Америкалик ёзувчи, ҳужжатли фильмлар ва «Форрест Гамп» романи муаллифи Уинстон Грум 77 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Американинг Алабама штатидаги Ферхоп шаҳар мэри Керин Уилсон Facebook саҳифасида маълум қилди.

Фото: «rbc.ru»

«Мен азиз дўстим Уинстон Грумнинг вафоти муносабати билан чуқур таъзиямни изҳор этаман. Ферхоп аҳли таниқли ёзувчисини йўқотди», − деб ёзади Уилсон. У ёзувчининг ўлими сабабини айтмаган.

Маълумот учун, Грум 1965 йил Алабама университетини тамомлаганидан сўнг 4 йил давомида АҚШ армиясида – Вьетнам урушида ҳарбий хизматни ўтаган. У Америкага қайтиб келганидан сўнг «Washington Star» газетасида мухбир бўлиб ишлаган, кейинчалик бор эътиборини роман ёзишга қаратган.

Унинг энг машҳур асари – «Форрест Гамп» 1986 йил нашр этилган бўлса-да, 1994 йил романнинг экранлаштирилган версияси Роберт Земекис ва Том Хэнкснинг бош ролдаги ижроси туфайли дунё бўйлаб машҳурликка эришди. Фильм 6 маротаба «Оскар» мукофотига ва бошқа совринларга сазовор бўлди. 1995 йил муаллиф романнинг давомини «Гамп ва компания» номи остида нашр этди.

«‘Форрест Гамп’ романи фильмидан жуда фарқ қилади, китоб мазмунан бой ҳамда ўта қайғули», − дейди Дон Ноубл USA Today нашрига. Ноубл − 40 йил давомида муаллиф билан дўст бўлиб келган Алабама университетининг инглиз тили профессори.

Грум тарихий ва бадиий адабиётда самарали ижод қилди, шунингдек, Америка фуқаролар уруши ҳақида кўп асарлар ёзди. Унинг Вьетнам урушида денгиз пиёдалари ҳақида «Душман билан суҳбатлар» китоби бадиий адабиёт бўйича 1984 йилда «Пулитцер» мукофоти финалчиси бўлган.