Қоракўл туман Халқаро математика мактабини 2019/2020-ўқув йилида 48 нафар ўқувчи битирган. Мактаб битирувчиларининг барчаси олий таълим муассасаларига ўқишга кирган. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Фото: «Дарё»

«Давлатимиз раҳбари томонидан бизнинг мактабимизга халқаро мақом берилиши бу аввало жуда катта ютуқ бўлиши билан бир қаторда, жуда катта масъулият ҳам эди. Биз билдирилган ишончни энди халқаро майдонда оқлаш масъулиятини олганмиз. Ушбу вазифанинг эндигина ярмини уддаладик», – дейди мактаб директори Темир Рўзиев.

Худди шундай ҳолатни Бухоро шаҳридаги 38-умумтаълим мактаби битирувчиларининг ҳам барчаси талабалар сафидан жой олганини кўриш мумкин.

Қайд этилишича, 2019/2020-ўқув йилида мактабни 101 нафар ўқувчи тугатган. Битирувчиларнинг барчаси ОТМларга ҳужжат топшириб, ўқишга кирган.

«Ўқувчиларимиз мунтазам равишда «Билимлар беллашуви» ва фан олимпиадаларининг вилоят ҳамда республика босқичларида муваффақиятли иштирок этиб келишади. Ўтган ўқув йилида 8-синф ўқувчилари Мўътабар Холова ва Маржона Олимова инглиз тили фани йўналишида ўтказилган онлайн тарздаги халқаро олимпиадада иштирок этиб, юқори кўрсаткичларни қўлга киритди» – дейди мактаб директори Дилором Жўраева.

Таъкидланишича, битирувчиларнинг 3 нафари — Фирдавс Фаттоев, Давлатбек Давлатов ва Шаҳруз Раҳимов муддатидан илгари жаҳоннинг 20 дан ортиқ олийгоҳига талабаликка қабул қилинган.