Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирус асоратларидан вафот этган икки эркак ҳақида хабар берди.

Биринчи бемор Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида яшаган 67 ёшли Қ.Н. исмли эркак бўлиб, унда 20 июль COVID-19 тасдиқланган ва нафас етишмовчилиги белгилари кучайиб, Зангиота туманидаги ихтисослаштирилган кўп тармоқли юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

Беморга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилиги асоратлари билан кечган.

Бундан ташқари, бемор юрак ишемик касаллиги, зўриқиш стенокардияси, гипертония, артериал гипертензия каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган. Бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Иккинчи бемор Тошкент шаҳри Учтепа туманида яшаган 64 ёшли А.Т. исмли эркак бўлиб, унда 25 июль куни COVID-19 тасдиқланган ва Зангиота ихтисослаштирилган кўп тармоқли юқумли касалликлар шифохонасига кун давомида тана ҳарорати кўтарилиб нафас етишмовчилиги кучайганлиги сабабли ётқизилган.

Беморга COVID-19 инфекцияси ўта оғир кечиши ва икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик нафас етишмовчилигининг 3-даражаси ҳамда ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги асоратлари билан кечган.

Беморда юрак ишемик касаллиги, стабил зўриқиш стенокардияси, гипертония, артериал гипертензиянинг 3-даражаси ва семизликнинг ҳам 3-даражаси каби ҳамроҳ касалликлар ҳам бўлган. Бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳисоби бўйича коронавирус асоратларидан вафот этганлар сони 147 нафарга, «Дарё» ҳисоб-китоби бўйича эса 155 нафарга етди.