Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Бухоро вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси коронавирус билан оғриган беморларга ёрдам бериш мақсадида Dynmed компаниясининг ҳар бири 12 миллион сўм турувчи 50 дона тиббиёт концентраторини сотиб олгани ҳақида хабар берилганди. «Gazeta.uz» ушбу тиббиёт ускунасининг асл нархи қанча экани ва уни етказиб берувчи тадбиркорлик субъекти ҳақидаги маълумотларни тақдим этди.

Фото: Бухоро вилоят ҳокимлиги махсус штаби

2020 йил 20 июль куни Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига қарши кураш борасида олиб борилаётган ишларнинг чуқур танқидий таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилишида концентраторларни Ўзбекистонга олиб келиш учун махсус самолёт ажратиш ҳақида кўрсатма берган. Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Ўзбекистонга дори воситалари ва тиббий буюмларни, жумладан, кислород концентраторларини импорт қилиш жараёни соддалаштирилган.

Бухоро вилояти ҳокимлиги маълумотига кўра, ҳар бир кислород концентратори 12 миллион сўмга (1175 АҚШ доллари) сотиб олинган. Бухоро вилояти махсус штаби тақдим этган фотосуратларда аппаратда Хитойнинг Куншан Dynmed Medical Technology компанияси логотипи борлигини кўриш мумкин.

Telegram’даги «Bakiroo» канали юритувчиси Отабек Бакиров Dynmed компаниясининг кислород концентраторлари Alibaba’да 320 доллардан таклиф этилаётганини, агар 100 тадан ортиқ олинса, 220 доллардан сотилаётганини ёзиб қолдирди. Шунингдек, «Troll.uz» каналида ҳам 50 дона концентратор орасидаги фарқ 436 миллион сўм экани танқид қилинган.

23 июлда Бухоро ҳокими ўринбосари Мирали Ҳамроев мазкур ҳолатни изоҳлар экан, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан олиб борилаётган ишларга асоссиз хулоса берилаётганини қоралашини билдириб, блогер айтаётган нархда кислород концентратори бор бўлса, харид қилишга тайёрлигини айтган.

«Gazeta.uz» суриштирувида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси кислород концентраторини тўғридан-тўғри бюджет харидлари (давлат харидлари портали) орқали сотиб олгани маълум бўлган. Vigour Export компанияси билан 22 июль куни олди-сотди шартномаси тузилган. Келишув қиймати 505,8 миллион сўмни (бир дона концентратор учун 10,1 миллион сўм) ташкил қилади.

Фото: «Gazeta.uz»

Vigour Export вакили «Gazeta.uz» мухбири билан суҳбатда концентраторлар Ўзбекистонга олиб келинмагани ва 15 иш куни давомида етказиб берилишини билдирган. Шунингдек, суратлардаги кислород концентраторлари у ишлайдиган компания томонидан етказиб берилмаганини таъкидлаган.

Фото: Бухоро вилоят ҳокимлиги махсус штаби

«Бизнинг техника кучлироқ ва энг янги модель. Фотосуратдаги аппаратни биз етказиб бермаганмиз… Бизнинг ва ўша аппаратнинг ўртасида ер билан осмончалик фарқ бор. Бизнинг концентраторлар кўп функцияли», — дея аппарат ҳақидаги маълумотларни беришни ваъда қилган у (бироқ «Gazeta.uz» эълон қилган мақолада бу борадаги ахборот етиб келмагани қайд этилган).

Vigour Export таъсисчиси Анвар Ҳамроев (66,7 фоиз) ва 100 фоизлик улуши шу шахсга тегишли бўлган Husen Susana Expidition компанияси экани аниқланган

Vigour Export таъсисчиси Анвар Ҳамроев (66,7 фоиз) ва 100 фоизлик улуши шу шахсга тегишли бўлган Husen Susana Expidition компанияси экани аниқланган
Фото: «Gazeta.uz»

Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат регистрига кўра, Vigour Export 2020 йил 21 майда давлат рўйхатидан ўтган ва унинг устав капитали 300 миллион сўмни ташкил қилади. Компаниянинг асосий фаолият тури — паррандачилик. Компания вакилининг айтишича уставда паррандачиликдан ташқари яна 92 та фаолият тури юритилиши ҳақида ёзиб қўйилган ва улар орасида экспорт-импорт операциялари ҳам мавжуд.

«Gazeta.uz»нинг ёзишича, нашр мухбири Бухоро вилояти ҳокимлиги ва соғлиқни сақлаш бошқармаси вакиллари билан гаплашиб, шартнома ҳамда концентраторлар ҳақида маълумот олишга уринган, аммо улар томонидан тайинли жавоб берилмаган. Бошқармадагилар кислород концентраторларига масъул ходим билан боғлашни ваъда қилган, аммо кейин қўнғироқларга жавоб бермаган.

Изоҳ
Асосий янгиликлар