АОКА штабида 27 август, пайшанба куни Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги вакиллари иштирокида брифинг ўтказилди. Унда вазирлик ахборот хизмати раҳбари Алипаша Аҳмедов Сардоба фожиасидан зарар кўрган туманларда ичимлик суви иншоотларини тиклаш учун амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот бериб ўтди.

«Карантин шароитида санитария-гигиена қоидаларига амал қилишда ўта муҳим бўлган тоза ичимлик суви билан талафот натижасида зарар кўрган марказлашган ичимлик суви объектлари қайта тикланмагунича зарар етган аҳоли пунктларига 53 та махсус сув ташиш транспорти ёрдамида ичимлик суви етказиб берилиши йўлга қўйилди.

Марказлашган ичимлик сув таъминоти тизимини қайта тиклаш учун 16 та лойиҳа доирасида диаметри 50 миллиметрдан 450 миллиметргача бўлган 103,3 километр магистрал ва ички ичимлик сув тармоқлари тортилди, 18 та сув иншооти реконструкция қилинди ва қурилди, 4 та оқова сув тозалаш иншооти қурилди ҳамда 15 километр оқова сув тармоқлари тортилди.

Шунингдек, 332 та кузатув ва абонент қудуғи, 36 та энергия тежамкор насос ускунаси ўрнатилди, 8 та сув минораси ва тик қудуқ қуриш ҳамда реконструкция ишлари амалга оширилди.

Ушбу мақсадларда Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан 129,7 миллиард сўм, шу жумладан, 65,5 миллиард сўм ичимлик сув иншооти ва тармоқлари реконструкциясига ва 64,2 миллиард сўм янги қурилаётган кўп квартирали уйларнинг ичимлик ва оқова сув иншооти ва тармоқлари қурилиши учун ажратилди.

Бажарилган ишлар натижасида 31 200 дан ортиқ аҳоли тоза ичимлик сув билан таъминланади. Шундан 16 000 га яқин аҳоли марказлашган ичимлик суви билан илк бор таъминланди. Оқова сув хизматлари билан 15 200 дан ортиқ аҳоли қамраб олинди. 470 тадан ортиқ хонадон ичимлик сувига уланди ва хонадонларга сув ҳисоблагич ускуналари ўрнатилмоқда.

Барча объектларда ўрнатилган асбоб-ускуна ва жиҳозларни қурилган иншоотлар билан бирга комплекс (қувурларни гидравлик) синовдан ўтказиш ишлари олиб борилмоқда. Аниқланган камчиликлар пудратчи ташкилотлар томонидан бартараф этилмоқда», — дея маълумот берди Аҳмедов.

Аввалроқ давлат бюджетидан Сардоба сув омбори тўғонида юзага келган фавқулодда ҳодиса оқибатида жабрланган аҳолини қўллаб-қувватлаш ва инфратузилмани тиклаш учун жами 1,5 триллион сўм қўшимча маблағ ажратиш белгилангани, шунингдек, Сардобадаги сув тошқинидан зарар кўрган уйларни таъмирлашга салкам 30 миллиард сўм сарфлангани ҳақида хабар берилганди.