Американинг Массачусетс штатидаги Бостон шаҳрида 45 шифокордан иборат гуруҳ 52 ёшли аёлга иккинчи марта юз кўчириб ўтказди, деб хабар беради Associated Press.
Кармен Бландин Тарлтонни 2007 йилда собиқ турмуш ўртоғи рашк оқибатида бейсбол таёқчаси билан уриб, ишқор сепган. Эркак айбини тан олган ва суд қилинган. У уч йил олдин қамоқда вафот этган.
2014 йилда Тарлтон биринчи марта юз трансплантациясини ўтказди. Бир йил аввал собиқ ҳамширанинг юзи организмга мослаша олмагани ойдинлашди. Аёл овқатланишга қийналар, у кучли оғриқ қолдирувчи воситалар билан яшарди.
Шифокорлар беморга иккинчи марта юз трансплантациясини ўтказишга қарор қилди. Жарроҳлик амалиёти июль ойида бўлиб ўтди ва 20 соат давом этди.
Жарроҳлар биринчи трансплантатни олиб ташлади ва номаълум донордан янги юз кўчириб ўтказди. Шифокорларнинг айтишича, бир неча ой ичида 52 ёшли бемор юзининг сезги ва мотор функцияси тикланиши ва одатдаги турмуш тарзига қайтиши мумкин.
«Оғриқлар йўқолди. Бу ҳаётимдаги янги бўлим. Буни деярли бир йил кутдим. Жуда бахтлиман», — дейди Кармен Бландин Тарлтон.
Изоҳ (0)