Тошкент шаҳар ИИББ ижтимоий тармоқларда яланғоч ҳолда йўл юзида юриб кетаётган фуқаронинг видеоси юзасидан маълумот берди.

Кадр: Telegram

Маълум бўлишича, 10 август куни соат 16:30 ларда Тошкент шаҳар Чилонзор тумани Муқимий кўчасида Жиззах вилоятида доимий рўйхатда турувчи 22 ёшли фуқаро кўчада кийимсиз ҳаракатланган. ИИВ ходимлари бу ҳақда туманнинг 3-сонли Ички ишлар бўлимига хабар берган. Воқеа жойига ҳудудий профилактика инспекторлари ҳамда Патруль-пост хизмати ходимлари етиб келган.

Ҳолатга ойдинлик кириш асносида фуқаро спиртли ичимлик таъсирида бўлгани, ёқтирган қизи билан уришиб қолгани ва ўз ҳаракатларига жавоб бера олмасдан кийимларини ечиб кўчада юрганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан тегишли тартибда ҳужжатлар тўпланиб, фуқарога нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилиб, туман Маъмурий ишлар бўйича судига тақдим этилган.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг март ойида ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳри кўчаларида кийимсиз юрган эркакларнинг видеоси тарқалганди. Видеодаги эркаклар шахси аниқланиб, улар майда безорилик содир этганликда айбли деб топилган ва маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.