Давлат тест маркази интернетда тест натижалари хато ҳисобланган ёки тест синовларида ноҳақликка йўл қўйилган, деган мазмундаги постлар ва видеомурожаатлар эълон қилинаётгани юзасидан тушунтириш берди.

Фото: «Дарё»

«Мазкур ҳолат Давлат тест маркази томонидан ўрганиб чиқилди. Ҳолат бўйича шуни маълум қиламизки, 11 сентябрь куни тест синовлари натижаларини эълон қилишда техник хатоликка йўл қўйилган. Хатолик ижтимоий тармоқларда ёзилгани каби тест натижаларини ҳисоблашда эмас, балки уларни эълон қилишда кузатилган.

Тест натижаларидаги техник хатолик Навоий ва Қашқадарё вилоятлари ҳамда Қўқон шаҳрида 10 сентябрь куни 1-сменада ўтказилган тест синовларида иштирок этган айрим абитуриентларда юзага келган. Мазкур ҳолат аниқланиши билан хатоликни тузатиш ишлари бошлаб юборилган.

Ҳозирда мазкур техник хатолик тузатилиб, тест натижалари хато эълон қилинган абитуриентларнинг натижалари янгиланди.

Мазкур абитуриентлар шахсий кабинетлари орқали янгиланган тест натижаларини қайта кўришлари мумкин.

Давлат тест маркази йўл қўйилган хатолик учун абитуриентлардан ва уларнинг ота-оналаридан узр сўрайди», – дейилади ДТМ изоҳида.

Шунингдек, Давлат тест маркази тест синовларини шаффоф ва адолатли ўтишига ҳисса қўшаётган блогерлар ва оммавий ахборот воситалари вакилларига миннатдорлик билдирган.