 та ўрин;
  • «Мекеним Қирғизистан» (23,9 фоиз) – 45 та ўрин;
  • «Қирғизистан» (8,74 фоиз) – 16 та ўрин;
  • «Бутун Қирғизистан» (7,09 фоиз) – 13 та ўрин.

Марказий сайлов қўмитасининг таъкидлашича, мамлакатнинг 2475 сайлов участкалардаги 97,25 фоиз овоз ҳисоблаб чиқилди. Сайловда сайловчиларнинг 56,2 фоиз иштирок этди.

Қайд этилишича, парламентга кира олмаган бешта партия – «Ислоҳот», «Ордо», «Мекен Интимаги», «Чон Казат» ва «Иймон Нури» сайлов натижаларини тан олишдан бош тортди ҳамда биргаликда ҳаракат қилишга келишиб олди.

Шунингдек, 5 октябрь куни Бишкекда овоз бериш натижаларига рози бўлмаган партиялар ва уларнинг тарафдорлари тинч митинглар ўтказди.