Олий Мажлис Сенати аъзоси, Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси, журналист, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби Шарап Уснатдинов 78 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.
Журналист, сиёсатчи Шарап Уснатдинов 1942 йил Кегейли туманида туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини тугатган. Ёзувчи, жамоат арбоби «Кимга кеч, кимга тонг саҳар», «Сўнгги овчи», «Кўрганларим, кўнгилдагиларим», «Биринчи қорақалпоқ балетмейстери», «Шоирнинг ёшлиги» каби роман ва қиссалар ёзиб қолдирган.
Шарап Уснатдинов Нуроний жамғармасининг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси сифатида узоқ йиллар фаолият юритган. У 2020 йил январида ўтказилган сайловларда Сенат аъзоси этиб сайланган ва янгиланган Сенатнинг энг кекса аъзоси бўлганди.
Хабарда марҳумнинг ўлими сабабига аниқлик киритилмаган.
Аввалроқ Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, хонанда ва шифокор Авазбек Маҳмудов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи ва ёзувчи Поён Равшанов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, истеъфодаги полковник Икромжон Бўронов вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)