Бугун охирги совет Ой аппаратининг йўлдош сиртига қўндирилганига 44 йил тўлди. 1976 йилнинг худди шу санасида, яъни 18 август куни «Луна-24» ойкезари Ой сиртига юмшоқ қўнишни бажарган эди. «Дарё» сана муносабати билан «Луна-24»нинг Ойга амалга оширган парвози ҳақида маълумот беради.
Ой Ерга энг яқин осмон жисми сифатида нисбатан кўп ўрганилган объект ҳисобланади. Ой томон илк автомат космик станция парвози 1959 йилдаёқ амалга оширилган эди ва ўшанда Совет Иттифоқининг «Луна-2» аппарати тарихда илк бора табиий йўлдошимиз сиртига қўнишга муваффақ бўлганди. Ўша йилнинг октябрида «Луна-3» миссияси Ойнинг бизга кўринмайдиган, тескари тарафига ҳам ўтишга муваффақ бўлган ва цивилизация тарихида илк бора одамларга Ойнинг кўринмас томонининг суратларини олиб кўрсатган.
Кейинчалик «Ой пойгасида» америкаликлар ҳаммадан ўзиб кетди. Улар «Аполлон» дастури доирасида Ойга ҳатто одамларни қўндиришга ҳам муваффақ бўлди. Ой миссияларида бир неча бора Ойдан реголит, яъни Ой тупроғи ҳамда тошларидан намуналар келтирилди.
70-йилларга келиб эса Ойни ўрганишда янгича ускуналар – ойкезар (луноход) аппаратлардан фойдаланишга ўтилди. Хусусан, 1970 йил ноябрида СССРнинг энг биринчи «Луноход-1» ойкезари учирилди. Ушбу дастур доирасида ойкезарлар Ой сиртида ўзи мустақил равишда ҳаракатланиб, тупроқ ва тоғ жинслари намуналарини текширган ва Ерга қимматли астрономик маълумотларни юбориб турган. Улар ўртача 4–5 ой ишлаб берган.
Бироқ бошқа осмон жисмларидан кўра Ерга қанчалик яқин бўлмасин, барибир Ойга аппарат учириш ҳам жуда-жуда қимматга тушадиган серхаражат жараёндир. Шу туфайли ўша 70-йиллардан кейин Ойга одам учириш тугул ҳатто оддий жонсиз аппарат юбориш амалиёти ҳам деярли тўхтатилган. Масалан, советларнинг охирги Ой миссияси 1976 йилда расман ёпилган эди. Бугун ўша охирги совет Ой аппаратининг йўлдош сиртига қўндирилганига 44 йил тўлди. 1976 йилнинг худди шу санасида, яъни 18 август куни «Луна-24» ойкезари Ой сиртига юмшоқ қўнишни бажарган эди.
«Луна-24» Бойқўнғир космодромидан ўша йилнинг 9 августида стартга чиққан бўлиб, 11 август кунида у Ой юзасидан 115 километр баландликдаги барқарор орбитани эгаллаган. 18 август санасида эса аппарат Ойнинг жануби-шарқидаги Инқироз Денгизи ҳудудига муваффақиятли равишда оҳиста қўнишни амалга оширган. Ушбу ойкезарнинг асосий вазифаси Ой гурунти намунасини йиғиш ва Ерга келтиришдан иборат бўлган. У бурғулаш усули билан 160 см чуқурликдаги тупроқдан 170 грамм Ой тупроғини йиғиб, ўзига жойлаган.
Бундан аввал ҳам «Луна-16» ва «Луна-20» ойкезарлари табиий йўлдошимиз грунтидан намуналар келтирган бўлиб, «Луна-24» олган намуна Ой тупроқларидан олиниши режалаштирилган охирги проба бўлган. Белгиланган вазифа бажарилгач, 19 август куни «Луна-24» Ойдан Ерга томон қайтиш учун яна парвозга чиққан. 22 август кунида эса аппарат Тюмень вилоятидаги Сургут шаҳри ҳудудидан жануби-шарқ томондаги тахминан 200 километр масофадаги жойга муваффақиятли равишда келиб қўнган. Совет олимлари ушбу келтирилган Ой тупроғи намуналарининг бир қисми NASA’га топширган.
Юқорида ҳам айтганимиздек, «Луна-24» Совет Иттифоқининг охирги Ой миссияси сифатида тарихда қолди. Жуда муваффақиятли бажарилганига қарамай, 1970-йилларнинг ўрталарига келиб, СССР ҳам, АҚШ ҳам ўзининг Ой дастурларига барҳам берди. Чунки ушбу космик дастурларга сарфланадиган маблағнинг ўзи ҳам космик рақамларни тақозо этар эди. «Луна-24»дан кейинги Ой миссиялари яна 14 йил ўтгачгина бажарилган ва унда ҳам СССР ёки АҚШнинг йирик миқёсли Ой дастурлари эмас, балки Япониянинг космик амбицияларини эълон қилиши билан боғлиқ бўлган кичикроқ Хитен космик аппарати учирилган.
Японлар 1990 йилда учирган ўша «Хитен» аппарати ҳам Ой сиртига юмшоқ қўна олмаган, балки зарб билан урилиб, пачоқланиб кетган. АҚШ эса фақат 1994 йилга келиб Ойга қайтди ва ўшанда Клементина номли аппарат Ойни хариталаш билан шуғулланди. Ой сиртига «Луна-24»дан кейинги илк юмшоқ қўнишни эса фақат 2013 йилга келиб Хитойнинг «Юйту» номли аппарати уддалади.
Ҳозирда совет космик дастурларининг маълум маънодаги давомчиси ҳисобланадиган «Роскосмос» ташкилотида «Луна-24»нинг «укаси» «Луна-25» лойиҳаланмоқда ва у орқали Россия ўзининг илк Ой миссиясини амалга ошириши режа қилган. «Луна-24» парвози 2021 йилнинг ёз ойларига мўлжалланган.
Музаффар Қосимов тайёрлади.
Изоҳ (0)