Ўзбекистонда 2020/2021-ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг бакалавриатига абитуриентларни рўйхатдан ўтказишда 13 ёшдан 95 ёшгача бўлган абитуриентлар қайд этилди, деб хабар беради ЎзА.

Фото: «Дарё»

Маълум қилинишича, бу йил Ўзбекистон бўйича 91 та олий таълим муассасасида ўқиш учун 1 миллион 484 минг 85 нафар абитуриент ҳужжат топширган (2019 йилда 1 миллион 66 минг 926 абитуриент). Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 417 минг 159 нафарга ёки 39,1 фоизга кўп.

Олий таълим муассасаларига ўқишга ҳужжат топширганларнинг 536 минг 144 нафари 2019/2020-ўқув йили битирувчилари ҳисобланади. Танлов кўрсаткичи ўртача бир ўринга 10,57 абитуриент иштирокига тўғри келмоқда.

Таъкидланишича, рўйхатдан ўтганлар орасида энг ёш абитуриент — 13 ёш, энг ёши катта талабгор — 95 ёшда.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилда Ўзбекистонда абитуриентларнинг энг ёши 14, энг каттаси 87 ёшда эди. Ўтган йили ўқишга кира олмаган Сурхондарё вилояти Ангор туманида яшовчи Маматқул ота Бердиалиев (ҳозирда 88 ёшда) 2020 йилда яна талаба бўлиш орзуси билан Тошкент давлат аграр университети Термиз филиалига ҳужжат топширган.