Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикасида пиллачилик ва қоракўлчиликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» фармонини имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан эълон қилинди.

Фармонга кўра:

  • 2021 йил 1 июлга қадар республиканинг яйловларга эга барча ҳудудларида озуқа базасини яратган ҳолда майда шоҳли наслдор молларни кўпайтириш, шунингдек, мол сўйиш, тери ва жунни қайта ишлаш, гўшт-сут маҳсулотлари, ярим тайёр ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил қилиш бўйича қоракўлчилик кластерлари (кейинги ўринларда – кластерлар) ташкил қилинади;
  • кластерларга қоракўл зотли қўйларини боқишга мўлжалланган, шу жумладан, ўрмон билан қопланмаган ўрмон фонди ерларидан яйловлар ижарага берилади;
  • кластерларга яйловлардан самарали фойдаланиш, уларнинг ҳолати ёмонлашиб кетишига йўл қўймаслик, илмий ва инновацион ёндашувларни қўллаган ҳолда майда шоҳли наслдор молларни кўпайтириш, кластер иштирокчилари ўртасида кооперация алоқаларини йўлга қўйиш орқали хом ашёни чуқур қайта ишлашни ва маҳсулот ишлаб чиқаришни ташкиллаштириш бўйича мажбуриятлар юкланади;
  • кластерлар Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти ҳамда Бухоро чўл-яйлов озуқабоп ўсимликлар уруғчилиги илмий-ишлаб чиқариш маркази билан яқиндан ҳамкорлик қилади;
  • 2021 йил 1 январдан бошлаб кластерларга ҳудудларда шахтали ва тик қудуқлар, шунингдек, сув тортиш учун насос станцияларини янгидан қуриш ва реконструкция қилишга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 17 январдаги «Пиллачилик тармоғида ипак қурти озуқа базасини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ–4567-сон қарори 2-бандида назарда тутилган 120 миллион сўмгача миқдорда субсидиялар бериш тартиби қўлланилади;
  • Республика «Қоракўлчилик» уюшмаси (кейинги ўринларда – Уюшма) аъзолари – кластер иштирокчиларига майда шоҳли наслдор мол харид қилиш ва кўпайтириш, шунингдек, мол сўйиш, озуқа базасини яратиш, ярим тайёр ва тайёр, шу жумладан, гўшт-сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш, тери ва жунни қайта ишлаш ҳамда биноларни реконструкция қилиш ва ишлаб чиқариш қувватларини модернизациялаш лойиҳаларини молиялаштириш учун 2020–2023 йилларда ажратиладиган банк кредитлари бўйича фоиз харажатларини қоплашга, лойиҳалар ҳажми, сони ва уларни амалга ошириш учун зарур бўлган валюта туридан қатъи назар, тижорат банклари томонидан ўрнатилган фоиз ставкасининг 50 фоизи, бироқ 10 фоизлик пунктидан кўп бўлмаган миқдорда Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан компенсациялар берилади;
  • уюшма аъзоларига қўл меҳнати учун ускуналар харид қилиш бўйича харажатларни қоплаш учун камида битта иш ўрни яратиш шарти билан Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида субсидиялар ажратилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан бирга 2021 йил 1 июлга қадар ташкил этилаётган кластерларга озуқа базасини яратиш учун фойдаланишга киритилаётган қишлоқ хўжалиги майдонларидан 1-иловага мувофиқ ажратиб берилишини таъминланади.

Молия вазирлиги 2020 йил 1 октябрга қадар Республика «Қоракўлчилик» уюшмаси ҳузуридаги Қоракўлчиликни ривожлантириш жамғармасига Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 16 августдаги «Қоракўлчилик тармоғини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–4420-сон қарорига мувофиқ давлат бюджетидан ажратилиши лозим бўлган маблағларнинг қолган қисмини ажратилади.

2021–2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистонда қоракўлчиликни ривожлантиришнинг мақсадли параметрлари тасдиқланади.

Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси ташкил этилади. Қўмитанинг асосий вазифаси этиб қуйидагилар белгиланади:

  • пиллачилик ва қоракўлчилик соҳасида ягона давлат сиёсатини олиб бориш, шунингдек, ушбу тармоқларни ягона илмий-техникавий сиёсатни юритган ҳолда, мувофиқлаштирилган тарзда ривожлантиришни таъминлаш;
  • тут плантациялари ва яйловларнинг қатъий ҳисобини юритиш ва фондини ўрганиш, шунингдек, пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш учун озуқа базасини яхшилаш;
  • ипак қурти ва қоракўл зотли қўйларнинг юқори даражада маҳсулдор наслларини жорий қилиш;
  • пилла ва қоракўл терисидан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш мақсадида хом ашё тайёрлаш ва уни қайта ишлаш учун қулай шароитлар яратиш;
  • маркетинг тадқиқотларини ўтказиш ҳамда ипак ва қоракўлдан тайёрланган маҳсулотларни энг аввало ташқи бозорларда сотишга кўмаклашиш;
  • пиллачилик ва қоракўлчилик билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига ўз фаолиятини кенгайтириш, кластерлар ташкил этиш ва маҳсулотни экспорт қилишда ҳар томонлама ёрдам бериш.

Қуйидагилар:

  • Ипакчилик илмий-тадқиқот институти – «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси ихтиёридан;
  • Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти –Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ихтиёридан;
  • Бухоро чўл-яйлов озуқабоп ўсимликлар уруғчилиги илмий-ишлаб чиқариш маркази – «Ўзчорванасл» агентлиги ихтиёридан қўмитага ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали ипак чиқиндилари (шу жумладан, ипак момиғи) ва хом ипак (TIF TN коди – 5002 ва 5003)ни олиб чиқишда 2021 йил 1 январдан эътиборан олиб чиқиладиган ипак чиқиндилари (шу жумладан, ипак момиғи) ва хом ипакнинг ҳар бир килограмми учун 0,05 АҚШ доллари миқдорида йиғим ундирилади.

«Ўзбекипаксаноат» уюшмаси ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Пиллачиликни ривожлантириш жамғармаси ташкил қилинади ва Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали ипак чиқиндилари (шу жумладан, ипак момиғи) ва хом ипак (TIF TN коди – 5002 ва 5003)ни олиб чиқишда ундириладиган йиғимлардан тўлиқ ҳажмдаги тушумлар, шунингдек, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар унинг маблағларини шакллантириш манбаси этиб белгиланади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда қўмита бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

  • 2021/2022-ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат аграр университети ва Самарқанд ветеринария медицинаси институти филиалларида қоракўлчилик соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича махсус йўналишлар очишни назарда тутилади;
  • Самарқанд ветеринария ва медицина техникумида майда шоҳли молларни кўпайтириш ҳамда ипак қурти етиштириш бўйича кадрлар тайёрланишини таъминланади;
  • Марғилон шаҳридаги 1-сон касб-ҳунар мактабида ипак қурти етиштириш, хом ипакни қайта ишлаш ва ипакдан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича кадрлар тайёрланишини таъминланади;
  • Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти ҳамда Ипакчилик илмий-тадқиқот институти уларга майда шоҳли молларни ва ипак қуртини кўпайтириш бўйича юқори малакали мутахассислар тайёрлашни ташкил қилишда илмий-методик ёрдам кўрсатиш вазифасини юклаган ҳолда тегишинча Самарқанд ветеринария ва медицина техникумига ва Марғилон шаҳридаги 1-сон касб-ҳунар мактабига бириктирилади.

Қўмита 2021 йил 1 июлга қадар:

  • кластерлар ташкил қилиш ва уларга яйловларни ижарага бериш учун ташаббускорларни, шу жумладан, чет эллик тадбиркорлар орасидан танлаб олади;
  • иштирокчиларнинг кластерлар фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича аниқ мажбуриятларини белгилаган ҳолда, ташаббускорлар ҳамда Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти билан шартномалар тузади;
  • кластер иштирокчилари ўртасида кооперация алоқалари ўрнатилишини таъминлайди;
  • олис чўл ҳудудларида майда шоҳли наслдор молларни суғориш учун мавжуд иншоотлар (тик ва шахтали қудуқлар)ни реконструкция қилиш ва янгиларини қуриш бўйича 2021 йилга мўлжалланган дастурни тасдиқлайди.

Фармон ижросини назорат қилиш Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Ў.I.Барноев зиммасига юкланди.