Андижон шаҳридаги «Янги ҳаёт» маҳалласида истиқомат қилувчи Шукуржон ва Насибахон Қодироҳуновлар хонадонида 11-фарзанд дунёга келди. 7 сентябрь куни Андижон вилояти перинатал марказида туғилган қиз фарзанднинг ҳам, онанинг ҳам аҳволи яхши. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Миролим Исажонов хабар бермоқда.
«Дунёдаги энг бахтли онаман»
«Ўзим ҳам серфарзанд оилада туғилиб, ўсганман. Етти қиз ва бир ўғилнинг бешинчисиман. 21 ёшимда турмушга чиққанман. Ўша пайтда жуда кеч оила қурдим, деган фикрда юрардим. Негаки, синфдош қизларнинг деярли барчаси оилали бўлган эди-да. 22 ёшга тўлганимда илк фарзандим туғилди. Унга Шукрона исмини қўйдик. Тўнғичим ҳозир 18 ёшда. Шундан сўнг Яратган бир этак – 8 қиз, 3 ўғил ато этди.
Хўжайнимнинг исми Шукрулло бўлганлиги боис фарзандларимиз исмини ҳам ўз исми бош ҳарфига атай мос келтириб қўйган. Шукрона, Шунқорбек, Шоҳидбек, Шукуфа, Шукура, Шонисо, Шаҳина, Шавқия, Шайҳулло ва Шамсинурнинг сафи яна бир нафарга кенгайганидан беҳад хурсандмиз. 3,9 килограмм вазнда туғилган саккизинчи қизимизга Шодиёна исмини қўйиш ниятидамиз.
Кўпчилик ўн бир нафар фарзанднинг онаси эканлигимга ишонмайди. Ҳозир ҳам мен билан бир палатада ётган оналарнинг ишонгиси келмаяпти. Балки ёш кўринганим учун айримларда шубҳа уйғонса керак, деб ўйлайман.
Баъзи одамлар нечанчи рўзғорингиз билан яшайсиз, бунча ўғил-қиз орасида боқиб олганларингиз ҳам борми, эгизаклар-чи, дея турли саволларни беришади. Яратганга шукр, барча болаларимнинг отаси бир инсон. Улар ичида ҳеч бирини қарамоғимизга олмаганмиз, ҳаммаси ўзимизнинг фарзандлар. Дунёдаги энг бахтли она эканлигимдан севинаман!», деди у.
«Ҳокимият қачон автомобиль бераркан?»
Суҳбат жараёнида Қодироҳунова 2019 йили туғилган қизи ва унинг атрофида тарқалган автомашинага оид гап-сўзларга ҳам тўхталиб ўтди.
«Ўтган йили 10-фарзандимни дунёга келтирганим тўғрисидаги хушхабар интернет сайтлари ва телеканалларда чиққач оиламизга давлат томонидан машина берилгани ҳақида гап-сўзлар тарқалди. Кўча-кўйда машина қуллуқ бўлсин, дея табрик билдирганлар ҳам кўп бўлди. Аммо бизга бундай совға ҳадя қилинмаганди.
Ўшанда Андижон шаҳар ҳокимлигидан Оминахон исмли аёл бир қанча врачлар ва камера кўтарган оператор билан келиб, ҳоким оилавий шароити ҳамда чақалоқ ва онанинг ҳолатини ўрганиб келинглар. 3-4 кундан сўнг алоҳида хабар оламиз, деб бизни юборди, дея съёмка қилиб кетишган. Шундан кейин қайтиб қорасини кўрсатишмади. Қўни-қўшнилар анчагача ҳокимият қачон автомобиль бераркан, деган савол билан юзланишди», — деди серфарзанд она.
«Бирор ташкилотдан ёрдам сўрамаганмиз»
Насибахон Қодироҳунованинг таъкидлашича, карантин даврида уларга МФЙ ва ҳокимлик томонидан бир неча марта ёрдам кўрсатилган.
«Биз ҳамиша Худога шукр қилиб яшаймиз. Мен умр йўлдошимга ишониб туғяпман ва улар доим бекам-у кўст шароит яратиб беради. Ҳеч қачон бирор ташкилотга оилавий аҳволимизни яхшилашга ёрдам беришини сўраб, мурожаат қилмаганмиз. Уларнинг ўзлари ҳам ҳол сўраб келишмаган. Балки биз ҳақимизда эшитишмагандир. Яна ким билсин, дейсиз? Шунча фарзандни қийинчилик билан бўлса ҳам, ўзимиз парваришлаяпмиз.
Карантин вақтида МФЙ ва ҳокимлик томонидан ёрдам сифатида бир марта нақд пул кўринишида ҳамда икки марта озиқ-овқат маҳсулотлари берилди. Фарзандларимдан энг кенжасига 480 минг сўм миқдорда 2 ёшгача нафақа пули оламиз, холос. Маҳалла раисига ҳеч йўқ катта фарзандларимнинг бирини 16 ёшгача нафақа пулига ўтказиб қўйсангиз, бир миллион сўмга яқин давлатдан моддий ёрдам олардик, дея ҳар йили айтаман. Аммо у киши иложи йўқлигини таъкидлайди.
Бағримиз кенг эканлиги ва азиз неъмат бўлган ўғил-қизларни яхши кўрганимиз учун яратган бизга фарзанд беряпти, назаримда. Орамизда туғишни тўхтаца бўларди, бунча фарзандни катта қилиб, ўзини қийнамаса яхши эди, дея фикр билдирувчилар ҳам кўп, албатта. Бу каби эътирозларни айтадиган инсонлар, узоқ йиллардан бери фарзанд кўриш орзусида юрганларга ҳам биз каби серфарзанд бўлиш насиб қилишини тилайман. Юртимиздаги ҳар бир оилада соғлом ўғил-қизлар ўйин-кулгиси ҳамиша янграсин, илоҳим», — деди Қодироҳунова.
«Ҳамиша ёш кўринади»
Андижон вилояти перинатал маркази олий тоифали акушер-гинекологи Умида Нажмиддинованинг айтишича, Насибахон Қодироҳунова ҳеч қачон бирор боласини кесарча кесиш йўли билан туғмаган.
«Насибахоннинг беш нафар фарзандини туғдириш жараёнида қатнашганман. Барча ҳамкасблар уни яхши таниймиз. Ҳар гал туғруқ жараёнида қийналмай, табиий йўл билан дунёга келтиради. Бу сафар ҳам ўз кучи билан туғди. Ҳеч қачон кесарча кесиш ҳолати кузатилмаган. У шифокорларга ҳам тез-тез мурожаат қилмайди, жуда ҳам соғлом аёл. Турмуш ўртоғи яхши парвариш қилгани боис 11 фарзанднинг онасига сира ўхшамайди. Ҳозир она-боланинг ҳолати яхши. Насибахонга кўплаб ёш оналар ҳавас қилишади», — деди шифокор.