Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Қашқадарёлик блогер Капитан Каримов вилоят ҳокими матбуот котиби Аҳрор Содиқов, Қарши тумани ҳокими Мақсуда Мустафоева ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Дониёр Турсунов бошчилигида ҳокимликларнинг бир нечта ишчи ходимлари коронавирусда гумонланиб карантинга олинганини хабар қилди.

Фото: Капитан Каримов

Блогернинг аниқлик киритишича, масъуллар бугун, 23 июль куни эрталаб карантинга олинган.

Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати эса мазкур хабарни рад этди.

«Аслида ҳолат ундай эмас, деб ёзади вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати . — Ходимлар саломатлигини сақлаш мақсадида карантин ҳудудларига борган масъуллардан доимий тест олинади. Блогер каналида келтирилган масъуллар ҳам карантин ҳудудидан қайтгач, хусусий клиника бориб тест топширган, холос».

Ҳокимлик ахборот хизматининг қўшимча қилишича, вилоят ҳокими Зоир Мирзаев эртага, 24 июль куни ушбу вазият ва воҳада коронавирус билан боғлиқ масалаларга доир ахборот бериш мақсадида журналистлар ва блогерлар иштирокида брифинг ўтказади.

«Дарё» мухбири Капитан Каримов номи билан канал юритувчи блогер Умид Каримов билан мазкур масала юзасидан мулоқот қилди.

Блогер Умид Каримов

Блогер Умид Каримов
Фото: Telegram

«Қўлимга тушган хатда вилоят ҳокими матбуот котиби Аҳрор Содиқов билан бирга бир нафар котибият мудири ва етакчи мутахассис коронавирусда гумонланиб, 23 июль куни тонгда карантинга олингани ёзилганди. Шунингдек, Қарши тумани ҳокими Мақсуда Мустафоева, Шаҳрисабз шаҳар ва Миришкор туман ҳокимликларининг бир нечта ишчилари ҳам касалликда гумонлангани ҳамда Аҳрор Содиқов билан бирга GTL заводига борган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Дониёр Турсунов ҳам гумонланувчи сифатида яккалангани хабар қилинганди. Мазкур маълумотни аниқлаштириш мақсадида Аҳрор Содиқовга бир неча маротаба қўнғироқ қилдим. Аммо жавоб бермади. Демакки, маълумот тўғри деган хулосага келдим», — дейди Умид Каримов.

Умид Каримовнинг айтишича, мазкур маълумотни Telegram каналида эълон қилганидан кейин ҳам Аҳрор Содиқов у билан боғланиб, маълумотнинг нотўғрилигига эътироз билдирмаган.

«Дарё»мухбири билан телефон орқали мулоқот қилган Аҳрор Содиқов Капитан Каримов тарқатган маълумот хато эканлигини ва айни кунда фаолиятида давом этаётганини билдирди. Шунингдек, ортиқча гумонларга чек қўйиш мақсадида ишда эканлигини кўрсатувчи ва айни пайтда соғлиғида муаммо йўқлигини исботловчи видео ҳам тақдим этди.

«Дарё» мухбири Қарши туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Али Эргашев билан ҳам боғланиб, туман ҳокими ҳақидаги гапнинг рост ёки ёлғонлиги билан қизиқди.

«Бугун эрталаб ҳоким билан кўришдим. Ҳоким айнан бугун, 23 июль куни аҳоли билан ҳам кўришди, муаммолари ҳақида гаплашди», — деди Али Эргашев.

Қарши туман ҳокимлиги расмий каналида бугун, 23 июль куни берилган маълумотда кўра, ҳоким Мақсуда Мустафоева ҳақиқатан ҳам Call-марказидан қайтиб, фуқаролар мурожаатини тинглаган.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Дониёр Турсуновнинг карантинга олингани ҳақидаги маълумотга аниқлик киритиш мақсадида бошқарма ахборот хизмати раҳбари Нуриддин Эгамов билан боғланишга уриндик. Бироқ Эгамов телефон қўнғироқларига жавоб бермади.

Эслатиб ўтамиз, ҳоким ва ҳокимлик масъулларининг коронавирусга чалингани сир сақланиши бир неча бор ўз исботини топди. Жумладан, Сурхондарё ҳокими Тўра Боболовнинг коронавирусга чалингани ва Тошкент шаҳрида даволанишдалиги ҳақидаги маълумот ҳам бир неча кундан сўнг тан олинганди. Шунингдек, Музработ туманида коронавирусдан вафот этган 35 ёшли фуқаронинг ҳокимликда ишлаши ҳам кейинчалик маълум бўлганди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар