Англияда COVID-19 касаллигига чалинган беморлар ўзини яккалаш қоидаларини бузган тақдирда 28 сентябрдан бошлаб йирик миқдорда жаримага тортилади. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар берди.

Фото: EPA

Маълум қилинишича, ўзини яккалаш қоидасини бузганлар биринчи марта минг фунт-стерлинг миқдорида жаримага тортилади, агар қоидабузарлик айнан бир киши томонидан такрорланса, жарима миқдори 10 минг фунт-стерлингга кўтарилади.

Буюк Британия соғлиқни сақлаш вазири Мэттью Хенкокнинг сўзларига кўра, ҳукумат коронавирус тарқалишини секинлаштириш учун бундан кейин иккиланмасдан чоралар кўради.

Бундан ташқари, Лондондаги Вестминстер саройи ҳудудида жойлашган барлар ва ресторанларга соат 22:00 дан кейин спиртли ичимликлар сотиш тақиқланди. Бу чеклов аввалроқ парламент биноларига тааллуқли бўлмаганди, чунки улар ишда ушланиб қоладиган парламент ходимлари учун керакли деб ҳисобланганди.

Англияда 24 сентябрдан ресторанлар ва барларнинг соат 22:00 дан кейин ишлашига чеклов қўйилган. Ниқоб тақмаганлик учун жарима оширилди, тўйдаги меҳмонлар сони эса 15 кишидан кўп бўлмаслиги белгиланди.

Буюк Британияда коронавирус билан касалланиш оқибатида 42 мингдан ортиқ одам вафот этган, пандемия бошидан буён мазкур касаллик билан 434,9 минг киши касалланган.