Вазирлар Маҳкамасининг «2020 йил пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Унга кўра, қўлда терилган ҳар бир килограмм пахта хом ашёси учун биринчи теримда 1 000 сўмдан, иккинчи теримда 1 400 сўмдан кам бўлмаган миқдорда меҳнат ҳақи тўланади.
Пахта териш машиналари билан териб олинган ҳар бир тонна пахта хом ашёси учун 920 000 сўмдан кам бўлмаган хизмат ҳақи тўлаш, пахта-тўқимачилик кластерлари ва кооперацияларига юқорида тавсия этилаётган нархлардан кам бўлмаган ҳолда мустақил нарх белгилаш ҳуқуқи берилди.
Пахта хом ашёси учун меҳнат ва хизмат ҳақи ҳар беш кунда, зарурат бўлганда, ҳар куни тўлаш тавсия этилди.
Ишсиз ҳамда вақтинчалик банд бўлмаган аҳолидан иборат терим отрядлари раҳбарлари билан мавсумий ишга қабул қилиш бўйича фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар тузилади ҳамда терим отрядлари раҳбарларига пахта хом ашёси йиғим-терими якунига қадар 2 миллион сўмдан кам бўлмаган миқдорда меҳнат ҳақи тўланади. Шунингдек, ушбу харажатлар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.
Пахта-тўқимачилик кластерлари ва кооперацияларига пахта хом ашёсини териб олиш учун йиллик 16 фоиз ставкада (шундан 1 фоиз банк маржаси) кредит ажратиш мақсадида уч ой муддатда қайтариш шарти билан «Агробанк» АТБ депозитига 1,3 триллион сўмгача маблағлар жойлаштирилади.
Жиззах, Қашқадарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида пахта йиғим-терим мавсумида жалб қилинадиган пахта териш машиналари томонидан терилган ҳар бир тонна пахта хом ашёсини йиғиб-териб олиш хизмат баҳосининг 30 фоизи Молия вазирлиги томонидан қоплаб берилади.
Пахта-тўқимачилик кластерлари ва кооперациялар ҳамда фермер хўжаликлари томонидан хориждан олиб келинадиган юқори унумли пахта териш техникалари, уларнинг бутловчи буюмлари ва эҳтиёт қисмлари, истисно тариқасида, 2021 йил 1 сентябргача божхона тўловларидан (қўшилган қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод қилинади ва «эркин муомалага чиқариш» божхона режимига жойлаштирилган санадан бошлаб қўшилган қиймат солиғини 270 кунгача бўлган муддатга кечиктириб тўлашга рухсат берилади;
Қуйидаги туманларда қўлда терилган ҳар бир килограмм пахта хом ашёси учун тавсия этилган тариф ставкасига давлат бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан 200 сўмдан устама ҳақ тўланади:
- Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятларининг барча туманлари;
- Қорақалпоғистоннинг Қонликўл, Қораўзак, Кегейли, Қўнғирот, Тахтакўпир, Хўжайли, Шуманай, Чимбой ва Нукус туманлари;
- Қашқадарё вилоятининг Косон, Муборак, Миришкор, Нишон, Касби, Қарши туманлари;
- Сурхондарё вилоятининг Қизириқ, Бандихон, Музработ ва Шеробод туманлари.
Мавзуга доир:
- Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари: «2020 йилги пахта мавсуми иккита мураккаб талабга мувофиқ ташкил этилади»
- Баҳодир Умрзоқов: Бу йилги пахта терими пандемия вақтига тўғри келганлиги учун ҳар 100 нафар теримчига бир нафар тиббиёт ходими бириктирилади
- «Бошқа вилоятга бориб пахта терувчиларнинг ҳар бирига 500 минг сўмдан молиявий ёрдам берилади» — Баҳодир Умрзоқов