Airbus Helicopters компаниясига тегишли VSR700 учувчисиз бошқариладиган вертолёти ўзининг биринчи парвозини амалга оширди. Бу ҳақда компания расмий сайтида хабар берилганди.

Фото: Airbus

Airbus Helicopters бош директори Брюно Эвеннинг сўзларига кўра, VSR700’нинг илк автоном парвози Франциядаги тест маркази ҳудудида 10 дақиқага яқин давом этган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, мазкур парвоз 2021 йилнинг охирларида денгизда ўтказилиши режалаштирилган синовлар йўлида «муҳим қадам» ҳисобланади.

VSR700 узунлиги 6,2 метрга тенг. У ҳавода 6 километргача баландликда узлуксиз бир неча соат учиши мумкин. Учувчисиз бошқариладиган вертолёт тезлиги соатига 80 километрни ташкил этади.

VSR700 ҳарбий вертолётлар ҳамда Ҳарбий-денгиз кучлари кемаларига денгиздаги операцияларда ёрдам бериш мақсадида яратилмоқда.

Май охирларида АҚШ ҳарбий денгиз кучлари учувчисиз бошқариладиган самолётларга қарши лазер қуролини синовдан ўтказгани тўғрисида хабар берилганди.