Қидирув гиганти — Google августнинг бошида Pixel 4а смартфонини тақдим этганида кейинроқ унинг 5G версиясини ҳам чиқаришини айтган эди. 3 октябрь куни  Pixel 4а 5G ҳамда мутлақо янги Pixel 5 смартфонлари намойиш этилди. «Terabayt.uz» смартфонлар ҳақида батафсил таҳлилни чоп этди.

Фото: Pixabay

Бу икки модель қадоғиданоқ Android 11 операцион тизим талқини билан тақдим этилган илк смартфонлардир. Уларнинг афзалликлари қаторида яна ихчамлиги ва OLED-экранга эга эканлигини таъкидлаш мумкин. Қолган жиҳатларига кўра улар… оддий, ўртача смартфонлар бўлиб чиқди, ҳаттоки Google Pixel 5 модели ҳам флагман хусусиятларига эга эмас!

Умумий жиҳатлари

Pixel 4а 5G модели ҳам, Pixel 5 ҳам Qualcomm Snapdragon 765G процессори базасига қурилган. Мазкур чипсет самарадорлик бўйича рекордга даъво қилмайди, аммо бешинчи авлод уяли алоқа стандартини қўлловчи Snapdragon Х52 модемини ҳамда Titan М хавфсизлик модулини ўзида жамлаган.

Google бу иккита смартфонини айни бир хил камералар жамланмалари билан ҳам таъминлаган. Бош камера қўшалоқ бўлиб, ундаги 12,2 мегапикселли асосий сенсор фазавий фокуслаш ҳамда қўшма (оптик ва электрон) барқарорлаштириш тизимларига эга. Бу датчикка дифрагмаси F/1,7 ҳамда кўриш бурчаги 77 даражали объектив бириктирилган. Иккинчи модул эса 16 мегапикселли аниқликка эга; унда F/2,2 диафрагмали ва кўриш бурчаги 107 даражали объектив қўлланилган.

Pixel 5

Фото: Pixabay

Pixel 4а 5G ҳамда Pixel 5 смартфонларининг олд камералари 8 мегапикселли; унга F/2,0 диафрагмали ва кўриш бурчаги 83 даража бўлган объектив бириктирилган. Селфи-камера сониясига 30 кадр тезлигида Full HD видео ёза олади; бош камера 60 кадр/сония тезлигида 4К-видео ёзиб олишга қодир.

Иккала моделнинг муштарак жиҳатларидан яна қуйидагиларни санаб ўтиш керак: 128 гигабайтли доимий хотира; стереофоник карнайлар; 18 ваттли тезкор қувватлаш; USB 3.1 Gen 1 Type-C porti; Wi-Fi 802.11ac, Bluetooth 5.0+LE ҳамда NFC модуллари.

Фарқлари

Pixel 5 моделининг OLED-экрани диагоналига 6 дюйм бўлиб, 2340х1080 пикселли аниқликда тасвир узата олади. Кадр янгиланиш частотаси 90 герц бўлган дисплей юзасига Gorilla Glass 6 ҳимоя шишаси ётқизилган.

Pixel 4а 5G смартфонида ҳам OLED-матрица қўлланган, лекин унинг ўлчами диагоналига 6,2 дюймга тенг. Дисплейнинг частотаси оддий, тасвир узатиш формати 2340х1080 пикселли; унинг муҳофазаси учун Gorilla Glass 3 шишаси қўлланган.

Pixel 4а 5G

Фото: Pixabay

Ҳар иккала смартфонда ҳам тезкор хотира учун LPDDR4 тоифали чиплар қўлланган, лекин Pixel 5 моделида унинг ҳажми 8 гигабайт бўлса, Pixel 4а 5G девайсида 6 гигабайт.

Pixel 5 моделининг алюминийдан ишланган корпуси IP68 даражасида ҳимояга эга. Google унга учта микрофон ўрнатган, бироқ 3,5 миллиметрли стандарт қулоқчин тирқиши қўймаган. Смартфоннинг 4000 мА/соатли аккумуляторига симсиз қувватланиш ва реверсив зарядка (бошқа девайсларга қувват бериш) технологиялари жорий этилган.

Pixel 4а 5G корпуси эса поликарбонатдан ишланган, унда иккита микрофондан ташқари стандарт қулоқчин тирқиши ҳам қўлланган. Бу смартфоннинг 3800 мА/соатли батареясида симсиз қувватланиш хусусияти йўқ.

Pixel 5 корпусининг ўлчамлари 144,7х70,4х8,0 миллиметрли бўлиб, 151 грамм тош босади. Pixel 4а 5G моделида эса бу кўрсаткичлар тегишлича 153,9х74,0х8,2 миллиметр ва 168 граммга тенг.

Бу икки смартфонга бағишлаб қуйида расмий видеолавҳа тайёрланди:

Европа бозорида Pixel 5 учун 630 евро сўрашади, АҚШда эса уни 700 доллардан сотишади. Pixel 4а 5G эса ушбу бозорларда тегишлича 500 евро ҳамда 500 долларга баҳоланган. Ҳар иккала смартфон учун аллақачон олдиндан буюртмалар олинмоқда, уларнинг очиқ савдоси эса 15 октябрдан бошланади.