Осиё тараққиёт банки (ОТБ) томонидан эълон қилинган янги ҳисоботга кўра, COVID-19 пандемияси, талабнинг сустлиги, саноат ишлаб чиқариши ва хизматлар соҳасидаги пасайиш натижасида 2020 йил Ўзбекистондаги иқтисодий ўсишнинг янада пасайиши кутилмоқда. Бу ҳақда ОТБ матбуот хизматига таяниб, «Gazeta.uz» хабар берди.
Осиё тараққиёт банкининг етакчи йиллик иқтисодий нашри ҳисобланган Asian Development Outlook 2020’га киритилган янги маълумотларга мувофиқ, ОТБ 2020 йилда Ўзбекистон ЯИМ ўсишини 0,5 фоиз даражасида прогноз қилмоқда ва бу июнь ойидаги 1,5 фоиз даражасидаги прогнозга нисбатан пасайиш ҳисобланади. Бироқ 2021 йилда ЯИМ 6,5 фоизгача кўтарилиши кутилмоқда ва бу прогноз 2020 йилда қилинган прогнозга мос келади.
«Бизнинг ҳисоботимизда бу йил ўсишнинг пасайиши тахмин қилинаётган бўлса-да, хизматлар ва саноат соҳаларида кутилаётган ўсиш натижасида 2021 йилда қайта тикланиш кутилмоқда. Мамлакат пандемияни энг қисқа вақт ичида енгиши ва иқтисодиётни тиклашини таъминлаш учун биз касалликнинг ижтимоий ва иқтисодий ҳамда соғлиққа бўлган таъсирини камайтириш борасида Ўзбекистон халқини қўллаб-қувватлаб, ёрдам бериб келмоқдамиз», — дейди ОТБнинг Ўзбекистондаги доимий ваколатхонаси раҳбари Синди Малвичини.
Банкнинг инфляция прогнозлари ўзгаришсиз қолмоқда — 2020 йилда 13 фоиз ва 2021 йилда 10 фоиз. Пандемия билан боғлиқ узилишлар 2020 йилнинг дастлабки 7 ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархларида инфляцияни оширди, бироқ бу даврда бошқа товар ва хизматлар нархлари инфляцияси секинлашди. Шу билан бирга, 2019 йилга нисбатан Ўзбекистон сўмининг АҚШ долларига нисбатан қадрсизланиши 2019 йилнинг биринчи ярмидаги 2,5 фоиздан 2020 йилда 6,7 фоизгача кўтарилди.
Саёҳатларга қўйилган чекловлар ва Россиядаги ҳолат сабабли пул ўтказмаларининг қисқариши ҳамда табиий газ, мисга бўлган талаб ва нархларнинг пасайиши сабабли товарлар экспорти 19,7 фоизга пасайди. Натижада Ўзбекистоннинг жорий ҳисоб дефицити 2020 йилнинг биринчи ярмида ЯИМнинг 7,7 фоизига тенг бўлди. Ўтган йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 6,8 фоизни ташкил этган.
Таъминот занжиридаги узилишлар товарлар импортининг 14,1 фоизга қисқаришига олиб келди ҳамда қурилиш ва саноат моллари импортида сезиларли пасайиш кузатилди. Хизматлар экспорти 38,6 фоизга, импорти эса 28,4 фоизга пасайди. Экспорт ва пул ўтказмаларидаги заифлик давом этаётган шароитда банк жорий ҳисоб дефицитининг 2020 йилда ошишини ва 2021 йилда экспорт ва пул ўтказмаларининг тикланиши натижасида қисқаришини прогноз қилмоқда.
Аввалроқ Жаҳон банки Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 2020 йилда 1,5 фоизга ўсишини тахмин қилганди. Шунингдек, Ўзбекистон Марказий банки ҳам ЯИМнинг ўсиши 2020 йилда 1,5 фоизгача пасайишини кутмоқда. Ўзбекистоннинг прогнозлари S&P Global Ratings кредит рейтинги прогнозида «барқарор»дан «салбий»га ўзгарди.
Изоҳ (0)