Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Германияда вафот этган бош вазир ўринбосари Ўктам Барноевни Ўзбекистонда коронавирус қурбонлари рўйхатига қўшди. ССВнинг 20 сентябрь якунлари бўйича эълон қилган кунлик ҳисоботида 56 ёшли Ўктам Барноев билан боғлиқ ҳолат Тошкент шаҳри статистикасига 300-ўлим сифатида киритилган.

Ўктам Барноев.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Изоҳ: «Дарё» нашри Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этганларнинг ҳисобини юритиб келмоқда. Ўктам Барноев Ўзбекистонда вафот этмагани учун «Дарё» уни коронавирус қурбонлари сафига киритмасликка қарор қилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Фурқат Санаев Германияда вафот этган ўзбекистонлик Ўзбекистондаги коронавирус қурбонлари рўйхатига қўшилгани Ўктам Барноевнинг шу вақтгача Тошкент шаҳрида яшагани билан изоҳлади. Айни вақтда, ССВ юритаётган расмий статистикада ушбу мантиққа мос келмайдиган талай ҳолатлар бор.

Карим Камолов.

Фото: «Дарё»

Жумладан, коронавирус оқибатида 22 августда Тошкентда вафот этган Бухоро вилояти ҳокими Карим Камолов билан боғлиқ ҳолат, у бунгача Бухорода доимий яшаганига қарамай, ССВ томонидан Тошкент шаҳар статистикасига қўшилган («Барноев ҳолати» мантиғи бўйича Камоловнинг ўлими Бухоро статистикасига қўшилиши керак эди).

Адҳам Абдуллаев.

Фото: Сирдарё мусиқали драма театри матбуот хизмати

Июль ойи ўрталарида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Адҳам Абдуллаев коронавирус асоратлари оқибатида Тошкентда вафот этган. У бунгача Сирдарё вилоятида доимий яшаганига қарамай, унинг ўлими ҳам Тошкент шаҳар статистикасига қўшилган («Барноев ҳолати» мантиғи бўйича эса ушбу ўлим Сирдарё статистикасига қўшилиши лозим эди).

Ойбек Хўжаев.

Фото: Каттақўрғон туман ҳокимлиги

Каттақўрғон тумани прокурори Ойбек Хўжаев 1 сентябрь куни Хоразмда коронавирус асоратларидан вафот этган. У ССВ ахборотида ҳам «Каттақўрғон туманида яшаган, Хоразмда даволанган» деб кўрсатилган, аммо расмий статистикага COVID-19 нинг Хоразмдаги иккинчи қурбони сифатида киритилган. Бироқ, «Барноев ҳолати» мантиғи бўйича, бу прокурорнинг ўлими Самарқанд вилоят статистикасига қўшилиши керак эди.

ССВ 17 май куни Сурхондарёда коронавирус оқибатида биринчи ўлим ҳолати ҳақида хабар берган, унда асли сирдарёлик юк машина ҳайдовчиси вафот этгани маълум қилинган. Ушбу ўлим ҳолати Сурхондарё вилояти статистикасига қўшилган, бироқ «Барноев ҳолати» мантиғи бўйича бу ҳолат ҳайдовчининг доимий яшаш жойи — Сирдарё вилояти статистикасига қўшилиши лозим эди.

Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Шу вақтгача ССВ ўлим ҳолатларини бемор вафот этган жой бўйича саралаётгани тахмин қилинаётган эди, бироқ Барноев билан боғлиқ ҳолат вазиятни ўзгартириб, саволларни кўпайтирмоқда. ССВ матбуот хизмати ҳозирча бу ва бошқа шунга ўхшаш ўнлаб ҳолатлар юзасидан изоҳ берганича йўқ.

Қайд этиш жоиз, Германияда вафот этган Ўктам Барноевнинг «Тошкентда доимий яшагани учун» Ўзбекистондаги коронавирус қурбонлари рўйхатига қўшилиши ССВ томонидан юритилаётган расмий статистика рақамлари ортида бош вазир ўринбосари каби хорижда вафот этган яна бошқа фуқаролар ҳам бўлиши мумкин, деган фаразни келтириб чиқармоқда.