Сталинград жанги Иккинчи жаҳон урушининг энг йирик жангларидан бири бўлиб, жанг Москва ёки Курск жанглари каби урушда туб бурилиш ясади. 1942 йил июлида бошланган ушбу жангнинг энг муҳим палласи шу йил августи бўлди — ўша ойда совет қўшинлари жангда бурилиш ясаб, немислар устидан ғалаба қозона бошлади. Жанг 1943 йил февралида совет қўшинларининг тўлиқ ғалабаси билан якунланди. Қақшатқич зарбага учраган Гитлер Германияси бу жангдан сўнг ўзига келолмади ва чекина бошлаб, пировардида мағлуб бўлди.
«Дарё» ушбу жанг тафсилотлари ҳақида ҳикоя қилади.
1941—1942 йил қиш ойларида Москва яқинидаги совет қарши ҳужумларидан кейин фронтдаги аҳвол бирмунча барқарорлашди. Янги кампания режасини ишлаб чиқишда Гитлер бош штаб талаб қилганидек Москва яқинидаги янги ҳужумдан воз кечишга ва асосий кучларни жанубга йўналтиришга қарор қилди. Қўшинга Донбасс ва Донда совет қўшинларини мағлуб этиб, Шимолий Кавказга ўтиш ва Шимолий Кавказ ва Озарбайжоннинг нефть конларини босиб олиш вазифаси юклатилган эди.
Гитлер нефть манбасини йўқотиб, Қизил Армияни ёқилғисиз қолдирмоқчи ва бу орқали унинг фаол кураш олиб бориш имкониятини йўққа чиқармоқчи эди. Ўз навбатида, немис қўшинининг марказга муваффақиятли ҳужум қилиши учун ҳам қўшимча ёқилғи керак эди ва Гитлер уни Кавказдан олишга умид қилганди (Директива № 41 от 5 апреля 1942 года верховного главнокомандования вооружённих сил Германии на подготовку к летней кампании 1942 года).
Бироқ Харьков яқинидаги Қизил Армия учун муваффақиятсиз кечган ҳужум натижасида ва қўшиннинг стратегик вазияти яхшиланганидан сўнг Гитлер 1942 йил июль ойида «Жанубий армия»ни иккига бўлиб, уларнинг ҳар бирига мустақил вазифа топширди. Генерал-фелдмаршал Вилгелм Лист қўмондонлигидаги «А гуруҳ» (1-танк, 11 ва 17-армиялар) Шимолий Кавказда ҳужумлар уюштиришда давом этди.
Генерал-полковник Барон Максимилиан фон Вейхс бошчилигидаги «Б гуруҳ» (2, 6-армия, кейинчалик 4-танк армияси, шунингдек, 2-Венгрия ва 8-Италия қўшинлари) эса Волга томон юриш қилиш, Сталинградни босиб олиш ва совет фронтининг жанубий қисми ва марказ ўртасидаги алоқа йўлларини узиб қўйиб, шу билан уни қамал қилиш тўғрисида буйруқ олди (агар юриш муваффақиятли кечса, «Б гуруҳ» Волга бўйлаб Астрахан томон ҳужум қилиши керак эди).
Тўғридан-тўғри Сталинградни олиш вазифаси 4-ҳаво флоти ҳарбий операцияларни ҳаводан туриб қўллаб-қувватлаган, немис қўшинлари орасида (генерал-лейтенант Ф.Паулюс томонидан бошқарилган) энг яхши деб топилган 6-армия зиммасига юклатилди (Лубченков Ю.Н. 100 великих сражений Второй мировой. — М.: Вече, 2008. — ИСБН 978-5-9533-3382-5).
1942 йилнинг 17 июль санаси Сталинград жангининг биринчи куни ҳисобланади. 18—19 июль кунлари немисларнинг 62 ва 64-армияларининг бўлинмалари олдинги чизиқларга етиб борди. Беш кун давомида маҳаллий жанглар бўлиб ўтди, унда немис қўшинлари тўғридан-тўғри Сталинград фронтининг асосий мудофаа чизиғигача етиб борди.
Шундай қилиб икки ой давом этган шиддатли жанглар бошланди. 28 июль куни СССР Мудофаа ишлари комиссарининг 227-сонли буйруғи чиқди: «Орқага бир қадам ҳам ташламанг!» У қўшинларга буйруқсиз ортга чекинишни тақиқлади. Ушбу буйруққа биноан қўшимча рота ва батальонлар ташкил этила бошланди. Шу билан бирга, Совет қўмондонлиги Сталинград қўшинини барча мумкин бўлган воситалар билан кучайтирди: бир ҳафта ичида 11 жанговар ўқчи дивизияси, тўрт танк корпуси, саккиз алоҳида танк бригадаси ва қўшимча тарзда 31 июль куни генерал майор Коломийц бошчилигидаги 51-армия бу ерга юборилди.
Сталиннинг буйруғига биноан, шаҳардан фақат болалар эвакуация қилинди. Кўплаб эркаклар кўнгилли равишда фронтга кирди. Қолганлари фабрикаларда ишлади. 1942 йил 23 август куни шаҳар осмони тўсатдан қора парда билан қопланди. Биринчи портлаш билан Германия эскадрони шаҳарнинг катта қисмини вайрон қилди. Одамлар уйларини ташлаб, илгари қазилган хандақларда яширинишга мажбур бўлди. Портлаш 24—26 август кунлари ҳам давом этди. Сталинград деярли вайронага айланди.
Расмий маълумотларга кўра, Сталинград жанги икки миллион кишининг ҳаётига зомин бўлди. Жанг, тахминан, икки юз кун давом этди ва бир пайтлар гуллаб-яшнаган тинч шаҳарни бутунлай вайронага айлантирди. Ҳарбий ҳаракатлар бошланишидан олдин шаҳарда яшаган ярим миллион тинч аҳолидан уруш охирига келиб ўн мингга яқин одам қолди (Исаев А.V.Сталинград. За Волгой для нас земли нет. — М.: Эксмо, Яуза, 2008. — 448 с. — (Война и ми). — 10 000 экз. — ИСБН 978-5-699-26236-6).
Кейинги кунларда немисларнинг шаҳарни шимолдан тортиб олишга уринишлари Совет қўшинларининг қатъий қаршиликлари туфайли тўхтатилди, улар душманнинг ишчи кучи ва техник жиҳатдан устунлигига қарамай, бир қатор қарши ҳужумларни амалга оширди ва 28 августда ҳужумни тўхтатди. Эртаси куни Германия қўмондонлиги жануби-ғарбдан шаҳарга ҳужум қилди. Бу ерда ҳужум муваффақиятли амалга ошди: немис қўшинлари мудофаа чизиғини кесиб ўтиб, Совет гуруҳининг орқа томонидан ҳужумга ўтишга тайёргарлик кўра бошлади.
Муқаррар қуршовда қолишга йўл қўймаслик учун 2 сентябрь куни Эременко ўз қўшинларини ички мудофаа чизиғига юборди. 12 сентябрда Сталинград мудофааси расман 62 (шаҳарнинг шимолий ва марказий қисмида жойлашган) ва 64-қўшинларга (Сталинграднинг жанубий қисмида) топширилди. Энди жанг тўғридан-тўғри Сталинград учун кетаётган эди.
87-дивизия Сталинград жангида иштирок этган рус аскарларининг жасорати намунасидир. 33 кишидан иборат бўлган жангчилар Мали Россошки чўққисига чиқиб, ўз позицияларини ушлаб туришда давом этди. Уларни енгиш мақсадида немис қўмондони жангга 70 та танк ва бир батальон ташлади.
13 сентябрь куни 6-немис армияси янги зарбалар берди — энди қўшинларга шаҳарнинг марказий қисмига ўтиш вазифаси юклатилди. 14-куни кечқурун немислар темир йўл вокзалининг харобаларини эгаллаб олди ва Купоросное ҳудудидаги 62 ва 64-қўшинлар бирлашмасида Волга томон тушди. 26 сентябрга келиб, немис қўшинлари Волга орқали тўлиқ босиб олинган босиб олинган кўприк йўлларига кирди.
Жангнинг иккинчи даври бошида «Б гуруҳи»да 80 га яқин бўлинмалар мавжуд эди. Немис аскарлари томонидан икки гуруҳ 350 танк билан шаҳар марказига кириб борди. Сталинград жанги ўз ичига олган ушбу босқич энг даҳшатлиси эди.
27 сентябрдан 8 октябргача немис ҳарбийларининг тезкор ҳаракатларига қарамай, улар атиги 400-600 метр масофани босиб ўтди. Паулюс ушбу секторга қўшимча кучларни жалб қилиб, асосий йўналишдаги қўшинлари сонини 90 минг кишига кўпайтирди, қўшин 2-3 мингтагача қурол ва миномёт, 300 га яқин танк ва мингга яқин самолёт билан қувватланди (Зайцев Л.I., Рунов V. А. Горячий снег Сталинграда. — Москва: Яуза, Эксмо, 2013. — С. 5. — 68 с. — (Сталинград. К 70-летию переломного сражения Второй Мировой). — ИСБН 978-5-699-65637-0.).
14 октябрь куни эрталаб немис қўшинлари ҳал қилувчи ҳужумни бошлади. Олтинчи Германия армияси Волга яқинидаги совет кўприкларига қарши ҳал қилувчи ҳужумни бошлади. 15 октябрь куни немислар трактор заводини қўлга олиб, Волга томон ўтиб, заводнинг шимолида жанг қилаётган 62-армияни гуруҳларга бўлиб ташлади. Бироқ совет жангчилари қаршилик кўрсатишда давом этди.
Паулюс томонидан Волганинг ўнг қирғоғидаги қисмларни эгаллаб олиш учун сўнгги ҳал қилувчи уриниш 11 ноябрь куни амалга оширилди. Немислар Баррикадалар заводининг жанубий қисмини эгаллаб олишга ва Волга қирғоғининг 500 метрлик қисмини эгаллашга муваффақ бўлди. Шундан сўнг немис қўшинлари бутунлай ҳолдан тойди ва жанглар позицион босқичга ўтди.
19 ноябрь куни кучли артиллерия тўсиқларидан сўнг жануби-ғарбий ва Дон фронтлари қўшинлари, 20 ноябрда эса Сталинград фронти қўшинлари ҳужумга ўтди. 23 ноябрь куни эрталаб Сталинград фронти қўшинлари Калач-Донни эгаллаб олди, худди шу куни жануби-ғарбий фронтнинг 4-танк корпусининг қисмлари ва Сталинград фронтининг 4-механизациялашган корпуси «Совецкий» фермаси ҳудудида учрашди. Генерал Ф.Паулюс қўмондонлиги остидаги еттита корпус, 22 дивизия ва 284 минг кишидан иборат немис қўшинлари қуршовга олинди.
24 ноябрь куни Совет штаб-квартираси жануби-ғарбий, Дон ва Сталинград ҳарбий қисмларига немисларнинг Сталинград гуруҳини йўқ қилишни буюрди. Худди шу куни Паулюс Гитлерга Сталинграддан жануби-шарқий томонга қараб юришни таклиф қилиш билан мурожаат қилди. Аммо Гитлер олдинга ҳаракатланишни қатъиян тақиқлаб, қуршаб олинган гуруҳнинг қўйиб юборилишини кутиб, мудофаани давом эттиришни буюрди. Совет қўшинларининг қамал қилинган гуруҳларни тезда йўқ қилишга уринишлари муваффақиятсиз тугади, шу сабабли ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилди ва Бош штаб «Ринг» деб номланган янги операцияни ишлаб чиқди.
Операцияни амалга ошириш Дон фронти қўшинларига топширилди. 1943 йил 8 январда 6-армия қўмондони генерал Паулюсга ультиматум берилди: агар немис қўшинлари 9 январь соат 10:00 га қадар қуролсизланмаган бўлса, у ҳолда қуршовда бўлганларнинг ҳаммаси йўқ қилинади. Паулюс ультиматумга эътибор бермади. 10 январь куни Дон фронтидаги кучли артиллерия тўсиқларидан сўнг у ҳужумга ўтди, асосий зарба 65-армия томонидан берилди. Немислар заиф мудофаада турди. Режалар ўзгаргани муносабати билан 17 январь куни советларнинг ҳужуми тўхтатилди ва 22 январь куни мавжуд кучларни қайта йиғиш ва янгидан қўшин ташлашга тайёргарлик бошланди.
26 январь куни Мамаев қўрғони ҳудудида 62 ва 65-армия қўшинлари бир-бирларига қараб ҳаракат қилди. Немисларнинг Сталинград гуруҳлари икки қисмга бўлинган, улар операция режасига мувофиқ қисмларга бўлиб йўқ қилиниши керак эди. 31 январда жанубий гуруҳ ва Паулюс таслим бўлди. 2 февралда генерал Штрекер бошчилигидаги шимолий гуруҳ қуролсизлантирилди. Шу билан Сталинград жанги якунланди. 24 генерал, 2500 офицер, 91 мингдан ортиқ аскар асирга олинди, етти мингдан ортиқ қурол ва миномёт, 744 самолёт, 166 танк, 261 зирҳли транспорт воситаси, 80 мингдан ортиқ транспорт воситалари ва бошқалар қўлга киритилди.
Иккинчи жаҳон уруши тарихида Сталинград жангининг аҳамияти жуда катта. Бундай катта йўқотишларни бошдан кечирган фашистлар урушдаги устунликларини йўқотди. Бундан ташқари, Қизил Армиянинг муваффақияти Гитлерга қарши курашаётган бошқа давлатлар армияларини илҳомлантирди.
Гитлернинг ўзи Сталинград жангининг аҳамиятини ва унда немис армиясининг мағлубиятини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, 1943 йил 1 февралда Шарққа қилинган ҳужум энди ҳеч қандай маънога эга эмас эди. Ҳал этилиши лозим бўлган вазифалари, томонлар томонидан ҳарбий ҳаракатларнинг фазо ва вақт даражалари, шунингдек, натижаларни ҳисобга олган ҳолда, Сталинград жанги икки даврни ўз ичига олади: мудофаа — 1942 йил 17 июлдан 18 ноябргача; ҳужум — 1942 йил 19 ноябрдан 1943 йил 2 февралгача.
Сталинград учун курашда 700 мингга яқин немис ҳарбийи қурбон бўлди ва яраланди, немислар икки мингдан ортиқ қурол ва миномётларидан, мингдан ортиқ танк ва ҳужум қуролларидан, 1,4 мингдан ортиқ жанговар ва транспорт самолётларидан жудо бўлди. Шу билан бирга, совет қўшинлари ҳам катта йўқотишларга дуч келди — 644 минг киши ҳалок бўлди ва яраланди, 1400 га яқин танк, 12 мингдан ортиқ қурол ва миномётлар ва икки мингдан ортиқ самолётлар йўқотилди («Россия и СССР в войнах 20 века. Потери вооруженних сил. Статистическое исследованиэ», Г.Ф. Кривошеев).
Сталинград учун жангларга Иккинчи жаҳон урушининг туб бурилиш нуқтаси сифатида қаралади. Сабаби бу жангдан кейин немислар бирорта янги ҳудудни эгаллай олмади. Энди немислар учун уруш мудофаавий урушга айланди.
Дилбар Исматуллаева тайёрлади.
Изоҳ (0)